Таълим инспекцияси ахборот хизмати хабар беришича Ўзбекистонда ҳокимлар ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини мактаблар рейтинги орқали баҳолаш мезонлари тасдиқланган.
Хабарда маълум қилинишича, «Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низомга 3-илова сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини умумий ўрта таълим муассасалари рейтинги орқали баҳолаш мезонлари ва ҳисоблаш методикаси тасдиқланган.
Унга кўра, 11-синф битирувчилари томонидан ОТМларга киришда тўплаган баллари, ОТМга ўқишга кирганлар салмоғи, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг чет тилларини билиш даражаси, 11-синф битирувчиларининг бандлиги, ўқувчилар ўртасида содир этилган жиноятлар улуши (Бош прокуратура маълумоти асосида), педагогларнинг сифати (салоҳияти), мактаблар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ўқув-тарбиявий муҳитни қўллаб-қувватлаш учун туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг орттирилган маблағлари ҳисобидан қилинган қўшимча харажатлар ҳажми (Молия вазирлиги маълумоти асосида), таълим муассасасида маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий муҳит (Президент илгари сурган беш ташаббус доирасида қилинган ишлар асосида) каби кўрсаткичлар инобатга олинади.