Хитой раҳбари Си Цзиньпин мамлакатдаги диний эътиқодларни “хитойлаштириш” ва улардан ижтимоий бирдамликка эришиш учун самарали фойдаланишга чақирди.
Пекинда бўлиб ўтган Дин ишлари бўйича ишчи конференцияда сўзга чиққан Си Цзиньпин мамлакатдаги диний эътиқодларни хитойлаштириш ва социалистик жамиятга мослаштириш учун самарали бошқариш зарурлигини таъкидлади.
“Хитойлаштириш” тушунчасини “ватанпарварликни тарғиб қилувчи ҳамда Хитой миллати ва маданиятига мансубликни мустаҳкамловчи диний доиралар” деб таърифлар экан, давлат раҳбари эътиқодлар мамлакатни бошқараётган Коммунистик партияга ва Хитой социализмига содиқликни кучайтириши кераклигини айтди.
Си Цзиньпин партия кадрларига мамлакат бошқарувида диний эътиқодларнинг аҳамиятини тушуниб олишни маслаҳат берди ва шундай деди: “Биз Хитой хусусиятларига эга социалистик диний назарияларни қўллаб-қувватлашимиз ва ривожлантиришимиз керак. Биз катта диний оммалар партия ва ҳукумат атрофида бирлашишини талаб қилишимиз ҳамда динни хитойлаштиришга мувофиқ таъсирли ва самарали диний муносабатларни ўрнатишимиз зарур”.
Хитой раҳбари динни хитойлаштиришни инсонларнинг эътиқодларига ҳурмат кўрсатган ва уларни ҳимоя қилган ҳолда давом эттиришга ҳамда дин ишларини тартибга солишни яхшилашга ваъда берди.