Ҳожат қистаб турганда намоз ўқимаслик

10:00 12.03.2018 2823

Ҳожатхонага боришга зарурат туғилганда намоз ўқилмайди. Чунки у хушуъга халал беради. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожат қистаб турганида намоз ўқимасликни, аввал эҳтиёжни қондириб, кейин ибодат қилишни тайинлаганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ савллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таом ҳозир бўлганда, (ейилган таомни) икки (чиқариш) йўли танг қилиб турганда намоз йўқ”, деб айтганларини эшитганман” (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ривоят қилган).

Ушбу ривоятга кўра:

1. Таом тайёр бўлганда намоз вақти кирган бўлса, аввал нафс озроқ қондириб олинади.

2. Заҳар танг қилиб ёки қазои ҳожат қистаб турганда, шунингдек, қорин дам бўлиб, ел чиқаришга зарурат туғилганда ўзини мажбурлаб, қимтиниб намоз ўқилмайди, аввал бўшаниб олинади. Кейин қайтадан таҳорат қилиб, кўнгил хотиржам ҳолда намоз ўқилади.

Ҳожатга боришга тўғри келганда қайта таҳорат қилишдан эриниб ўзини мажбурлаб ушлаб туриш нафақат намозда хаёлни чалғитади, балки соғлиқ учун ҳам кони зиёндир.

Уламолар айтишича, киши эътиборини тортадиган, хушуъсига халал берадиган нарсаларни даф қилиш ҳам мазкур ҳукм доирасига киради.

Албатта, бунда вақт бемалол бўлиши шарт. Агар бироз тамадди қилгунича ёки ҳожатхонага бориб келиб, қайта таҳорат олгунича фарз намози вақти чиқиб кетадиган бўлса, ўша ҳолда намоз ўқилаверади, ибодат кечиктирилмайди.

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Арқам розияллоҳу анҳу ҳаж ёки умра қилиш ниятида (йўлга) чиқди. У билан одамлар ҳам бор эди. Абдуллоҳ уларга имомлик қиларди. Бир куни у бомдод намозига турди. Кейин: “Биронтангиз олдинга ўтсин”, деб ҳожатхонага кетди . Сўнг: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намоз вақти кирганида биронтангиз ҳожатхонага боришни истаса, аввал у ерга бориб келсин”, деганларини эшитганман”, деди (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Киши ҳатто жамоат намозидан кечикса ҳам, аввал ҳожатини чиқариб келади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожати қистаб турган бир саҳобийни намозга қўймаганлар. Нега десангиз, бундай ҳолатда одам эмин-эркин намоз ўқий олмайди, ибодати нуқсонли бўлиб қолади. Зеро, ҳожатхонага бориш эҳтиёжи туғилганда мияга бўшаниш лозимлиги ҳақида буйруқ (сигнал) келади. Агар одам қайта таҳорат қилишдан эриниб, шу ҳолатда ибодатга кирса, мияга тўхтовсиз келаётган сигналлар уни хотиржам намоз ўқишга қўймайди. Набавий ҳадисдаги қайтариқ ҳикматларидан бири шунда.

Зиёвуддин РАҲИМ
“Намозда хушуъ” китобидан.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!