Қуддусни ҳимоя қилиш бутун инсоният манфаатлари ва қадриятларини ҳимоя қилиш билан баробардир. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жума куни Истанбулдаги Долмабахче саройида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Парламент иттифоқининг 16-конференцияси иштирокчиларига мурожаатида ана шундай деди.
Эрдоған ўз нутқида Исроилнинг Фаластин аҳолисига босимига эътибор қаратди.
“Ғарбий соҳил ва Қуддусда халқаро ҳуқуқни менсимасликка асосланган сиёсат фаол олиб борилмоқда. Фаластинлик биродарларимизни куппа-кундузи ҳамманинг кўз олдида қатл қилишмоқда. Фаластинлик бегуноҳ болаларга террорчилар каби муносабатда бўлишмоқда. Масжидлар ҳудудида провокациялар сони ортиб бормоқда”, – деди у.
Туркия раҳбари Ғазо секторининг адолатсиз ва ноқонуний қамали ҳамон тугамаганини айтиб, ишғол, зўравонлик ва апартеид сиёсатини давом эттириш билан ҳеч ким кўзланган мақсадга эриша олмаслигини таъкидлади.
“Биз Қуддусни 400 йил давомида адолатли бошқарганларнинг авлодлари сифатида Фаластинда қон, кўз ёшлар ва зулмни кўришни истамаймиз. Европада Иккинчи жаҳон уруши давридаги яҳудийларнинг геноциди (Холокост) бадалини фаластинликларга тўлатишга уриниш адолатсизлик ва пасткашликнинг чўққисидир. Туркия 1967 йилги чегаралар ичида мустақил ва суверен Фаластин давлатини яратишни қўллаб-қувватлайди. Туркиянинг Шарқий Қуддус ва “Ал-Ақсо” масжиди мақомини ҳимоя қилиш масаласидаги позицияси ўзгаришсиз қолмоқда”, – деди Туркия раҳбари.