Хўроз ва тулки воқеаси

21:00 13.04.2019 1511

Ҳикоя қилишларича, бир хушовоз хўроз бўлган экан. Одатда у сайр қилар, қишлоқдаги кичкина уйча олдида қанотларини ёйганича офтобда тобланар экан. Туннинг маълум пайтларида вақти-вақти билан қичқириб қўяр экан.

Бир куни унинг ёнидан айёр тулки ўтиб қолибди ва унга: «Бугун жуда чиройли бўлиб кетибсан, хўрозвой, патларинг топ-тоза, тожинг ялтираб турибди, сеникидан ёқимлироқ овозни ҳеч қачон эшитмаганман, лекин сенинг овозинг қачонлардир эшитганим отанг товушидан бутунлай бошқача экан», дебди. (Бу тулки ўйлаб топган ҳийла эди). Шунда хўроз тулкига: «Э йўқ, менинг овозим ҳам отамники каби жозибадор», дебди. У шундай дегач, қанотларини қаттиқ қоқиб, кўзларини юмиб қичқиришга ҳозирланганида, тулки уни шартта тутиб олибди.

Қўлга тушган хўроз қандай қилиб тулки чангалидан қутулиш йўлини ўйлай бошлабди. Тулки унинг бўйнидан тишлаб турганида, хўроз бундай дебди: «Бу хўроз фақат менга тегишли, уни ҳеч ким билан баҳам кўрмайман», деб баланд овозда ҳаммага эълон қилиб чиқ!» Тулки жағини очиши билан хўроз ерга тушибди ва кўз очиб-юмгунча дарахтга учиб чиқиб, тулкидан қутулибди. Тулки қилиб қўйган ишидан афсусланибди ва: «Сукут қилиши керак бўлган пайтда гапирган оғизни Аллоҳ кечирсин!» дебди. Шунда хўроз: «Очиқ бўлиши керак пайтда юмилган кўзни ҳам Аллоҳ кечирсин», дебди.

Манбалар асосида тайёрланди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!