Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳокимиятнинг пуллик кўприкка муносабати

2200

Яқинда ижтимоий тармоқларда ўнлаб одамларнинг норози кайфиятда йиғилгани тасвирланган видео тарқалди.
“Дардини яширган дармон топмас”, деб бежизга айтишмаган.

Хабарда айтилишича, бу норозиликнинг сабаби – аҳолига хизмат қиладиган кўприкдан фойдаланиш эвазига улардан тўлов ундирилиши бўлган.Транспорт русуми, юк ҳажмидан келиб чиққан ҳолда тарифлар ҳам жорий қилинган. 

Ушбу “Жумуртов понтон” номли кўприк Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидан оқиб ўтувчи Амударёнинг ўрта оқимида жойлашган. Туманнинг чап соҳилга туташ ҳудудларини дарёнинг ўнг соҳилга туташ ҳудудлари билан боғлаб турадиган иккита кўприк мавжуд. Булар Қипчоқ ҳамда Жумуртов понтон кўприкларидир. Кўприклар орасидаги масофа ўттиз саккиз километрни ташкил қилади. Яъни, агар Жумуртов кўприги бўлмаса, ҳудуд аҳолиси дарёни кечиб ўтиш учун ўттиз саккиз километр масофани босиб ўтишлари керак.
Шу ўринда кўпчиликда савол туғилиши табиий: 

Нима учун бу кўприкдан ўтиш пуллик?
Жумуртов понтон кўприги ростан ҳам пулли обектлар  жумласиданми ёки кимларнингдир “даромад манбаи”ми?
Йўловчилардан пул йиғиш қачондан бери давом этиб келган? 

Шу ва шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Амударё туман ҳокимлиги билан боғландик. Ҳокимлик бу борада маълумот берилишини айтишди.
Мурожаатдан бир неча соат ўтгач, ҳокимлик расмийси бу воқеликка эътибор қаратганимиз учун миннатдорлигини айтди. Расмий муносабат билдирилди ва ҳокимликнинг расмий сайтига жойланди.Унда Жумуртов понтон кўприги ҳақида қуйидагича маълумотлар берилган:

“Мазкур кўприк Жумуртов шаҳарчаси ҳудудида фаолият юритувчи “Жумуртов понтон кўприги” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлиб, кўприкни таъмирлаш-сақлаш харажатлари, ишчиларга бериладиган ойлик маошлари ва бошқа харажатлари тадбиркор томонидан молиялаштирилиши сабабли бу кўприк орқали қатновлар пуллик ҳисобланади.

Мазкур понтон кўприк тадбиркор томонидан 2001 йилда ўрнатилиб, ўз фаолиятини бошлаган. Мазкур кўприкда бугунги кунда 2 сменада 10 нафар ишчи-ходимлар ишлаб келмоқда. Умумий узунлиги 290 метрни, эни 12 метрни, юк кўтариш қобилияти 10 тоннани ташкил қилади.

Кўприкдан фойдаланган йўловчи ва автотранспорт воситаларидан МЧЖ раҳбарияти томонидан тасдиқланган тарифлар асосида хизмат ҳақи олинмоқда ҳамда тегишли тартибда чек берилиб, пуллари банкка кирим қилинмоқда. Шунингдек, қонунда кўрсатилган тартибда алоҳида шахсларга имтиёзлар берилган бўлиб, фавқулодда вазиятларда хизмат кўрсатувчи автотранспорт воситаларидан хизмат ҳақи олинмайди.”

Кўприклар,йўллар қуриш,одамларнинг мушкулларини осон қилиш-олийжаноблик, динимизда мақталган иш. “Жумуртов понтон кўприги” МЧЖ раҳбариятидан бу йўлда янада ғайратли булиб, хизмат нарҳлари борасида,қулайликлар борасида халқ учун кўпроқ енгилликлар беришини умид қиламиз.
Шу ўринда расмий муносабат билдирган Амударё туман ҳокимлигига ҳам миннатдорчилик билдирамиз.

Муҳаммадумар Абдуллаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мьянма: ҳокимиятни эгаллаган ҳарбийлар Россиядан миннатдор

749 20:15 27.03.2021

Самарқанд вилояти ҳокимлигидан ибратли ташаббус...

563 12:40 04.12.2020

Жиззах вилоятида пора талаб қилган ҳокимлик вакили қўлга олинди

566 14:58 25.08.2020

Порахўрлар ашёвий далиллар билан қўлга тушди... 

1327 21:06 15.07.2020

Миср: энди ҳарбийлар ҳам сайловларда қатнаша олади

467 16:20 07.07.2020
« Орқага