Хитойда уйғурлар ва бошқа мусулмонлар сақланадиган лагерлар ҳақидаги маълумотлар оммага ошкор бўлишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинган.
“Евроньюс” хабарига кўра, Шарқий Туркистон (Шинжон) пойтахти Урумчида Хитой коммунистик партияси раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда лагерлар ҳақидаги ёзма маълумотлар йўқ қилиниши кераклиги уқтирилган.
Яқинда New York Times нашри бундай лагерлар ҳақидаги махфий ҳужжатларни эълон қилган эди. Уларда уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга нисбатан кескин чоралар кўриш бўйича кўрсатмалар ўрин олган.
Энди маълумотлар матбуотга сизишининг олдини олиш мақсадида ёзма ҳужжатларни ёқишга қарор қилинган. Бундан ташқари, махфий маълумотлар марказга етказилиши қаттиқроқ назорат қилинади, лагерлар ҳақидаги маълумотлар базаси эса интернетга уланмайдиган компьютерларда сақланади.