Таҳлил

Хотиржамликка чақиринг, лекин мазах қилманг!

1378

Коронавирус хабари ортидан кўпчиликнинг турли маҳсулотларни ғамлай бошлагани ҳаддан ортиқ муҳокама қилинди.

Дўстлар, бундай йўл тутганларни хотиржамликка чақириш, ҳаммаси жойида бўлишини тушунтириш жуда яхши албатта. Лекин бу ҳаракатлар учун масхаралаш, очкўзликда айблашга маънан ҳаққимиз йўқ.

Чунки бу халқ яқин ўттиз йил ичида қимматчиликни ҳам, қаҳатчиликни ҳам кўрди. Ҳали кўпчилик тўқсонинчи йиллардаги бутунлай бўш ёки чириган балиқ турган пештахталарни, егулик учун ур-йиқитларни, бир сигирнинг пулига олинган икки қоп унларни унутгани йўқ, унута олмайди ҳам. Ўша кунларда пиёзни буханкага суриб еганлар бугун бола-чақали, набирали. Улар болаларининг у кунларни кўрмасликларини исташади ва ҳар бир хавфга жиддий қарашади.

Масаланинг эътиборли жиҳатлари:

1. Хўш, биз оғиз кўпириб мақтайдиган ривожланган давлатларда бошқачароқ бўлдими? Уларда биздан баттарроқ ҳолат кузатилдику, пештахталар буткул бўшаб қолдику;

2. Нима, ёғ, ун, шакар каби маҳсулотларни кўпроқ олиб қўйса, зарар қиладими? Ахир олдиндан “кўтара олинса барака қилади” деган нақл бор эмасмиди? Қолаверса, бой уйига қоплаб олиб келса тасанно-ю, камбағалга масхарами?;

3. “Ун-шакарни тушунамиз, картошка-сабзига нима бор”, дейсизми? Хавотир олманг, халқимиз айнитмайди, қайтанга шу баҳонада, эсдан чиқиб қолган ўрада сақлаш тизимига қайтамиз. Ахир бозорларимиздаги тўкинлик туфайли бу одат унут бўлгандику. Ёғнинг ҳам бир томчиси увол бўлмай ишлатилади. Ўзбек керак бўлса балиқ пиширилган ёғда ошниям ўрмалатворади;

4. Яна кимлардир ҳожатхона қоғози ғамланиши устидан кулибди. Бу қоғозга вирус саросимасини боғлай олмабди, боғласа ҳам масхарадан нарига ўтмабди. Кечиргайлар, ҳожатхона қоғозининг муддати бормидики эскирса? Яна бир нарсани билиб олинг, бундай қоғозлар, нам ва қуруқ салфеткалар, тозаловчи воситаларнинг йирик ишлаб чиқарувчилари одатда битта компаниялар бўлади. Улар ҳам бозор шароитига мослашади ва нам салфеткаларга талаб кескин ошган пайтда, қолган маҳсулотлар ҳажмини камайтириши мумкин, бу ўз-ўзидан иккиламчи тақчилликка олиб келади;

5. Энг муҳими, чиндан тақчиллик бўлиб қолса, қўлни кўксимизга бериб айтайликчи, қай биримиз болаларимиз ризқи бўлган стратегик захирамизни бўлишишга тайёрмиз? Шу саволга жавоб изласак, ўйлайманки ҳаммаси тушунарли бўлади.

Тушунилмай қилинган баҳслар, асоссиз муҳокамаларга тоқатим йўқлиги учун кириш сўзимни қайтараман – захира ғамлаганларни хотиржамликка чақириш, ҳаммаси жойида бўлишини тушунтириш дуруст. Аммо мазах қилиш, очкўзликда айблашга маънан ҳаққимиз йўқ. Асло!

Аброр Зоҳидов.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳадис илми мактабида абитуриентлар учун бепул тайёрлов курси ташкил этилди

224 18:56 01.06.2020

“Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказилади

202 18:27 01.06.2020

Эчкига жон қайғуси...ми? Ёхуд халқнинг пули ҳавога учмасин!

587 16:29 01.06.2020

Қозоғистонда Ўзбекистон билан биргаликда қишлоқ хўжалик техникалари заводи очилади

132 14:30 01.06.2020

Қардошлар ўртасидаги низодан ким манфаатдор?

1620 10:00 01.06.2020

"Бағдодда ҳамма ёқ тинч": депутат "Ўзбекистон 24" телеканалини танқид қилди

1569 23:09 30.05.2020
« Орқага