Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Хитойнинг собиқ раҳбари вафот этди

1017

Тяньаньмен майдонидаги намойишларни қонли бостиришдан сўнг ҳокимият тепасига келган собиқ Хитой раҳбари Цзян Цзэминь 96 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда давлат матбуоти.

Синьхуа ахборот агентлигининг хабар беришича, у чоршанба куни тушдан кейин вафот этган.

Цзян Цзэминь 1989-2002 йилларда Хитой Коммунистик партияси Бош котиби, 1993-2003 йилларда Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимларида ишлаган. У 1989 йил июнь ойида Тяньаньмен майдонидаги намойиш шафқатсиз бостирилганидан сўнг дунёнинг энг кўп аҳолиси бўлган давлатни бошқарди.

Ўша пайтда Хитой моҳиятан партия давлати эди. Ҳокимият Цзян Цзэминнинг вориси Ху Цзиньтаога ўтиши билан Хитой иқтисодий ўсиш бўйича жаҳон етакчисига айланди.

Демократия учун ҳаракат билан шуғулланган Хитой Сиёсий бюроси ҳам ўз сафларида либераллаштириш тарафдорларидан халос бўлди.

Ўша пайтда мамлакатдаги энг юқори ҳокимиятга эга бўлган Дэн Сяопинга содиқ ва айни пайтда қонли воқеалар билан бевосита боғлиқ бўлмаган ҳимоячи керак эди.

Танлов Шанхайдаги партия ташкилотини бошқарган ва зўравонликсиз шаҳар устидан назоратни сақлаб қолишга муваффақ бўлган Цзян Цзэминга тушди.

Икки фракция

Хитойшуносларнинг фикрига кўра, Хитойнинг ички сиёсати асосан "Пекин" ва "Шанхай" гуруҳлари ўртасидаги сўзсиз рақобат билан белгиланади.

Шанхайда Мао Цзэдуннинг фаолияти – “маданий инқилоб” бошланди. Шанхайлик муҳожирлардан ташкил топган “тўртлик тўда” мағлубиятга учрагач, ХХРнинг иккинчи шаҳри сиёсий жиҳатдан ҳам иккинчи ўринда қолди. Цзян Цзэминнинг юксалиши қисман қасос сифатида қаралди.

Ёш сиёсатчи

ХХРнинг бўлажак раҳбари 1926 йил 17 августда Янчжоу шаҳрида зиёли оилада туғилган. Унинг бобоси анъанавий хитой табобати бўйича мутахассис бўлиб, расм ва хаттотликни яхши кўрар эди. Отаси шеърлар ёзган, 28 ёшида Японияга қарши уруш пайтида вафот этган.

Цзян Цзэминь талаба пайти – 1946 йилда яширин Коммунистик партияга қўшилган. Шанхай транспорт ва коммуникация университетини электротехник мутахассислиги бўйича тамомлаган. 30 йил давомида у оддий муҳандисдан Электрон саноат вазири даражасига етди.

1955 йилда у Москва “ЗИС” автомобиль заводида тўрт ой ўқиди, рус тилини ва ўша даврнинг қўшиқларини яхши ўрганди. 1998 йилда Москвага ташрифи чоғида у эски танишлари билан учрашув ташкил қилишни сўради.

"Маданий инқилоб" йилларида мавжуд маълумотларга кўра, у "қайта тарбиялаш"га дучор бўлган, лавозими пасайтирилган, аммо сургун қилинмаган.

1985 йилда Шанхай мэри, икки йилдан сўнг – шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби этиб тайинланди.

Консерватив ислоҳотчи

Дэн Сяопин 1997 йилда вафот этди. Бу вақтга келиб, Цзян Цзэминь ўзини тўлақонли намоён қила олди.

У ислоҳотчи сифатида обрўга эга эмас эди. Лекин ижтимоий барқарорликни ва Коммунистик партиянинг етакчи ролини сақлаб қолган ҳолда босқичма-босқич иқтисодий ислоҳотларни амалга оширди.

Цзян Тайваннинг мақомига кескин муносабатда бўлгани Хитой армияси аскарлари орасида машҳур бўлишига сабаб бўлди.

1997 йилда Британия мустамлакаси бўлган Гонконг Хитойнинг тобелигига ўтгач, у Пекиннинг одами Донг Жианхуа янги ташкил этилган Махсус автоном районнинг бош ижрочиси лавозимини эгаллашини таъминлади.

Шу билан бирга, Цзян консерваторларнинг қаршилигини енгиб, партия дастурига ўзи илгари сурган “уч вакиллик” тамойилини киритди. Бу эса зиёлиларни сиёсий ҳуқуқларда ишчилар ва деҳқонлар билан тенглаштирди. Шунингдек, "илғор ижтимоий ишлаб чиқарувчи кучлар" деб эълон тадбиркорларга кенг йўл очилди.

Цзян Цзэминь шеър ўқишни яхши кўрар, AҚШ президенти Aвраам Линколннинг "Халқ томонидан, халқ учун ва халқ ҳукумати" ҳақидаги машҳур "Геттисбург нутқи"ни ёддан биларди. 

1996 йилда Манилада бўлиб ўтган Осиё ва Тинч океани мамлакатлари иқтисодий ҳамкорлиги саммитида у Элвис Преслининг  Love me tender қўшиғини чин юракдан ижро этиши билан ёдда қолди.

1999 йилда Цзян Цзэминь Британияга ташриф буюрган биринчи Хитой давлат раҳбари бўлди ва у ерда демократик ўзгаришларни талаб қилган намойишчилар томонидан таъқибга учради.

Хитой ва Ғарб, айниқса AҚШ билан муносабатлар вақти-вақти билан ёмонлашди. Хусусан, 1999 йилда НAТО самолётлари Хитойнинг Белграддаги элчихонасига бехосдан ҳужум қилганда ва Aмерика разведка самолёти Хитойга мажбуран қўндирилганидан кейин муносабатлар таранг тортилди.

Бироқ, бу воқеалардан максимал даражада фойдаланган ҳолда, Цзян доимий равишда муносабатларнинг меъёрлашишига имкон берди. Унинг ўзи AҚШга тўрт марта ташриф буюрди ва 2001 йил 11 сентябрдан кейин Пекин Вашингтонга террорга қарши урушда ёрдам таклиф қилди.

Цзян Цзэминь даврида Хитой ташқи сиёсатидаги муваффақиятларга Хитойнинг 2001 йилда Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши ва 2008 йилда Пекиндаги ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини бериш каби ишлари киради.

2002 йил ноябрь ойида Цзян Цзэминь  ҳокимиятни топширишга йўл очиб бера бошлади. Биринчидан, у ўзининг вориси Ху Цзинтаога партия раҳбари лавозимини топширди. 2003 йил март ойида Ху Цзинтао ХХР раиси лавозимини эгаллади.

2004 йилнинг сентябригача Цзян ХКП Марказий Қўмитаси Марказий Ҳарбий Кенгаши раиси лавозимини сақлаб қолди. Кузатувчиларнинг фикрига кўра, барча лавозимларни тарк этганидан кейин ҳам у сиёсатда узоқ вақт ўз таъсирини сақлаб қолган эди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намозда икки ёки учта зам сура ўқиса бўладими?

145 10:21 07.02.2023

«Зилзила Эрдоған маъмурияти учун жиддий имтиҳон» – Камолиддин Раббимов

226 10:05 07.02.2023

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

465 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1090 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1700 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1337 19:36 06.02.2023
« Орқага