Таҳлил

Ҳужрадаги диний таълим ноқонуний бўлса, қонунийси қаерда бор?..

5766

Аслида масаланинг ечими жуда осон, бунинг учун хоҳиш керак, холос.

Ақалли Туркиянинг тажрибасини қўлласа ҳам бўлади.

Хўш, турклар нима қилган?

Масжидларнинг қошида Қуръон курсларини очиб қўйган. Бундан ташқари, алоҳида биноларда ҳам Қуръон қурслари бор. Ҳаммаси Дин ишлари бошқармасининг (Диний идоранинг) назоратида, яъни улар расман фаолият юритади. 

Бу ерларда имом ёки отинойи тайёрланмайди. Дин асослари, араб алифбоси ва Қуръон ўқиш ўргатилади. Марҳамат, ислом дини ҳақида бошланғич таълимни олмоқчи бўлганлар келсин, хоҳламаганлар йўқ. Бу эркинлик дегани, бу имконият дегани.

Келгусида имом, отинойи бўлишни, умуман Дин ишлари бошқармаси тизимида ишлашни истайдиганлар нима қилади? Имом-хатиб деб аталувчи таълим тизими бор, бу бошланғич мактабдан тортиб лицейгача бўлган босқични қамраб олган. Яъни имом-хатиб бошланғич мактаби, имом-хатиб ўрта мактаби, имом-хатиб лицейи. Бу оддий, давлат таълим стандартига тўғри келадиган умумий таълим, фарқи – диний дарслар чуқурлаштириб ўргатилади. Лицейдан кейин университетларнинг илоҳиёт факультетларига ўқишга кирилади.

Демак, Туркияда имконият бор эканми? Бор экан. Шунинг учун бу ерда «ҳужра» деган муаммо йўқ. 

Бошланғич диний таълим ҳам фуқароларнинг фундаментал эркинлиги, эҳтиёжи ҳисобланади. Бу эҳтиёжни қондириш учун давлат имконият яратмаса, имкониятни фуқароларнинг ўзлари яратиб олади. "Вой дод, ҳужра очиб олибди!" деб аюҳаннос солинишини ҳечам тушунмайман. Умуман, ҳужранинг бунчалар салбий бўёқлар билан тасвирланиши ҳам ғалати, ахир совет даврида айнан ҳужралар диний таълим олиш учун пойдевор хизматини ўтаб берган, у ердан не-не қорилар, олимлар етишиб чиққан. 

Олдин фуқароларга имконият яратинг, агар улар қонуний йўлни танламай, бошқа йўлларни танласа, ана унда жазоласангиз ярашади. Имконият йўқ, лекин жазо бор, камига ваҳимали мусиқалар билан бутун юртга «сазойи» қилишади. Мантиқсизлик эмасми?.. Айтайлик, мен фарзандимнинг динидан бохабар бўлишини, Қуръон ўқишни ўрганишини истайман. Зеро, дуоларни, сураларни ёдлаш айнан болалик пайтида осон кечади. Мактаб даврини қўятуринг, ақалли ёзги таътил пайтида бошланғич диний таълим олишини истайман. Хўш, уни қаерга олиб бораман?.. Бунинг учун қандай имконият бор бизда?.. Ўзим унга ўргатолмасам, унга кимдир ўргатишим керакми ахир?.. Ўша ўргатадиган одам қаерда?.. Хўп, ҳужрадаги диний таълим ноқонуний экан, қонунийси қаерда бор?..     

Имом Бухорийнинг авлодларимиз деб кўксимизга урамиз, кўчага чиқиб ёшлар билан гаплашиб кўринг-чи, ақалли калимаи тавҳид билан калимаи шаҳодатни айтиб беролмайдиганлар қанчадан-қанча.  

Мен эркинлик тарафдориман. Нафақат масжидларда, балки черковлару синагогаларда ҳам бошланғич диний таълим курслари очилсин, яъни бошқа диндаги юртдошларимиз учун ҳам шароит яратилсин. 

Одамларга эркинлик беринг, имконият беринг.

Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Хавотир ва қайғулар.  Шиорлар жанги

322 16:30 12.08.2020

Сабр  мукофоти жаннатдир (ўн иккинчи қисм)

232 21:59 10.08.2020

«Мактубот»дан мактублар

295 21:00 10.08.2020

Истихора намози қандай ўқилади?

1031 18:21 09.08.2020

Шайх Албоний ҳақидаги мақолага раддияларни ўқиб...

1266 13:30 09.08.2020

“Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари”

109 12:00 09.08.2020
« Орқага