Таҳлил

Ҳиндистонда нималар бўляпти?

2169

Сўнгги вақтларда Ҳиндистонда мусулмонларга нисбатан турли зўравонлик ва қатлиомлар аянчли тус оляпти. Юзлаб кишилар жабр кўриб, мамлакатда нотинч ва беқарор вазият  юзага келмоқда. Бундай ҳолатларнинг юзага келиши битта маиший воқеа ортидан бўлмай, афсуски, ҳукуматдаги гуруҳлар ва шахсларнинг сиёсий-диний қарашлари, узоқ йиллар давомида жамиятда аҳолининг табақаланиши, синфлашуви ҳамда мусулмонларнинг ўзини бир бурчакка тиқиб қўйиб, ижтимоийлашуви ўта секин суръатларда кечаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Хусусан, ўтган йилнинг декабрь ойида Ҳиндистон парламенти 64 йил давомида ўзгартирилмаган  фуқаролик тўғрисидаги қонунга иккита ўзгартириш киритди. Биринчиси олтита диний жамоаларнинг (индуист, сикх, буддист, жайн, парс, христиан) мигрантларига Покистон, Афғонистон, Бангладешдан келганини исботлай олса (ноқонуний келган тақдирда ҳам), Ҳиндистонда 6 йил яшаган бўлса, ҳинд фуқаролигини олиш бўйича мурожаат этиш ҳуқуқини беради. Бошқа диний жамоаларнинг вакиллари Ҳиндистонга ноқонуний тарзда кирган бўлса, фуқароликка ҳеч қандай даъво қилиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар. Қонуний тарзда келганлар эса фақат 11 йилдан кейин мазкур ҳуқуққа эришадилар.

Иккинчи ўзгартиришга мувофиқ,  Ҳиндистоннинг хорижий фуқаролари картасига (Overseas Citizen of India), яъни доимий яшаш ҳуқуқига эга кишилар майда ҳуқуқбузарлик сабаб ҳам ундан маҳрум бўлишлари мумкин. Бундай қоида аввал бўлмаган.

Мазкур ўзгартиришларни Бош вазир Нарендра Моди раислигидаги “Бхаратия Жаната” партияси 2016 йилдан бери лобби қиларди. Мусулмонлар томонидан қаршилик билдириб, намойишлар ўтказилган бўлса-да, ўзгартиришлар қонунга киритилди. Ҳукумат мазкур қарорини давлатга ноқонуний йўл билан кирганлар ўртасидаги криминоген вазиятни юмшатиш билан изоҳлади. 

Қонун кучга кириши биланоқ, асосан, айнан мусулмонлардан оммавий равишда мамлакатда қонуний яшашига оид ҳужжатларни талаб қила бошланиши оқибатида намойишлар бошланди ва ўз навбатида куч ишлатилиши, погромларга сабаб бўлди.

Мусулмонлар ҳозирда Ҳиндистонда тахминан 165 миллион нафарни ташкил этади. Бу умумий аҳолининг 13-14% ташкил этади. Конституцияга мувофиқ барча фуқаролар тенг бўлса-да, ҳинд жамиятида асрлар давомида шаклланган анъаналар, одатлар, касталар, варна-ю жатилар ҳали ҳануз катта аҳамият касб этади. 

Тарихга назар солсак, ўрта асрларда Бобурийлар сулоласи Ҳиндистонни эгаллаганида айнан ана шу жамиятдаги тенгсизлик сабаб, исломда эса барча тенглиги принципи туфайли ҳам аҳолининг муайян қисми нажот истаб, мусулмонликни қабул қилган. Бироқ айрим жамоаларда диний қадриятлардан кўра, ҳинд жамиятига хос табақаланиш анъаналари ҳам, одатлари ҳам сақланиб қолгани туфайли соф исломий қоидалар бузулиб кетган.

Англиялик мустамлакачилар бутунлай Ҳиндистонни эгаллаб, охирги Бобурий Баҳодир шоҳнинг мағлубиятидан сўнг мусулмонларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни сўниб борди. Айрим мусулмонлар фарзандларини мадрасаларда ўқитаётган вақтда, индуистлар замонавий давлат мактаб ва университетларида ўқитишни бошлади. Ундан ташқари Покистон давлатининг тузилиши натижасида мусулмон зиёли қатламининг кўпгина қисми у ерга кўчиб ўтди. Билим савияси паст ва руҳий жиҳатдан “синган” мусулмонлар геттолар ташкил этиб, ўша ерларда яшай бошладилар.

Сўнгги йилларда миллатчилик ғояларини илгари сурувчи хундутва гуруҳларининг таъсири кучайиши, ҳокимиятга ҳам миллатчилик руҳидаги сиёсий партиянинг келиши ортидан Ҳиндистоннинг турли штатларида мусулмонларни мажбурий геттоларга кўчириб ўтиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бир тарафдан геттоларда улар ўзларини хавфсиз ҳис этсалар, погромлар ва зўравонликка кўпчилик бўлиб қарши чиқишга умид боғласалар, бошқа тарафдан геттоларда яшовчи мусулмон қатлам ўзини-ўзи ҳар тарафдан чеклаб, жамиятга кўшилиб кетмай, замондан ортда қолувчи қолоқ жамоа бўлиб, Ҳиндистон иқтисодиётига ҳам жуда паст даражада ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Умуман олганда, Ҳиндистон расман дунёвий давлат бўлгани билан, жамиятда илдиз отиб кетган салбий анъанавий қарашлар ва миллатчилик ғоялари мамлакатнинг жаҳондаги обрўйига ҳам, унинг барқарор ва тинч ривожланиб кетишига ҳам соя солаётган омиллар саналади ва улар яқин келажакда ижобий томонга ўзгаришидан дарак йўқ.

Мумтозбегим Закийя
Шарқ ва Ғарб каналидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳиндистондаги қатлиом

1766 09:00 08.04.2020

Ҳиндистон: Моди партияси мусулмонларни “вирус тарқатганлик”да айбламоқда

1407 23:00 01.04.2020

Ҳиндистонда автобуснинг ўрнига одамлар дезинфекция қилинди

503 14:30 01.04.2020

Яқинлари юз ўгирган ҳиндга мусулмон қўшнилари ҳурмат кўрсатди

1367 18:00 31.03.2020

Коронавирус Тож Маҳалга ҳам таъсир қилди

772 23:30 17.03.2020

Коронавирусда гумон қилинган одам безорилар томонидан калтакланди

1333 07:30 17.03.2020
« Орқага