Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Видео

Холмумин Ёдгоров: «Судьяларимиз диний соҳада ўз тушунчалари ва қарашларига эга»

2401

Кеча Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида «Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабат» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу давра суҳбати давомида Azon.uz мухбири томонидан Ўзбекистон ва халқаро экспертларга «Судьяларни тайёрлаш жараёнида уларни диний томонлама илми қанчалик даражада эканлиги текшириладими? Судьялар мактабида диний билимлар ҳам ўргатиладими?» деган саволлар берилди. Бу саволларга  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмумин Ёдгоров жавоб берди.

«Ҳақиқатдан судья инсон, инсон инсонни тақдирига, қилмишига баҳо бериши жуда ҳам оғир вазифа. Шунинг учун ҳам бошқа соҳалардан фарқли равишда олий маълумотли ҳуқуқшунос судья этиб тайинланмайди. У терговчи ёки адвокат қилиб тайинланиши мумкин, лекин судьялик учун махсус тайёргарликдан ўтади. Биз судьяликка ўттиз тўрт ёшдан юқори бўлган олий маълумотли ҳуқуқшуносларни танлаб оламиз. Бу танлов жараёнида уларнинг ҳар томонлама илми текширилади. Бироқ диний билимлар, шариат қоидалари соҳасида алоҳида бу бўйича фан ўқитилмайди. Сабаби бизда давлат ва дин алоҳида-алоҳида фаолият юритади. Лекин ишонч билан айтишим мумкин, судьяларимиз бевосита тарихда ўтган қозиларимиз фаолиятини ўзлари мустақил ўрганишади. Яқинда биз «Судьянинг маънавияти, одоби ва масъулияти» тўғрисида катта китоб чиқардик. Анашунда шариатда қозилар қандай иш тутишган, масалаларни қандай ўрганган ва қандай ечим топган ҳамда шариатдаги қозилар фаолиятидаги ибратли ривоятлар ҳам ушбу китобда киритилган. Бундан мақсад судяларимизнинг маънавиятини яхшилаш, одоби ва масъулиятини ошириш борасида шариатимизда қозиларнинг тутган йўлларидан унумли фойдаланишдир. Умумий айтганда биз бугунги кундаги амалдаги қонунчиликни қўллашни ўргатамиз, лекин шариат аҳкомлари-ю, диний тартиб қоидалар ўргатилмайди. Аммо судьяларимиз диний соҳада ўз тушунчалари ва қарашларига эга», - деди Холмумин Ёдгоров.

Мазкур давра суҳбати ҳақида тўлиқ маълумотлар билан қуйидаги видеорепортаж орқали танишишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага