Наср

«Ҳозирдан эҳсон қилмасам, катта бой бўлолмайман!»

1218

Куннинг охирги дарси ниҳоясига етай деб қолган. Ўқувчилар ташқарига чиқиш учун нарсаларини йиғиштира бошлади. Дафтар ва китоблар попкаларига солиниб, қўнғироқ чалинар-чалинмас, ташқари отилишга шай ҳолатда.

Фақат Алигина ташқарига чиқишга шошилмаётган эди. Бир оз кечроқ қолиш учун қўлидан келган ишни қилиб ўтирар эди. Ниҳоят, қўнғироқ чалинди. Болаларнинг ҳаммаси баробар эшикка йўналдилар. Али эса жойидан турмади. Шошмасдан нарсаларини йиғиштира бошлади. Кўз қири билан ўқитувчисини кузатар эди. Бир тарафдан ўртоқлари синфни бўшатишларини кутар эди. Алининг ҳаракатлари ўқитувчининг эътиборини тортди.

– Ҳа, Али. Уйингга кетмайсанми?

Али охирги ўқувчи синфдан чиққаннини кўргандан сўнг деди:

– Устоз, сизга айтадиган гапим бор эди.

– Хўш Али. Гапир, нима гапинг бор?

– Синфдошимиз Аҳмад бор-ку, устоз.

– Ҳа. Аҳмадга нима бўпти?

– Уйда аҳволлари яхши эмас шекилли. Онаси унинг попкасига унчалик яхши нарсалар солиб бермайди.

– Хўўш?

– Унга ёрдам бермоқчи эдим. Лекин, мени ёрдам берганимни билса, хафа бўлади. Ҳар куни битта булочкага етадиган пулни ҳар ҳафтада сизга берсам, сиз унга бериб турасиз, майлими?

«Мен фаррошман, аммо... одамман!»

«Сенга бир дирҳам, шеригингга етти...»

Буғдой сотувчиси

Али чўнтагидан бир ҳовуч танга чиқариб столга қўйди. Нурхон пулларга тегмади. Курсига ўтириб ўйлади. Али ҳақидаги билгиларини хаёлидан ўтказди. Билишича, Алининг оиласи у қадар ўзига тўқ оилалардан эмасди. Бу ҳаракатчан ва ёқимтой ўқувчиси нақадар гўзал ниятли ва гўзал тушунчага эга экан. Ўзи бой хонадон фарзанди бўлмаса ҳам, ўртоғига ёрдам бермоқчи. Унинг устига ёрдамини ундан яширмоқчи бўлади.

– Шошма Али. Билишимча, сизларнинг  оилавий аҳволингиз ҳам у қадар кенг эмас. Тўғрими?

– Тўғри, устоз. Отам кундалик ишда ишлайди. Кўпинча иш топилмайди. Аммо, мен ҳам ишлаб пул топяпман.

– Қаерда ишлаяпсан?

– Булочка сотяпман.

Устоз Нурхон яна ўтириб ўйлади. Бу қадар яхшилик режаси учун нима дея оларди, ҳозир. Алининг ниятини амалга ошириш қийин эди. Аммо, Алининг ниятидан қайтариш учун чора топиш керак эди. Лекин, буни шундай қилиш керакки, севимли ўқувчисининг кўнгли ранжимасин. Бир гаплашсам, чора топилар, деди.

Устоз Нурхон Алига қаради.

– Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?

– Жуда катта бой тадбиркор бўламан....

– Нима учун?

– Одамларга кўп ёрдам бериш учун.

– Жуда яхши... Али, тўғри ҳозир Аҳмаднинг оилавий шароитлари яхши эмас. Аммо, сизники ҳам уларникидан фарқи йўқ. Менимча, бу ишга ҳозирча шошмаганинг маъқул. Бой бўлганингдан кейин ёрдам бераверасан. Бўладими?

– Бўлмайди, – деди Али. Ҳозир қилишим керак.

– Нима учун бўлмас экан?

– Уч сабабга кўра бўлмайди. Биринчидан, бу пуллар зотан меники эмас. Яхшилик қилганим учун Аллоҳ мени одамларга ёқимли қилиб кўрсатиб қўйган. Шунинг учун одамлар таъсирланиб, мендан кўпроқ булочка оладилар. Шунинг учун кун бўйи ишлаганлардан кўра кўпроқ булочка сотаман. Анави маҳаллада Ҳасан амаки бор. Ҳар куни мендан иккита булочка олиб, кабутарларга тарқатадилар.

Иккинчидан, «навда ёшлигида яхшироқ эгилади» деган гап бор. Агар ҳозирдан яхшилик қилишга ўрганмасам, катта бўлганимда ҳеч қилолмайман. Ҳозир «бу ишни бой бўлганимда қиламан» десам, бой бўлганимда ҳам, «янада бойроқ бўлганимда қиламан», деб ўзимни овутаман.

Учинчидан, энг муҳими, мен катта бўлганимда бой тадбиркор бўлмоқчиман. Вақтида тижоратга сармоя тикмаганлар ҳеч қачон катта ишбилармон бўла олмайдилар.

Устоз Нурхон Алини зўр ҳаяжон билан тинглар, ўзини буюк одамнинг рўбарўсида тургандек ҳис қила бошлади.

– Шу охиргисини унчалик тушунолмадим, Али?

– Тушунтираман, устоз. Ҳозир у қадар бой бўлмаганим учун, бир кунда битта симит эҳсон қила оламан, холос. Бундан ортиғини қилолмайман. Аллоҳ эса, жаннатни кучи етганича яхшилик қилганларга беради. Ҳозир кучим шунчалик эканини ҳисобга олсак, жаннатнинг нарҳи мен учун бир неча булочканинг нархичаликдир. Агар бой бўлмасдан олдин ўлсам, бир неча булочканинг нарҳи билан жаннатга кириб олган бўламан. Бундан ҳам фойдалироқ ишга сармоя киритиш мумкинми?

Устоз Нурхоннинг кўзлари ёшга тўлди. Билдирмаслик учун ерга қараганча, Алига кетишга руҳсат берди. Уни ташқаригача кузатиб қўйди. Мактаб ўқувчилардан бўшаб қолган эди. Синфга қайтиб кирганида, столнинг устида Али қўйиб кетган тангалар турар эди. Нурхон устоз беихтиёр курсига ўтирди. Тангаларни қўлига олди.

Ҳеч қачон қўлига шу қадар қийматли пул тушмаган эди. Қўлида гўё дунёнинг энг нозик гавҳарларини, ёқуту олмосларини тутиб турар эди. Бу пуллар ҳатто улардан ҳам қийматли эди. Бу майда тангалар, бу майда симитнинг пуллари, жаннатни сотиб олса бўладиган пуллар эди.

Ҳудди ҳеч қўйиб юборишни истамайдиган бир туйғу билан, бу симитнинг майда пулларини кафтида сиқиб олган эди.

Устоз Нурхон ўтирган еридан туролмади. Ичи тўлганини ҳис қилди. Англаб бўлмас бир туйғулар билан бўғила бошлади. Бирдан, қуюқ булутдан ёмғир ёғгандек йиғлай бошлади...

Йиғлади...

Йиғлади...

Йиғлади...

Ўзига келганида шом бўлган эди.

Аста қадамлар билан мактабдан чиқар экан, Содиқ қоровул Нурхоннинг: «Симитнинг майда пуллари билан жаннатни сотиб олиш..., булочканинг майда пуллари билан жаннатни сотиб олиш», дея такрорлаб кетаётганини эшитди...

Қоровулнинг ҳайратланиб: «Нима дедингиз, домла?» деганини ҳам эшитмаган Нурхон домла, қоровулнинг ҳайрон боққан нигоҳлари остида, шомнинг ғира-шира қоронғулигида узоқлашиб борар эди...

Унутманг:

Нон улашишлик, нон ейишдан лаззатлироқдир!

 

Туркчадан Шоолим Шомансуров таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага