«Хоҳлаганингизча илм ўрганинглар, лекин амал қилмагунингизча Аллоҳ сизга савоб бермайди»

14:00 05.07.2019 580

Ибн Саммок раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аллоҳни эслатувчи қанча-қанча кишилар бор, лекин ўзлари Аллоҳни унутган. Аллоҳдан қўрқитувчи қанча-қанча кишилар бор, лекин ўзлари Аллоҳга нисбатан журъатли. Аллоҳга яқинлаштирувчи қанчадан-қанча кишилар бор, лекин ўзлари Аллоҳдан узоқ. Аллоҳ йўлига чақирувчи қанча-қанча кишилар бор, лекин ўзлари Аллоҳдан қочувчи. Аллоҳнинг Китобини ўқийдиган қанча-қанча кишилар бор, лекин ўзлари Аллоҳнинг оятларидан ташқаридадир".

Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ дейдилар: “Гапиришда эъробга (наҳв қоидаси) риоя этиб, гапларимизни чиройли қилдик. Лекин қоидага риоя қилмаганимиздан амалларимиз чиройли бўлмади”.

Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларки: “Эъроб* келса, хушуъ кетади”.

Макҳул розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Ғанамдан розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, у киши бундай деганлар: “Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобидан ўн киши менга бундай хабар берган: “Биз Қубо масжидида илм ўрганар эдик. Бир пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузуримизга чиқиб: “Билишни хоҳлаганингизча илм ўрганинглар. Лекин амал қилмагунингизга қадар Аллоҳ сизга савоб бермайди”, дедилар”.

Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид дин“ китобларидан

* Эъроб - араб тили қоидалари.

Имом Ибн Абдулбар таълиқ қилган. Дорамий Муоздан мавқуф ҳолда саҳиҳ санад ила ривоят қилган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!