Таҳлил

Ҳокимларни тайинлаш маъқулми ёки сайлаш?

819

Айни пайт мен яшаётган Туркияда ҳокимлар тайинланмайди, балки сайланади. Шаҳар ёки туман аҳолиси қайси партияга кўпроқ ишонч билдирса, ҳокимликни ўша партиянинг вакили бошқаради. Бу эса сиёсий рақобат демакдир: партиялар халқнинг – сайловчиларнинг ишончини йўқотиб қўймаслик учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади, шаҳарни/туманни ривожлантириш устида бош қотиради, инсонларнинг оғирини енгил қиладиган лойиҳаларни ишлаб чиқади. Сайлов арафасида лойиҳаларини халқнинг эътиборига ҳавола қилади. 
Халқнинг муайян партияга ишончининг ортиб бориши ўша партияни юқори ҳокимият томон элтишини англатади. Шунинг учун бу ерда сиёсий партиялар фақатгина сайлов арафасида эмас, балки ҳар доим фаол, давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим воқеаларга дарров муносабат билдиради, хуллас, ўз позициясига эса. Айтайлик, Эрдоғандан кўрсатма кутиб ўтирмайди улар. Мухолифат партиянинг номзоди президент сайловида ўзи қолиб, рақобатчиси бўлган номзодга овоз бериб, ўзини ҳам, бутун бошли мамлакатни ҳам шарманда қилиб юрмайди.   
Яна ҳокимларга қайтсак. Туркияда инсонларнинг шахсий туки билан шуғулланадиган соқолофоб ҳокимларни ҳам, журналистларга дўқ урадиган ва таҳдид қиладиган ҳокимларни ҳам ҳали эшитмадим. Чунки бу ўзи мансуб бўлган партиянинг обрўсига жиддий путур етказади. Қолаверса, жиддий масалалар қолиб, одамларнинг соч-соқоли билан ўралашиб юрадиган, яъни фуқароларнинг шахсий ҳаётига дахл қиладиган ҳокимнинг халққа кераги йўқ-да. Ҳокимнинг кимнидир “шессекунд”да нимадир қилиб юбориш билан қўрқитиши ёки бутун бошли халқни ҳақоратлаши эса катта сиёсий можаронинг ўзгинаси. Ҳеч бир ҳоким ўзини ҳокими мутлақ деб ҳис қилолмайди. Чунки тизим бунга йўл қўймайди: халқ уни қандай сайлаган бўлса, худди шундай ерга тушириб қўяди.       
Хўш, Ўзбекистонда ҳам ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш керакми? Менимча, керак. Ўтган йиллардаги тажриба шуни кўрсатдики, бизда ҳокимларни тайинлаш тизими ўзини оқламади. Сабаби жуда оддий: вилоят ҳокимлари президентга, шаҳар/туман ҳокимлари эса вилоят ҳокимига яхши кўринишнинг пайтда. Улар “халқ нима деркин” деб эмас, “тепадан гап эшитиб қолмайин-да” деб яшайди ва бу ажабланарли ҳол ҳам эмас аслида. 
Лекин айни пайтда ҳокимларни сайлаш тизимига ўтишнинг мавриди эмас деб ҳисоблайман. Беш йилда бир уйғониб, ўзининг ҳали ҳам борлигини эслатиб қўядиган партиялар билан бирор иш қилиб бўлармикин?..


Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эрдоған "Аё София" ҳақидаги танқидларга кескин жавоб қайтарди

3460 19:00 04.07.2020

Туркия қозоғистонликлар учун киришни чеклаб қўйди

1209 13:00 04.07.2020

Туркияда мушак заводи портлади, қурбонлар бор

238 11:00 04.07.2020

Истанбулда Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича суд иши бошланди

648 07:00 04.07.2020

Туркия ва Ўзбекистон ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорлик қилади

883 15:01 03.07.2020

Туркия: ижтимоий тармоқлар назоратга олинадими?

694 12:35 02.07.2020
« Орқага