Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Хуфтонни йигирма етти марта ўқиди, аммо...

1255

Мусулмон киши иложи борича намозини масжидларда жамоат билан адо этишга ҳаракат қилади. Намозни  жамоат билан ўқиш масжиднинг гўзал одобларидан эканлиги таъкидланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилган).

Масжидларнинг ҳақиқий ободлиги уларда Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади. 

Бу ҳадиси шарифдан қуйидаги хулосалар чиқади: 

1. Жамоат намози уйда ўқилган намоздан йигирма етти баравар афзал.

2. Жамоат намозига борадиган одам таҳоратни мукаммал қилади. Унинг нияти холис бўлади, намоз ўқишдан бошқа нарсани кўзламайди.

3. Масжидга кетаётган кишининг босган ҳар бир қадами билан мақоми бир поғона кўтарилади, битта гуноҳи ўчирилади. Демак, уйимиздан масжид томон қанча кўп қадам боссак, савоби шунча улуғ бўлади. Бунинг учун масжидга оҳиста юриб бориш, қадамни кичикроқ ташлаш тавсия этилади.

4. Масжидда жамоат билан намоз ўқиб бўлиб, таҳоратини синдирмаган ҳолда намозгоҳида турган банда ҳақига фаришталар тинимсиз салавот айтади.

5. Жамоат намозини кутиб ўтирган киши намоз ўқиш савобини олади. Бу, намозга илҳақлик, қалби билан масжидга боғланиш қанчалик фазилатли эканини билдиради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Умар розияллоҳу анҳу хурмозорига чиқди. Қайтиб келганида одамлар аср намозини ўқиб бўлишган эди. Умар розияллоҳу анҳу: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтгувчимиз. Аср намозини жамоат билан ўқишдан кечикиб қолибман. Сизлар гувоҳсизлар, хурмозорим мискинларга садақа”, дедилар. У зот қилган ишига каффорат бўлиши учун шундай қилдилар”.

Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг шайхи Убайдуллоҳ ибн Умар Қоварийдан ривоят қилинади: “Мен ҳамиша хуфтон намозини жамоат билан ўқир эдим. Бир кеча уйимга меҳмон келди. У билан овора бўлиб, жамоат намозини ўтказиб юбордим. Басра масжидларини айланиб чиқдим. Барча кишилар хуфтонни ўқиб бўлган, масжидлар ёпилган эди. Уйимга қайтдим ва ўзимга ўзим жамоат намозининг даражаси ёлғиз бўлиб ўқилган намоздан 27 баробар зиёда бўлади, дедим-да, хуфтонни йигирма етти марта ўқидим. Сўнг ухладим. Туш кўрибман, гўё отлиқлар билан бирга эканман. Менинг ҳам отим бўлиб, биз кимўзар ўйнаётган эканмиз. Мен отимни чоптирар, бироқ уларга ета олмас эдим. Шунда улардан бири менга бурилиб қараб: “Отингни қийнама, барибир бизларга ета олмайсан”, – деди. “Нима учун?” – деб сўрасам: “Чунки биз хуфтонни жамоат билан ўқидик, сен эса ёлғиз ўзинг ўқидинг”, – деб жавоб берди. Мен уйғониб кетдим ва кўрган тушимдан ғамгин бўлиб қолдим”.

Аллоҳдан тафвиқ ва мадад тилаймиз. Албатта, У сахий, марҳаматли зотдир!

Зайнилобиддинхон  Қудратов,

Пискент тумани бош имом-хатиби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тур, дўст, таҳажжудга !

1141 22:15 18.12.2020

Қанча намозхон бор, ароқ ичмаган. Лекин... 

1674 21:45 20.11.2020

Масжидга нимага борасан, дўстим?!

5985 18:40 11.11.2020

Ниҳоят: Афина масжидида илк бор жамоат бўлиб намоз ўқилди

510 09:02 04.11.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Нафл намозлар (3-қисм)

466 13:20 02.11.2020
« Орқага