Таҳлил

Хитой АҚШни осмондан ерга тушириб қўймоқчи

3309

ХХР Америкадан мамлакат ички ишларига бурнини суқмасликни талаб қилиб чиқди. Кўринишидан, Ғарбнинг тўхтовсиз танқидлари ва айбловлари Чин ўлкасининг темир асабларини бузган. Америкаликларнинг Тайванга алоҳида эътибор қаратиши бу борада авж нуқтага айланди, дейишмоқда экспертлар ҳам.

Гап шундаки, АҚШ давлат котиби Тайвань президенти Цай Ин-вэнга инаугурацияси муносабати билан табрик мактуби йўллади. Бу эса ХХР раҳбариятига умуман ёқмагани аниқ. Ўзига тегишли “огород“га ўзи қўйган қоровулни бошқалар кўтар-кўтар қилса, кимга ҳам ёқади дейсиз. Айнан шунинг учун расмий Пекин Америка дипломатиясининг ушбу қадамини “ўта нотўғри ва ҳатто хавфли“ деб атади.

Зеро, расмий Пекин Тайванни ўзининг ҳудуди деб билади ва Қўшма Штатларнинг оролдаги айирмачи режим учун хавфсизлик кафолати бўлишга қаратилган ҳар қандай уринишини рад этиб келади.

Шунинг учун ҳам “АҚШнинг қадами Хитойнинг ички ишларига аралашиш ҳисобланади ва Тайвань бўғозидаги тинчлик ҳамда барқарорликка жиддий путур етказади“, — дейилади Хитой ТИВ баёнотида.

Буни қарангки, Помпео ўз хатида Цай Ин-вэнни дипломатик томондан кўкларга кўтариб, уни “Тайвандаги шиддатли демократияга раҳбарлик қилишдаги мардлиги ва узоқни кўра билиши билан“ табриклаган.

Хитой эса мана шундай “беозор откритка“га жавоб бериш учун ҳатто мудофаа вазирлигини оёққа турғазди. Ушбу вазирлик Хитой халқ озодлиги армияси “ташқи аралашувнинг исталган шакли ва айирмачи кучларнинг тил бириктиришига қарши курашишда ирода, ишонч ва лаёқат“га эга эканлигини маълум қилиб, шу бўйича кимларнидир жиддий огоҳлантиргандек бўлди.

Бир сўз билан айтганда, расмий Пекин Тайвань оролини Америкага бермоқчи эмас ва бу йўлда энг фавқулодда чораларни ҳам кўришга тайёр эканлигини яна бир бор кўрсатиб қўйгандек.

Буни ХХР мудофаа вазирлигининг мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилиш учун барча нарсага тайёр эканлигини қатъий таъкидлагани ҳам исботлайди.

Қисқача маълумот: Тайвань Хитой провинцияси бўлса-да, уни 1949 йилдан буён ўз админстрацияси бошқариб келади. Бироқ ХХРнинг расмий позициясига кўра, у Хитой ҳудудидир. Ушбу ёндашувни дунёдаги кўплаб давлатлар қатори Россия ҳам қўллаб-қувватлаб келади. Бугунги кунда Пекин томонидан тинч йўл билан бирлашиш мақсадида таклиф этиб келаётган “бир давлат – иккита тизим“ сиёсий тартибга солиш моделини эса Тайбей рад этиб келмоқда. 

Айтганча, айнан шундай модель Гонконг ва Макаода амалда бўлиб, улар шу асосда юксалиб боряпти.

P/S: “Бир давлат — иккита тизим“ — бу Хитой юрисдикциясидан алоҳида маъмурий мақом ҳамда кенг даражадаги автономияга эга бўлиш деганидир.

Манба: Platforma.uz

Хитой Америкага қарши урушга тайёрланмоқда

Хитойликлар Шарқий Туркистондаги масжидда ресторан очди

УЛАШИНГ:

« Орқага