Ҳиндистон: мусулмон оиланинг 8 яшар қизи ваҳший жиноятнинг қурбони бўлди

09:00 15.04.2018 2226

Ҳиндистонда 8 яшар қизни жинсий зўрлашда гумон қилинган 8 нафар ҳинд ҳибсга олинганидан сўнг ҳиндлар норозилик намойиши ўтказди. Бу ҳақда ВВС хабар бермоқда. 

Тажовузга учраган ва ўлдирилган Асифа Бано мусулмон оиланинг фарзанди эди. Унинг жасади 17 январь куни Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги Катуа шаҳри яқинидаги ўрмонда топилди. Жиноятда гумонланиб қўлга олинганлар орасида собиқ вазир ва тўрт нафар полициячи ҳам бор. Уларнинг бари – ҳинд. 

Ҳибсга олишдан мақсад диний нифоқ қўзғаш эканини даъво қилган ҳиндлар Жамму шаҳрида норозилик намойиши ўтказди. Намойишда миллатчи BJP партиясига аъзо икки вазир ҳам қатнашди.   

Терговни олиб бораётган масъулларнинг фикрича, Асифа Банонинг ўлдирилишидан мақсад мусулмонларни қўрқитиш ва ҳудуддан узоқлаштириш бўлган. 

Асифа Бано билан боғлиқ ҳодиса Ҳиндистонда охирги пайтда ортган жинсий тажовузлар мавзусини яна кун тартибига олиб чиқди. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!