Хитой марказидаги Гуанчжоу провинциясида аҳоли коронавирус чекловларига қарши намойишга чиқди.
Тармоқда тарқалган видеоларга кўра, одамлар тўсиқларни бузиб ташлаган. Бу айниқса, Хайчжу туманида яққол кўринган. Бу ҳудуд 5 ноябрдан буён қатъий карантинга олинган.
Тасвирлардан бирида соғлиқни сақлаш идораси ходимлари воқеаларни четда кузатиб тургани акс этган.
Намойишларда қанча одам қатнашгани ва у қанча вақт давом этгани маълум эмас. Тасвирлар Хитой интернет тармоқларидан тезда ўчириб ташланган.
Норозилик акциялари жамиятнинг барча жабҳалари қаттиқ назорат қилинадиган Хитойда ўта камёб ҳодиса ҳисобланади. юқоридаги ҳолатлар ҳукуматнинг коронавирусга қарши сиёсатига нисбатан тўпланган норозилик кайфиятига мисол бўла олади.