Қадамжоларимизни хурофотлардан халос этайлик

20:00 13.05.2019 606

Юртимизда ички туризмни ривожлантириш орқали ҳудудларнинг ободлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятининг Риштон тумани “Бўстон” маҳалласи ҳудудида жойлашган Хизрбува зиёратгоҳи ҳам  йилнинг тўрт фаслида республикамизнинг турли минтақалари, ҳатто, қўшни давлатлардан келган дуоталаблар билан гавжум. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бу ерга Хизр алайҳиссалом дафн этилган. Зиёратчилар сонининг кескин ошганига 15-20 йилча бўлди. Бунинг натижасида ўтган вақт мобайнида ҳудуд таниб бўлмас даражада ўзгарди. Маҳаллада кулолчилик ва бошқа миллий ҳунармандчилик устахоналари, ҳашаматли дўконлар қад ростлади. Зиёратгоҳ атрофида миллий ўйинлар — кураш, дор намойиши бошланади. Аҳолининг даромадлари ошиб, бугун йиғинда кам таъминланган оиланинг ўзи қолмади. Маҳалла борган сари ободлашиб, кичик шаҳарча кўринишини олмоқда. 

Танганинг иккинчи томони

Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор. Муқаддас динимизда сеҳргарлик, фол очиш катта гуноҳ ҳисобланади. Зиёратгоҳда эса айнан шу каби амаллар бажарилмоқда. Бу ерда “башоратчилик”, қўрғошин эритиб қандайдир «жоду» қилиш, бошқа «сеҳргарлик» хизматларини жорий этган “компания”лар фаолияти йўлга қўйилди. Албатта, бунинг учун яхшигина «назр» ҳам ундирилади.

 — Хизрбува зиёратгоҳи — маҳаллий аҳоли энг кўп борадиган масканлардан бири, — дейди Боғдод туманидан меҳнат фахрийси Меҳринисо Холмирзаева. — Одамларнинг Хизр алайҳиссаломга бўлган ихлосидан бир гуруҳ фирибгарлар даромад орттириш мақсадида фойдаланишаётгани аянчли ҳолат. Чеккадан бир фолбинни кузатдим. Ярим соатда 3 нафар мижоздан 100 минг сўмдан ортиқ пул ишлаб олди. Бундан ташқари, у мижозларга фол учун зарур, дея, “бало-қазони бартараф қиладиган” нарсалар харид қилишни буюриб, шерикларининг ҳам бойишига кўмаклашиб юборди.

Зиёратгоҳ тарихи

Зиёратгоҳ қачон барпо этилгани тўғрисида маҳаллий ривоятлар, илмий манбаларда бирор эслатма йўқ. Масканнинг хислатлари билан боғлиқ эл оғзидаги аксарият фикрларнинг тарихи 30-40 йилдан нарига ўтмайди. Аммо ҳудудда истиқомат қиладиган зиёлилар зиёратгоҳ қадимдан мавжуд бўлганини таъкидлашади.

— Ёшим олтмишдан ошган, — дейди “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Адҳамжон Собиров. — Эсимни таниганимдан буён шу ерда Хизр бобонинг мақбараси борлиги тўғрисида ривоятларни эшитиб келаман. Тўғри, бу ривоятлар фақат маҳаллий аҳоли орасида тарқалганди. Шоҳимардон пирим ва бошқа чегараларимиздан ташқаридаги зиёратгоҳларга бориш оғирлашгач, масканнинг машҳурлиги ошиб кетди. Илгари мақбара бир туп сада дарахти остидаги супа тарзида бўларди. Ўшанда ҳам маҳаллий аҳоли, аёллар шу ердан фарзанд, турмуш ўртоқларининг ишларини юргизишни сўраб келишган. Маҳалламиздаги 60 та хонадонда оилавий тадбиркорлик асосида бежирим миллий кулолчилик буюмлари, эсдаликлар, ҳайкалчалар ясалади. Умуман аҳолининг учдан икки қисмининг рўзғори "Хизр бобо" зиёратгоҳи туфайли бут. Ўтган йили Республика ишчи гуруҳи келиб ҳудудимиздаги аҳволни ўрганди. Бу ердаги тадбиркорларга қулайроқ шароитлар яратиб бериш борасида таклиф ва тавсиялар беришди. Натижада маҳалламиз “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, катта таъмир ишлари олиб борилди. Жумладан, зиёратчилар кўплигидан йўлларимизда тирбандлик кузатилаётганди. Катта кўчанинг кенглиги 47 метргача кенгайтирилди. Ички йўллар тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Тоза ичимлик суви тортиб келинди. Барча симёғочлар, электр симлари, трансформаторлар алмаштирилди. Дўкондорлар дўкон ва устахоналарни икки қаватли қилиб қайта қуриш, биноларни миллий меъморчилик анъаналарига мослаштириш учун кредит олдилар. 

Уламолар нима дейди?

Диний уламолар Хизр алайҳиссаломнинг бу ерда дафн этилгани тўғрисида бирор-бир манба йўқлигини таъкидлашади. Мазкур мақбара атрофидаги «сеҳргарлик» билан боғлиқ воқеаларни катта гуноҳ, диний саводсизлик ва фириб йўли билан даромад қилиш деб ҳисоблашади.

— Тўғрисини айтганда, ушбу жамоани гуноҳдан қайтаришга уринишлар кўп бўлди, — дейди Риштон туманидан исмини ошкор этишни истамаган Имом-хатиб. — Деярли ҳар жума намозида шу мавзу кўтарилади. Аммо лўттибозларга ихлос қилаётганлар сони тобора ортиб бормоқда. Бу ерга келаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Одам кўплигидан йўлларда қадам босишга жой қолмайди. Маҳаллий аҳоли бу жойни «Барака мозор», деб атайди. Гўёки зиёратчиларнинг касби-корига, рўзғорига барака кирармиш. Кейинги пайтларда қўшни вилоятлар, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам одамлар келиб, гўёки «омад тумори» ясатишяпти, қўрғошин қуйдириб фол очиришяпти. Тупроғидан хасталик бор жойларга суртиш шифобахш деб ҳисоблашяпти. Қандайдир дуони пичирлаб ўқиб, пиёлага эритилган қўрғошин қуйиб қилинадиган «башорат»ларга одамлар ишонишяпти. Мақбаранинг диний-маданий ёки тарихий аҳамияти тўғрисида бирор нарса айтолмайман. Диний манбаларда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Бизнингча, дуоталаблар ишлари ривожини Яратганнинг ўзидан сўрагани, савобли амалларни кўпроқ бажаргани Аллоҳга хуш келарди...

Нима бўлганда ҳам мазкур зиёратгоҳ Ватанимизнинг бир гўшаси.Унда динимиз,қадриятларимизга ёд маросимларнинг мавжудлигини оқлаб бўлмайди.Умид қиламизки, Риштон тумани мутасаддилари томонидан қадамжодаги камчиликлар ислоҳ этилади ва  Хизрбобо  қадамжосидаги хурофот ишлар барҳам топади.

 Саида  Ибодинова

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!