Янгиликлар

Ҳукумат қарори: “Пули берилмагунча кўчмас мулклар бузилмайди...”

593

Eр участкаларини олиб қўйиш ва компенсация беришнинг янги тартиби белгиланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали маълум қилди. https://t.me/huquqiyaxborot
Ҳукумат қарори (911-сон, 16.11.2019 й.) билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра:
- ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади;
- ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади, ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас;
- олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасидаги кўчмас мулклар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади;
- ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади;
- ҳокимлик ёки инвестор томонидан мулкдорларга компенсация бериш ишлари амалга оширилади.

Келишилган компенсация берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.

Мулкдорларга келишилган компенсация берилганидан сўнг:
-  мулкдор томонидан кўчмас мулк бўшатиб берилади;
- ҳокимликлар томонидан кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органларига хулоса олиш учун юборилади;
-  адлия органлари компенсация берилганлиги, уй-жойлар амалда тўлиқ бўшатилганлиги ва бошқа ҳолатларни ўрганади ва ўз хулосасини ҳокимликларга тақдим этади;
- адлия органларининг хулосаси ижобий бўлган тақдирдагина кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.
Олиб қўйиладиган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бошқа шахсга ўтказишга Келишув имзоланганидан сўнг ташаббускорнинг ёзма розилик хати мавжуд бўлган тақдирда ёки Келишув (Келишувда назарда тутилган тартибда, тарафларнинг розилиги билан ёки суд тартибида) бекор қилинган ҳолларда йўл қўйилади.
Бузиб ташланадиган кўчмас мулк объектини сотиб олган мулкдор мазкур Низомга мувофиқ тузилган Келишувдан келиб чиқувчи аввалги мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
Ер участкалари олиб қўйилиши, кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш, фуқароларни кўчириш, шунингдек, компенсациялар беришда қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.
Мазкур тартиб 2020 йил 1 январдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, ер участкасини олиб қўйиш тартибини бузганлик учун, шунингдек, ушбу тартибни бузиш натижасида кўчмас мулкка зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

БААда илк аёл судьялар тайинланди

370 14:30 25.03.2019

Оҳангарон ва Паркент туманида чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарилади

363 13:30 03.11.2018

Ўзбекистонда космик фаолият жадаллаштирилади

454 10:30 01.11.2018

Энди мобил қурилма эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди

879 11:40 25.10.2018
« Орқага