Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан халқимизнинг илму маърифатини ошириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш мақсадида, «Маданият ва маърифат» телеканалида «Маърифий суҳбатлар» номли янги туркум кўрсатувлар ҳар пайшанба куни намойиш этиладиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий саҳифасида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ушбу янги телелойиҳада таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар ва моҳир мударрислар Ислом динининг маърифий таълимотлари, бугунги кундаги долзарб масалалар ҳамда ижтимоий муаммолар борасида сўз юритадилар. Шунингдек, томошабинлардан келган дин ва ҳаётга оид саволларга ҳам жавоб берилиши таъкидланган.
Бугун 13 январь куни соат 21:00 дан бошлаб эфирга узатилиши режалаштирилган ушбу теледастурнинг илк сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати уламолари «Фатво беришнинг масъулияти» борасида баҳс қиладилар ва айни кунларда муҳим бўлиб турган шаръий саволларга жавоб беришлари режалаштирилган.