Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз телеграм саҳифасида Human.uz сайти раҳбарияти ва ходимлари олиб кетилиши юзасидан қўшимча маълумотларни улашди:
"Манбаларимизнинг берган хабарига кўра, Human.uz сайти маъмурияти сайт ходимлари сифатида эмас, Kompromatuzb Телеграм канали админстраторлари сифатида қўлга олинган.
Бундан ташқари, ушбу канал администраторлари орасида бошқа ташкилот вакиллари ҳам борлиги айтилмоқда. Уларнинг шахсини ҳозирча аниқлаштириш имкони бўлмади.
Айтишларича, ушбу канални юритувчи шахслар товламачилик, солиққа оид жиноятларни содир этиш ва бошқа шу каби иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.
Нашр офиси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қуйи Чирчиқ тумани бўлими томонидан муҳрланган".
Вазиятга янада ойдинлик киритиш ва қўшимча маълумотлар олиш мақсадида Azon.uz таҳлилий портали мухбири Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига алоқага чиқди, аммо Прокуратура ишонч рақамлари билан боғланишнинг имкони бўлмади.