Хушхабар! Мисрда Ўзбекистонлик Талабалар Иттифоқи ташкил қилинди

18:10 29.03.2019 2073

Бу, Африка қитъасининг тождори, асрлар оша яхшилик ва ёвузлик орасидаги курашларга саҳна бўлиб келаётган, қадим маданият бешиги, минг йиллар оша Исломий илм излаб йўлга тушган йўлчилар учун маёқ вазифасини ўтаб келаётган Миср диёрида содир бўлди.

Узун замонлардан бери илм ва маърифат булоғи бўлган, васатийлик ва ҳикмат тимсолига айланган Азҳари Шариф диёри бўлмиш Миср билан Буюк Темур Ронесансининг булоғи, жаҳон цивилизацияси марказларидан бири, илм-фан ва ахлоқ имомларининг она юрти Ўзбекистон орасидаги дўстлик алоқалари сўнги пайтларда изчил тарзда мустаҳкамлана бошлади. Иқтисодиёт, енгил ва оғир саноат, фан ва маданият, таълим-тарбия соҳаларида ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

2019 йил 27 март куни Мисрдаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ташаббуси билан, жорий кунларда Мисрда меҳмон бўлиб турган расмий делегация ва талабалар орасида учрашув бўлиб ўтди. Кун тартибидаги энг асосий мавзу Миср Араб Республикасидаги билим даргоҳларининг турли босқичларида таълим олаётган Ўзбекистонлик ёшлар талабига биноан “Ўзбекистонлик Талабалар Иттифоқи”ни ташкил қилиш ва иттифоқ таъсис ҳайъатини сайлашдан иборат эди. Узоқ вақт давом этган урунишлар ва меҳнатлардан сўнг Давлатимизнинг қўллаб қувватлови ва Элчихонамиз масъулларининг қизғин ва самимий ёрдамлари, ҳамда, Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги фавқулотда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Мўминжанов Шарифжон, Ўзбекистон Республикасидаги “Умумжаҳон Ёшлар Ассоциацияси” раиси Олимбоев Муродилла ва бошқа масъуллар иштирокида, Ал-Азҳар мажмуасининг турли босқичларида илм олаётган талабалар номидан қирққа яқин талаба вакиллари ва бошқа илм даргоҳларида ўқиётган ўндан ортиқ талабалар тарафидан “Ўзбекистонлик Талабалар Иттифоқи” ташкил этилди ва Иттифоқнинг таъсис ҳайъати ва марказий кенгаш аъзолари сайланди.

Бундан ташқари, учрашувда хорижда истиқомат қилаётган ёш Ўзбекистон фуқароларининг барча турдаги муаммоларига ечим топиш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, Президентимиз фармони билан ташкил этилган “Ўзбекистон Умумжаҳон Ёшлар Ассоциацияси”нинг Мисрдаги ваколатхонасини очиш ва ваколатхона раиси ва Ассоциациянинг Миср Араб Республикасидаги вакилини сайлаш масаласи ҳам кўтарилди. Масъуллар ва Ассоциациянинг раиси иштирокида, талаба вакиллари тарафидан мазкур вазифага Ал-Азҳар Университетининг “ҳадисшунослик” бўлими 2-босқич магистири, иқтидорли ва тажрибали талаба Улуғбек Жиянов сайланди.

Шу ўринда бир мулоҳаза!
“Азиз юртдошим, диндошим! Ватан ва миллат янгидан туғилиш арафасида... Шундай экан, ҳар бир янги жон, янги ҳаёт тўлғоқ азобисиз дунёга келмаганидек, бизнинг бу янгиланишимиз, қайта туғулишимиз ҳам оғриқсиз, машаққатсиз ва хатo ва камчиликсиз бўлмайди.”

Инсон ўғлининг ҳақиқий саодати, уммат ва миллатнинг равнақи ва иззати йўлида хизматга самимий бел боғлаган йигитларга айтар гапим эса:
“Айтгинки: “Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар. Ва албатта, ғайбни ва шаҳодатни билгувчи зотга қайтарилурсизлар. Бас, У сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берадир” (“Тавба” сураси 105-оят)

Аллоҳ ёр ва ёрдамчимиз бўлсин!

Aбдулқодир Ал Азҳарий

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!