Хитойда масжидга борувчи кузатувдаги миллионлаб одамларнинг маълумотлари чиқиб кетди

23:30 18.02.2019 3517

Хитойда одамларни кузатишга ихтисослашган фирма асосан уйғурлар яшовчи Шинжонда 2,5 миллиондан ортиқ одамни таъқиб қилган. Уларнинг шахсий маълумотлари ва борган манзиллари ойлар давомида жамоатчилик учун очиқ бўлган. Бу ҳақда BBC Ўзбек хизмати Reuters агентлигига асосланиб хабар бермоқда.

GDI.Foundation нодавлат ташкилоти асосчиларидан голландиялик эксперт Виктор Геверс юзларни таниш технологияси эга Хитойнинг SenseNets Technology ширкатидаги маълумотлар ҳимояланмагани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзиб келган.

Одамларнинг исм-шарифи, шахсини тасдиқловчи ҳужжат рақамлари, туғилган санаси ва манзил маълумотлари Шинжонда жойлашган ширкат томонидан ойлар давомида ҳимоясиз қолдирилган.

Сиздирилган маълумотларда одамларнинг 24 соат ичида борган ва тўпланган тахминан 6,7 миллион манзил жойлари кўрсатилган. Уларга “масжид“, “меҳмонхона“, “интернет кафе“ дея изоҳлар ёзилган.

Бундан ташқари кузатувчи ширкатнинг камералари ўрнатилган бошқа жойлардан ҳам таъқиб остидагиларнинг манзил маълумотларини топиш мумкин.

“Бу маълумотлар базаси буткул очиқ ва исталган одамда уни таҳрирлаш, ўзгартириш ҳуқуқлари бор. Сиз маълумотлар базасига бориб, истаган нарсангизни ёзишингиз, ўқишингиз, янгилашингиз ва ўчиришингиз мумкин“, дейди Геверс.

Хитой ҳукумати Шинжондаги мусулмонлардан иборат уйғур, қозоқ, қирғиз каби этник озчиликларни оммавий ҳибсхоналарда ушлаши ва кузатиши ортидан халқаро жамоатчиликнинг қаршилигига учраб келмоқда.

SenseNets сайтида ёзилишича, ширкат Хитойдаги бир неча шаҳарда полиция билан ҳамкорликда ишлайди. Унинг бош компанияси NetPosa Technologiesʼнинг Хитойдаги йирик шаҳарларда офислари бор, шу жумладан Шинжонда ҳам.

SenseNets, NetPosa ва Шинжон ҳукумати якшанба куни Reuters агентлигига изоҳ бермаган.

Хитой ҳукумати сўнгги йилларда Шинжондаги мусулмонларни кузатишни кучайтирган. Ташқи кузатув камералари кўпайган ва смартфонларни монитор қилиш технологияси кенгайтирилган.

Виктор Геверс унинг фонди SenseNetsʼга маълумотлар ҳимоясиз ва барча учун очиқ эканлиги ҳақида тўғридан тўғри хабар берган.

Унинг айтишича, SenseNets жавоб бермаган, бироқ маълумотлар базасини ҳимоялаш учун қадамлар ташланганига гувоҳ бўлган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!