Таҳлил

Ҳусийлар ким ўзи? Улар қандай қилиб давлат тепасига келиб қолди?

4566

Кунда кунора Яманда юзага келган куч – ҳусийлар ҳақида ўқиймиз, эшитамиз. Улар томонидан қилинаётган ишлардан кимлардир ғазабда, кимлардир рози. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ҳусийлар ўзи ким? Улар қандай қилиб бугунги даражага етди?

Ҳусийлар – шия зайдийлари (жарудийлар)дан ташкил топган, ҳарбийлашган гуруҳ. Яман ҳудудида фаолият олиб боради.

2004 йилда Яман ҳукуматига қарши қуролли курашлар бошланиб кетди. Мухолифлар мамлакатнинг бир қатор жанубий ҳудудлари устидан назорат ўрнатди. Ҳусийлар 2011 йилда Яман революциясида қатнашди. Бунинг натижасида президент Али Абдулла Салоҳ истеъфога чиқшга мажбур бўлди.

2015 йилда Яман пойтахти Сана эгалланиб, Революцион кенгаш тузилганидан сўнг мамлакатни бошқарадиган яна бир куч пайдо бўлди. Революцион кенгашнинг президенти Муҳаммад Али Ҳусий ҳисобланади. Унинг Яман устидан президентлиги БМТ, АҚШ ва Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик иттифоқи томонидан тан олинмаган.

Муҳаммад Али Ҳусий

Ҳусийларнинг Эрондан ҳарбий ва молиявий кўмак олиб туриши тахмин қилинади. Шунингдек “Ҳизбуллоҳ” партияси билан ҳам яқинлиги айтилади.

Гуруҳ унинг асосчиси ва собиқ раҳбари Ҳусайн Ҳусийнинг шарафига номланган. У 2004 йилда Яман армияси томонидан ўлдирилган.

Ҳусийлар зайдийлик мазҳабига амал қилади. Зайдийлар асосан Яман шимолида яшайди ва мамлакатда сон жиҳатидан учинчи ўринда туради. 2004 йилда ўзини имом деб эълон қилган Ҳусайн Ҳусий Яман ҳукуматини зайдийларга нисбатан камситишга йўл қўйганликда айблаб, қўзғолон бошлади.

Ҳусийнинг вафотидан сўнг гуруҳ раҳбарлиги унинг акаси Абдул Малик Ҳусийга ўтди. 2009 йилда Саудия Арабистони кўмаги билан ҳукумат қўшинлари қўзғолонни бостирди. 2010 йилнинг февраль ойида ҳусийлар ва Яман раҳбарияти ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланди.

Яман ҳукумати ҳусийларни Эрон ёрдамидан фойдаланаётганликда айблайди. Ҳусийлар эса мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси эътиқод қиладиган шияликни суннийлик таъсиридан сақламоқчи эканини билдирган. Бундан ташқари ҳусийларнинг талабларидан бири мамлакат шимолидаги асосан шиялар яшовчи Саада провинцияга автономия мақомининг берилишидир. Ҳусийларга қарши бўлганлар эса уларни 1962 йилдаги революцияга қадар Шимолий Яманда мавжуд бўлган зайдийлик имоматини тиклашга ҳаракат қилаётганликда айблаб келади.

Ҳаракатнинг жангари қаноти “Ансар Аллоҳ” гуруҳи ҳисобланади. 2014 йилнинг ноябрь ойида БМТ гуруҳнинг ҳарбий етакчилари бўлмиш Абдул Холид Ҳусий ва Абдуллоҳ Яҳё Ҳакимни “тинчликка, мамлакат барқарорлигига таҳдид ва сиёсий жараёнга аралашув”да айблаб, санкциялар жорий қилди.

2011 йилда мамлакатда президент Али Абдуллоҳ Салоҳнинг бошқарувига қарши ҳаракатлар бошланганидан сўнг, ҳусийлар Яман шимолида ўзларининг таъсир доирасини кенгайтирди. Улар нафақат ҳукумат қўшинларига қарши, балки “Ал Ислоҳ” партияси кучлари, хашид қабилалари конфедерацияси, “Ал Қоида” жангарилари ва уларга алоқадор бўлган “Ансор аш Шариа” гуруҳига қарши ҳам ҳарбий ҳаракатлар олиб борди.

2014 йилда ҳусийлар мамлакат раҳбариятининг бензин нархининг кескин ошиб кетишига сабабчи бўлган нефть маҳсулотларига субсидияларни камайтириш ҳақидаги қарорига қарши Яманнинг бир қатор ҳудудларида оммавий  намойишларни бошлаб юборди. 2014 йилда ҳусийлар пойтахт Сананинг бир қатор туманларини, жумладан бир қатор давлат идораларини қўлга киритди.

2014 йилнинг 21 сентябрида ҳусийлар ва Яман ҳукумати БМТ даллоллигида келишув имзоладилар. Келишувга ҳукумат раҳбари Муҳаммад Басиндванинг истеъфога чиқиши шарт қилиб қўйилганди. Ҳусийлар етакчиси Абдул Малик Ҳусий томонидан таҳдид бўлгани сабабли Аҳмад Авад ибн Муборак ҳукуматни бошқаришдан бош тортди.  2014 йилнинг 13 октябрида ҳусийлар томонидан тасдиқланган номзод – Холид Маҳфуз Бахах бош вазир этиб тайинланди.

2014 йилнинг декабр ойида гарчи тинчлик келишуви имзоланган бўлишига қарамай ҳусийлар ҳарбий курашни давом эттирдилар. Натижада Арҳаб, Худайда шаҳарларининг катта қисми, «Сафар петролеум» давлат нефть компанияси ва Санадаги “Ас Саура” давлат газетаси устидан назорат ўрнатди.

2015 йилнинг 19 январида ҳусийлар бош вазир Холид Маҳфуз Бахахнинг кортежига ҳужум қилдилар ва Санадаги давлат телекомпанияси устидан назорат ўрнатдилар. Бир неча соат давом этган отишмадан сўнг ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди ва унинг эртаси куниёқ келишув бузилди. 20 январь куни  ҳусийлар махсус хизмат биноси ва Санадаги президент резиденциясини қўлга киритдилар.

22 январь санасида президент Абд Раббо Мансур Ходий истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди. Ўша пайтда Яман депутатлар палатаси раҳбари президентнинг аризасини кўриб чиқиш ва бу масалада овоз бериш учун 24 январь куни зудлик билан йиғилиш ўтказиш кераклигини билдирди. Аммо бу мажлис ўтказилмади. Шунингдек Яман ҳукумати аъзолари ҳам мамлакат президенти номга истеъфо беришларини билдириб, ариза юбордилар.

1 февраль куни ҳусийлар мамлакат сиёсий партиялари олдига ультиматум қўйди: агар уч кун ичида янги ҳукумат тузилмайдиган бўлса, исёнчилар ўз қарорини қабул қилади.

5 февраль куни ҳусийлар янги “конституцион декларация” қабул қилгани маълум бўлди. Ямандаги аксар сиёсий кучлар мамлакатни бир йил давомида бошқарувчи президентлик кенгаши тузиш бўйича келишувга эришдилар. Унинг таркибига беш киши кирди ва уни Жанубий Яман президенти Али Носир Муҳаммад бошқарадиган бўлди. Музокараларда тўққиз партия ва гуруҳлар, жумладан Социалистик партияси, “Хироқ” жанубий сепаратистик ҳаракати вакиллари қатнашди.

Ҳали ҳамон ҳусийлар ва Яман ҳукумати ўртасидаги зиддиятлар давом этиб келмоқда. Тузилган келишувлар тинимсиз бузиляпти. Бунинг натижасида тинч аҳоли, биринчи навбатда болалар зарар кўрмоқда.

Моддий жиҳатдан қийналаётган аҳоли вакилларига инсонпарварлик ёрдамларини етказиш даражаси ҳам пастлигича қолмоқда. Ҳусийлар назоратида бўлган ҳудудларнинг аксарига ёрдам етказиш имконияти мураккаб бўлиб қолмоқда.

2019 йилга келиб ҳам ҳусийларнинг ҳарбий ҳаракатлари асло тўхтагани йўқ. Яқиндагина улар томонидан Саудиядаги нефть инфратузилмасига зарбалар йўлланди. Саудия Арабистони томони эса гарчи жавобгарликни ҳусийлар ўзига олган бўлишига қарамай, бунинг ортида Эрон турганини айтиб келди.

2019 йилнинг 22 сентябрь куни ҳусийлар лагеридаги манба расмий Теҳрон исёнчиларга Саудия қироллигинин нефть инфратузилмаларига яна ҳужум уюштириш бўйича босим ўтказаётгани ҳақида хабар берди. Демак, тахминлар қайсидир маънода ўз аксини топди.

Интернет маълумотлари асосида Муҳаммад Темур Аъзам тайёрланди

Ўхшаш мақола: Саудия Арабистонига «нефть зарбалари»: Кўрфаздаги порох бочкаси портлайдими?

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Оқ уй Исроил ва араб дунёсига оид янги сценарийни илгари сурмоқда

1380 21:20 25.08.2020

БАА ва Исроилнинг дўстлиги Яқин Шарқда нимани ўзгартиради?

1000 17:14 19.08.2020

Эрон: коронавирус қурбонлари сони камаймаяпти

1384 08:30 30.03.2020

Фаластин, Тринидад ва Тобагода коронавируснинг илк қурбонлари

573 15:30 26.03.2020

Хамас делегацияси Москвага расмий ташриф билан келди

800 17:00 02.03.2020

Эрон: Қуролли кучлар коронавирусга қарши ташланмоқда

1116 12:00 24.02.2020
« Орқага