Хотинингизга қандай муомала қилишни билиш учун аёлларнинг хислатларидан хабардор бўлинг ("Исломда оила" рукнидан)

14:44 21.09.2017 5761

Эр-хотин ўзаро яхши муомалада бўлишлари учун бир-бирининг хислатларини билиб олишлари керак: нимадан жаҳли чиқади-ю, қайси нарсадан хурсанд бўлади? Шариатда рухсат берилган бўлса, бир-бирини хурсанд қиладиган ишларни унутиб қўймасликлари лозим. Эркак киши аёлининг хислатлари ва қандай табиатда яратилганига эътибор берсин. Шунда Аллоҳни рози қиладиган, дунё ва охиратда ўзлари ва болаларининг бахт-саодатига сабаб бўладиган чиройли сиёсат юритади.

Эр аёллардаги билиши керак бўлган хислатлардан бири уларнинг ақли ва динларида камчилик бўлишига оиддир. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй аёллар, садақа қилинглар. Сизлардан кўпларинг дўзах аҳлидан эканингизни кўрдим”,  дедилар. Аёллар: “Ё, нима сабабдан?” дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўп лаънат айтасизлар, ҳаётдан нолийсизлар. Ақл ва динларингнинг ноқислигидан доно эркакнинг ақлини сизлар каби кетказадиган нарса кўрмадим”, дедилар. Аёллар: “Ё, динимиз ва ақлимизнинг ноқислиги нимада?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлнинг гувоҳлиги эркак гувоҳлигининг ярмича эмасми?” дедилар. Аёллар: “Ҳа”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мана шу у (аёл)лар ақлининг нуқсонидир. Ҳайз кўрса, намоз ўқимайдими, рўза тутмайдими?” дедилар. Аёллар: “Ҳа”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мана шу у (аёл)лар динининг нуқсонидир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аёлларга яхши муомалада бўлинглар. Албатта, аёл қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи юқорисидир. Уни тўғирлайман десангиз, синдириб қўясиз. Агар шу ҳолида тарк қилсангиз, эгрилигича қолаверади. Бас, аёлларга яхши муомалада бўлинглар” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло эркаклар билан аёллар ўртасидаги фарқни таърифлаб айтади:

“Зеб-зийнат ичида ўстириладиган, муҳокамада (ўз мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган кимса (заифа)ния!”[1].

“Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор”[2].

Буларнинг барчаси аёлларнинг ақли нисбатан заиф ва ноқис эканини кўрсатиб турибди. Демак, эр аёл кишининг ақли ноқислигини билгач, шунга қараб муомала қилиши керак бўлади. Зеро, киши бошқа барча инсонлар билан ҳам уларнинг ақли-фаросатидан келиб чиқиб муомала юритиши ижтимоий муносабатлар маданиятини ташкил қилади.

Шунингдек, эр аёлнинг барча хатоларини муҳокама қилиб ўтирмасин. Масалан, аёл ўнта хатога йўл қўйган бўлса, учта ёки тўртта ёхуд бешта хатоси ҳақида гаплашсин ва қолганига эътибор бермасин. Агар барча хатоларини таҳлил қилаверса, ўз ақлини аёлнинг ақлига тенглаштирган бўлиб қолади.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Мен аёлимнинг бўйнида бўлган барча ҳақларимни талаб қилишни хоҳламайман. Чунки Аллоҳ таоло айтади: “Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор”[3]. Яъни, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) аёлим мен учун бажариши керак бўлган барча ҳақларни талаб қилмайман. Айрим ҳақларимдан воз кечиб тураман, демоқдалар.

Аллоҳ таоло айтади: “Пайғамбар хотинларидан бирига (Ҳафсага) бир гапни (чўриси Мориянинг талоғи ва халифаликни) хуфёна айтганини эсланг! Бас, қачонки, (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач, Аллоҳ уни бундан воқиф қилди ва у (Ҳафсага ўзи билган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади)[4]. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларнинг энг яхшиси ва фазилатлиси ҳисобланган хотинларига бир гап айтиб, уни ҳеч кимга билдирмасликни тайинлаганлар. Хотинлари эса бориб сирни ошкор қилган. Аллоҳ таоло бу ишни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий орқали билдириб қўйган ҳамда ўша хотинларига маълум бир ишни ҳам аён қилган. Аллоҳ таоло тарафидан огоҳлантириш келгандан сўнг у хотинларидан содир бўлган айбни кечириб юборганлар.

Аллоҳ таоло олижаноб кишиларни ўзларидан пастроқ бўлганларнинг айбларини кечиб юборишга қизиқтирган: “Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?!”[5]

 


[1] Зухруф сураси 18-оят.

[2] Бақара сураси 228-оят.

[3] Бақара сураси 228-оят.

[4] Таҳрим сураси 3-оят.

[5] Нур сураси 22-оят.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!