Хўш, гендер тенглиги нима ўзи?

18:17 23.08.2019 1124

Сенат томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига қаратилган бир қанча ташаббуслар қўллаб-қувватланди, масалан, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.

Ушбу қонунда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш учун жабрланувчиларга ҳимоя ордери берилиши кўзда тутилган.

Бу нима дегани?

Мисол учун, эр ва хотин уришиб қолса, эр хотинга нисбатан куч ишлатса ёки тазйиқ қилса ва бу исботланса, эрнинг аёл билан бевосита ёки билвосита алоқасини 30 кунгача чеклаб қўйиш мумкин бўлади.

Оҳ-о, маза-ку энди. Эрнинг асабига бемалол тегаверасиз, эр жаҳл устига чиқса ва куч ишлатса, эрни хотиннинг олдига бормайдиган қилиб қўясиз.

Менга бу ишлардан турмуш тарзимизнинг ғарблашаётгани ва давлатнинг оила ишларига аралашаётганининг ҳиди келяпти.

Кейинчалик фарзандингиз олдига бора олмаслик, ўз уйингиз атрофига 500 метр яқинлаша олмаслик, хотинингиз билан алоқа қила олмаслик каби оилада эр ва отанинг ўрнини чекловчи ва таҳқирловчи ордерлар ҳам маъқулланиши мумкин.

Хўш, гендер тенглиги нима ўзи? Фақат аёлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва аёлларга улар истаганчалик шароит яратиб беришми? Унда бу гендер тенглиги деб эмас, гендер имтиёзи деб аталиши керак. Нега одамларнинг кўзи шамғалат қилинади?..

“Гендер тенглиги” шиори билан эркакларга шароит яратилган бирорта ҳолатни биласизми? Йўқ.

Эркакларга қандай шароит ҳам керак бўларди, деб сўрашингиз мумкин.

Айтаманки, бизга ҳам (маънавий) тазйиқлар ва зўравонликлардан ҳимоя ордери керак. Бошни оғритаётган ва бизга маънан тазйиқ қилаётган аёллар эрларидан 15 кун, 30 кун узоқда юрсин. Шунда ҳеч қанақа тазйиқ ҳам бўлмайди, зўравонлик ҳам, оила тинч-тотув бўлади.

Гендер тенглиги эркакларни ҳам ўйлайдими?..

Аслида аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик барча ақлли жамиятларда, жумладан, Исломда ҳам қораланади. Аёлларга нисбатан куч ишлатиш тажовуз ҳисобланади. Уларга нисбатан ҳеч қандай куч, зўравонлик, уриш, калтаклашни ишлатиб бўлмайди. Насиҳат қилиш, у кор қилмаса, секин туртиб огоҳлантириш, у ҳам кор қилмаса, ётоқларида тарк қилиш кўзда тутилган.

Биз ишлаб чиқаётган қонунларимиз ва қоидаларимизни яхшилаб ўрганиб чиқсангиз, улар асосан жазолашга ёки таҳдидга қаратилганини кўрасиз. Агар буни қилсанг, бу жазо, буни қилсанг, у жазо ва ҳоказо.

Лекин жиноятнинг олдини олиш, профилактика ҳақида кўп ўйламаймиз. Оилаларда эркаклар томонидан аёлларга зўравонлик ишлатилаётганининг асл сабаби нимада?

Балки аввал ўшани йўқотишга ҳаракат қилармиз?

Мингта аёлга зўравонлик ишлатилиб, мингта эркак жазоланганидан жамиятга нима наф?

Балки ижтимоий тадқиқот ўтказиш керакдир? Нимага эр-хотин уришяпти? Нега оилалар ажрашяпти? Ичкиликданми? Тарбияданми? Ҳирсданми? Ҳасадданми? Қайнота-қайнонанинг муносабатиданми? Онгсизликданми? Дунёқарашданми? Нимадан?..

Саид Комил

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!