Ибн ал-Арабий роҳимаҳуллоҳ шайхи акбарми ёки шайхи акфарми?!

15:50 30.05.2019 1640

Тасаввуф оламининг энг машҳур вакилларидан бири, шубҳасиз, Муҳйиддин ибн ал-Арабий ҳисобланади. У мелодий 1165-1240 йилларда яшаб ўтган бўлиб, “Шайхи акбар” (“Энг улуғ шайх”) номи билан танилган. У ислом оламининг баракали ижодкорларидан бири ҳисобланади, унинг 500 га яқин асарлар таълиф қилганлиги айтилса-да, бироқ, муаллиф ўз асарларига бағишланган рисоласида 250 та асари борасида маълумот қолдирган. Шулардан икки асари жуда машҳур: “ал-Футуҳот ал-маккия” ҳамда “Фусус ал-ҳикам” номли асарлари. Ибн ал-Арабий ўзининг “ваҳдат ал-вужуд” деб аталган таълимоти билан тасаввуф оламида чуқур из қолдирган. Мазкур таълимот сабабли Ибн ал-Арабий “Шайхи акфар” (“Энг кофир шайх”) лақабини орттириб олган. Бу ҳам етмагандек, унинг ўз дўстлари, мухлислари, шогирдларини ҳам кофир, деб эълон қилдилар. Бу билан ҳам кўнгиллари тўлмасдан, “Кимки Ибн ал-Арабийнинг куфрига шак келтирса, у ҳам кофирдир!”, дея фатволар ёзиб тарқатдилар.  

“Ваҳдат ал-вужуд” таълимотига кўра, дунёдаги жами нарсалар ботиний эътибордан Аллоҳ таолонинг кўринишидир, у билан биргадир. Фақат жами нарсалар зоҳирий эътибордан Аллоҳ таолодан ўзгадир. Ушбу таълимот “иттиҳод” (“бирлашиш”), “ҳулул” (“киришиб кетиш”) ҳам деб аталади. Лекин, “ваҳдат ал-вужуд”чилар ўзларининг таълимоти булардан бошқа эканини таъкидлаб келадилар.

“Ваҳдат ал-вужуд” бу дунёдаги жами яралмишлар Аллоҳнинг зотини билдиради. Бутун коинот Аллоҳдир, деган таълимот ҳисобланади (Аҳмад ибн Абдулазиз. Ақидат ас-суфия ваҳдат ал-вужуд ал-хафия. – Риёз: Мактабат ар-рушд, 2003. – Б. 30).

“Ваҳдат ал-вужуд” таълимотига кўра муайян бир соннинг ичида бошқа сонлар юргани каби Аллоҳнинг муқаддас зоти бошқа яралмишларнинг ҳар бирида зоҳир бўлади (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 205).

Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)нинг мазкур “ваҳдат ал-вужуд” таълимоти тасаввуф оламида бомбадек портлади. Ушбу таълимот барча тасаввуф тариқатларини қамраб олди, жумладан, нақшбандийлик ҳам то Имом Раббоний (р.ҳ.)гача ушбу таълимотни асос қилган. Шу билан бирга, бу таълимот ислом оламига жуда кўп тортишувлар, бир-бировни куфрда айблашлар, “такфир” ва қатл каби аянчли ҳолатларни мусулмонлар бошига солиши билан ҳарактерли бўлиб қолди.

Ибн ал-Арабий ва унинг таълимотини қоралаган ислом олимлари жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:    

Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)га илк бор қарши чиққанлардан бири, мелодий 1261-1336 йилларда яшаб ўтган, 300 дан ортиқ асарлар битган, тасаввуфнинг машҳур вакили Рукниддин Алоуддавла ас-Симноний бўлиб, унинг Ибн ал-Арабий асарига ёзган ҳошия-изоҳларида уни қаттиқ қоралаган ва куфрда айблаган (Абдурраҳмон ал-Жомий. Нафаҳот ал-унс. – Тошкент, 1913. – Б. 536).

Шофиъий мазҳабининг буюк олимлари Тақийуддин ас-Субкий Ибн Дақиқ ал-Ийд (р.ҳ.)дан ривоят келтиради. Ибн Дақиқ ал-Ийд бундай деган экан: “Мен қирқ йилдан бери нима савол бўлса, барчасига Аллоҳ олдида жавоб беришга ҳам тайёр бўлган жавоблар бериб келганман! Уламолар султони дейилган устозим Иззуддин Ибн Абдуссалом (р.ҳ.)дан Ибн ал-Арабий ҳақида сўрадим. Ул зот: “Ибн ал-Арабий каззоб ва ёмон шайх. У оламнинг қадимийлиги – азалий эканини айтган одамлардан бири”, деганди.

Қироат илмининг буюк олимларидан бири бўлмиш Имом ал-Жазарий эса Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни агар гапларини ўзи айтганлиги рост бўлса, у насроний ва яҳудийлардан кўра ҳам ифлосроқ, деган ва унинг китобларини ўқишни ҳаром санаган.

Таниқли шофиъий олими, “ал-Иршод” асари муаллифи  Ибн ал-Муқиррий (р.ҳ.): “Кимки насроний ва яҳудийларнинг куфрига, шунингдек, Ибн ал-Арабийнинг тоифасидагилар куфрига шак қилса, у ҳам кофир!”, деган.

Таниқли олим Ҳофиз аз-Заҳабий “Сияр аълом ан-нубало” асарида Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)нинг “Фусус ал-ҳикам” асари борасида: “Агар бу китобда куфр бўлмайдиган бўлса, дунёда умуман куфр қолмаган бўлади”, деган (Шамсиддин Муҳаммад аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. 23-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1985. – Б. 48).

“Саҳиҳ ал-Бухорий”га “Фатҳ ал-Борий” номли кўп жилдли шарҳ битган машҳур ҳадисшунос олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзининг “Лисон ал-мезон” асарида ўз устози таниқли шофиъий олими Сирожиддин ал-Булқиний (р.ҳ.)дан Ибн ал-Арабий ҳақида сўраганини у эса дарҳол уни кофир деганини нақл қилган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Лисон ал-мезон. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-башоир ал-исломия, 2002. –Б. 125).

Калом илмининг буюк олимларидан бири Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний ҳам барча мутакаллимлар сингари Ибн ал-Арабий ва “ваҳдат ал-вужуд” таълимотини қоралаган ва инкор қилган. Саъдуддин ат-Тафтазоний (р.ҳ.)нинг “Шарҳ ал-мақосид” асарининг “вужуд”, “ваҳдат”, “иттиҳод”, “ҳулул” сингари атамаларга бағишланган қисмларида бу нарса яққол кўринади. Жумладан, Имом ал-Ғаззолий мақтаган соликларнинг “тавҳиддаги фано” тушунчаси танқид остига олинади (Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-мақосид. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 43-44).

Саъдуддин ат-Тафтазоний “ваҳдат ал-вужуд” таълимотига бағишланган алоҳида раддиясида рисоланинг бошиданоқ Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)нинг “ал-Фусус ал-ҳикам” асарига: “умматни залолатга бошловчи китоб”, дея ҳукм ўқийди ва рисола давомида “ваҳдат ал-вужуд” таълимотига эргашганларни “кофирларнинг энг кофири” дея қайд қилиб кетади.

Ҳанафий олимларидан Ибн Камол Пошшо (р.ҳ.)нинг шогирдларидан дейилган Ибн Турхон “ваҳдат ал-вужуд” таълимотига оид раддиясида эса Ибн ал-Арабий тутган йўлини исломдаги энг катта мусибат, деб баҳолаган (Мажмуату фи ваҳдат ал-вужуд. – Миср, 1916. – Б. 48).

XVI асрда яшаган Истанбулда қози ва муфтий бўлган, ҳанафий олими, “Тафсири Қози Байзовий”га ҳамда “ал-Иноя шарҳ ал-Ҳидоя”га ҳошиялар боғлаган, Аллома Саъдий Чалабий ўзининг “Фусус ал-ҳикам” бўйича чиқарган фатвосида уни куфрда айблаган. Ўша даврда яшаган, Мисрда қози, Истанбулда муфтий, Онадўлида қозиаскар бўлган, ҳанафий олимларидан бири Жўйзода Муҳаммад ал-Ҳанафий ҳам Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни айблаб, қоралаган.

Таниқли ҳанафий олими Мулла Али ал-қори ҳам Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)га қарши чиққан олимлардан бири бўлиб, унинг 164 бетлик махсус раддияси “ар-Радд ъала-л-қоилина би-ваҳдат ал-вужуд” (“Ваҳдат ал-вужудни айтувчиларга раддия”) 1995 йилда Дамашқда нашр қилинган. Унда Али ал-қори Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни жуда қоралайди, унинг куфрига фатво беради.

Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни юқоридаги каби қоралаган ва “такфир” қилган уламолар билан бир қаторда ул зотни ва унинг таълимотини мақтаган ислом олимлари ҳам жуда кўплаб топилади. Ҳали айтганимиздек, нақшбандия тариқатида ҳам Имом Раббоний гача унинг таълимотини тариқат асоси сифатида кўрилган.

Мазкур зотни ва унинг таълимотини ёқлаганлар жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:

Шофиъий мазҳабининг улуғ олимларидан Садриддин ал-Қўнавий биринчи бўлиб, Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни қўллаб-қувватлаб чиққан. Унга муносиб шогирд сифатида бир қанча асарларида Ибн ал-Арабий фикрларини соф исломий эътиқод бўйича тушунтиришга ҳаракат қилган. Садриддин ал-Қўнавий (р.ҳ.)нинг “Сураи фотиҳа”нинг ўзига битган тафсир китоби машҳурдир.

“Ҳужжат ал-ислом” номи билан танилган, исломнинг энг буюк олимларидан бири ҳисобланадиган Абу Ҳомид Муҳаммад ал-Ғаззолий ҳам Ибн ал-Арабий томонида бўлиб, унинг “ваҳдат ал-вужуд” таълимотини ёқлаб чиққан. Имом ал-Ғаззолий ўзининг “Эҳё улум ад-дин” асарида тавҳид мартабаларини тўртга бўлинишини айтиб, тавҳиднинг энг юқори тўртинчи мартабасини “ваҳдат ал-вужуд” эканини айтади. У бундай ёзади:

والرابعة أن لا يرى في الوجود إلا واحدا وهي مشاهدة الصديقين وتسميه الصوفية الفناء في التوحيد لأنه من حيث لا يرى إلا واحدا فلا يرى نفسه أيضا وإذا لم ير نفسه لكونه مستغرقا بالتوحيد  

“Тўртинчиси, вужудда фақат биттани кўради, холос. У сиддиқлар мушоҳадасидир, сўфийлар уни “тавҳиддаги фано” деб атайдилар. Чунки, у ҳеч нарсани кўрмайди, фақат биттани кўради. Шунда ўзини ҳам кўрмайди. Қачон ўзини кўрмаса, унинг тавҳидга ғарқ бўлгани шу бўлади” (Муҳаммад ал-Ғаззолий. Эҳё лум ад-дин. (йили ва жойи кўрсатилмаган) 4-жилд. – Б. 240). 

Имом ал-Ғаззолий (р.ҳ.)нинг мазкур иборасини тасаввуфчилар “ваҳдат ал-вужуд” изоҳи деб атаганлар. Умуман, Имом ал-Ғаззолий бу хилдаги фикрларни бошқа асарларида ҳам давом қилдирган. Чунончи, “Кимёи саодат”да бундай дейилган:

درجه جهارم آنست كه جز يكى را نه بيند و همه را خود يكى بيند و يكى شناسد تفريقه را درين مشاهده هيج راه نبود و اين راه صوفيان فنا در توحيد كويند جنانكه حسين حلاج ...

“Тўртинчи даража шулки, бирдан бошқани кўрмайди, ҳаммани ўзи битта деб кўради ва билади. Бу мушоҳадада тафриқага ҳеч қандай йўл йўқ. Сўфийларнинг бу йўлини “тавҳиддаги фано” дейдилар, чунончи Мансури Ҳаллож ...” (Имом Ғаззолий. Кимёи саодат. – Ҳиндистон: Навол кишвар, 1279. – Б. 510).

Имом Ғаззолий ўзининг “Мишкот ал-анвор” асарида “Ла мавжуда иллаллоҳ!” (“Аллоҳдан ўзга мавжуд йўқ!”), “Лайса фи-л-вужуд иллаллоҳ!” (“Вужудда Аллоҳдан ўзгаси йўқ!”) каби ибораларни ишлатган.

1181-1235 йилларда яшаган “Ошиқлар султони” лақабига эга, ўз даврининг энг машҳур шоири саналган Шарафуддин Умар Ибн ал-Фориз Ибн ал-Арабий таълимотини ўзининг девони, қасидаларида давом қилдирди ва ривожлантирди. Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)га раддия битганлар унга ҳам алоҳида раддиялар қилганлар.

1213-1291 йилларда яшаб ўтган, Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)нинг “Фусус ал-ҳикам”ига шарҳ битган Афифуддин ат-Талмасоний ҳам унинг таълимотига эргашган таниқли шахслардан бўлади.

1216-1270 йилларда яшаган Қутбиддин Ибн Сабъин ҳам Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)га эргашган. Уни “Аллоҳ мавжудотларнинг ҳақиқатидир”, дегани боис Андалусиядан бутун умрга бадарға қилинган, Маккада эса сўйиб ўлдирилган. 

“ал-Қомус”, “Сафар ас-саодат”, “Табақот ал-фуқаҳо” каби асарлар соҳиби Маждуддин аш-Шерозий ал-Ферузободий эса ўзининг фатволар тўпламида Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни роса мақтаган экан.

Бугунги кунда ҳикматлари кенг тарқалаётган, Ҳазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 5 жилдлик қилиб шарҳ қилган “ал-Ҳикам ал-Атоия” соҳиби Ибн Атоуллоҳ ҳам Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)нинг авлиёлигига шак қилган эмас, ҳикматларида эса унинг таълимоти сингдирилган.

Таниқли мутасаввиф ва тарихчи олим Имом ал-Ёфиъий уни ёқлаб чиққан ва Абдулазиз ибн ал-Изз (р.ҳ.)га бу борада айтган гаплари учун раддиялар қилган.

Ҳанафий мазҳаб олимларидан бўлмиш уч нафар зот – 1330 йилда вафот қилган Абдурраззоқ ал-Қошоний (р.ҳ.), 1350 йилда вафот қилган Довуд ал-Қайсарий ва 1550 йилларда вафот қилган Аҳмад ал-Жандий кабилар ҳам Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни тушунишга ҳаракат қилганлар ва унинг асарларини тўғри эътиқод бўйича тушунтиришга урунганлар.

1350-1431 йилларда ўтган, турк диёрининг энг машҳур алломаси, ҳанафий олими, шайхулислом Шамсиддин ал-Фанорий ҳам Ибн ал-Арабий асарларини севиб мутолаа қилган ва шунинг учун айрим кимсаларнинг таънасига гирифтор бўлган эди.

Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг энг катта халифаси, ўз асарлари ила нақшбандия тариқатини назарий жиҳатдан исботлаб, асослаб берган зот Хожа Муҳаммад Порсо ҳисобланади. Абдурраҳмон Жомий (р.ҳ.)нинг “Нафаҳот ал-унс”, Алишер Навоий (р.ҳ)нинг “Насоим ал-муҳаббат” асарларида айтилишича, Хожа Муҳаммад Порсо ҳазратлари: “Фусус” жондир, “Футуҳот” эса кўнгилдир!”, деган эканлар. Ул зот яна бундай деганлар: “Кимки “Фусус”ни яхши билса, унда Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш қасди кучаяди” (Абдурраҳмон ал-Жомий. Нафаҳот ал-унс. – Тошкент, 1913. – Б. 378; Алишер Навоий. Насоимул муҳаббат. Илмий-танқидий матн. – Т.: Мовароуннаҳр, 2011. – Б. 209).

Темурийлар даврининг таниқли алломаларидан бири, мунозараларда Аллома ат-Тафтазоний (р.ҳ.)дан ҳам устун келган зот Саййид Шариф ал-Журжоний ҳам “ваҳдат ал-вужуд” таълимотини ёқлаб форс тилида кичик бир рисола битган. Ушбу рисолани Саййид Шариф ал-Журжоний (р.ҳ.)нинг ўғли араб тилига ўгирган.  

Буюк мутафаккир Абдурраҳмон ал-Жомий эса ўттиз йил Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)нинг асарларини севиб мутолаа қилганлигини айтиб, унга “Нақши Фусус” номи билан шарҳлар битган. Абдурраҳмон ал-Жомий “Нафаҳот ал-унс”да Ибн ал-Арабий (р.ҳ)ни мақтаб гапирган, “Фусус ал-ҳикам”га таъна қилувчиларнинг таъналарининг энг катта сабаби, ё тақлиддан ёки унинг истилоҳларини тушунмасликдан ёки унинг асарларида келтирилган ҳақиқатларнинг маъноларини билмаслик оқибатидандир”, деган (Абдурраҳмон ал-Жомий. Нафаҳот ал-унс. – Тошкент, 1913. – Б. 529).

Ҳанафий олимларнинг энг улуғларидан ҳисобланган, Истанбулда қози ва ўн йил давомида муфтий бўлган, 1534 йилда вафот қилган, ўзининг 300 дан ортиқ асарлари билан ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик эътиқодига буюк ҳисса қўшган Ибн Камол пошшо ҳам Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни мақтаган. У Ибн ал-Арабий тўғрисида чиқарган алоҳида фатвосида қуйидагича хитоб қилган:

أيها الناس اعلموا ان الشيخ الاعظم و المقتدى الاكرم قطب العارفين و امام الموحدين محمد بن على العربى الطائى الحاتمى الاندلسى مجتهد كامل و مرشد فاضل له مناقب عجيبة و خوارق عادية و تلامذة كثيرة مقبولة عند الفضلاء و العلماء و من انكر فقد اخطأ و من اصرّ فى انكاره فقد ضلّ يجب على السلطان تأديبه و عن هذه الاعتقاد تحويله اذ السلطان مأمور بالامر بالمعروف و النهى عن المنكر و له مصنفات كثيرة منها فصوص حكمية و فتوحات مكية بعض مسائلها معلوم اللفظ و المعنى و موافق للامر الالهى و الشرع النبوى و بعضها خفى عن ادراك اهل الظاهر دون اهل الكشف و الباطن فمن لم يطّلع على المعنى المرام يجب عليه السكوت فى هذا المقام لقوله تعالى و لا تقف ما ليس لك به علم ان السمع و البصر و الفوآد كلّ ذلك كان عنه مسئولا و الله الهادى الى سبيل الصواب و اليه المرجع و المآب 

“Эй, Одамлар! Билингларки, албатта энг улуғ шайх, энг мукаррам пешво, орифлар қутби, тавҳид эгаларининг имоми Муҳаммад ибн Али ал-Арабий ат-Тоий ал-Ҳотамий ал-Андалусий комил мужтаҳид ва фозил муршиддирлар! Унинг ажойиб маноқиблари, содир бўлган кароматлари, кўпгина шогирдлари бордир. У фозиллар ва уламолар наздида мақбулдир.

Кимки уни инкор қилса, бас, хато қилган бўлади. Кимки ўз инкорида давом қилаверса, батаҳқиқ, залолатга кетади. Подшоҳга унга адаб киритиб қўйиши ва унинг эътиқодини ўзгартириши вожиб бўлади, чунки, подшоҳ амри маъруфга ва наҳий мункарга буюрилгандир.

Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)нинг ёзган асарлари кўпдир, жумладан, “Фусуси ҳикамия” ва “Футуҳоти маккия”. Улардаги айрим масалаларнинг лафзлари ҳам, маънолари ҳам маълум, илоҳий ишга, набавий шариатга мувофиқ келади. Айримларининг маъноси эса ботин ва кашф аҳлининг эмас, балки, зоҳир аҳлининг идрокидан яшириндир. Шундай экан, кимки уларнинг тўғри маъносига ета олмаса, бу мақомда унга сукут қилиши вожиб бўлади. Аллоҳ таолонинг гапи борлиги учун: “Сенинг илминг бўлмаган нарсада турмагин! Албатта қулоқ, кўз ва қалблар – буларнинг ҳаммаси ундан сўралгувчидир”.

Аллоҳ тўғри йўлга ҳидоят қилувчидир. Қайтиш ва паноҳ топиш унгадир” (Фатво Ибн Камол пошшо ли-ш-Шайх Муҳаммад ибн ал-Арабий // Мажмуату тисъа расоил. – Қўлёзма. Мактабату Жомеъату Риёз. Қисм ал-махтутот. – № 3230. – В. 130а).   

1641-1731 йилларда яшаб ўтган нақшбандия ва кубровия тариқатлари вакили, “ат-Тариқат ал-муҳаммадия”га ажойиб шарҳ ёзган аллома Абдулғани ибн Исмоил ан-Ноблусий таниқли ҳанафий олими ва мутасаввифи бўлиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тажвид, тасаввуф бўйича 200 дан ортиқ асарлар битган. У “ваҳдат ал-вужуд” таълимотини ёқлаб, “Изоҳ ал-мақсуд фий маъно ваҳдат ал-вужуд”, “аз-Зилл ал-мамдуд”, “Тақриб ал-калом ъала ал-афҳом” каби рисолалар ҳамда Ибн ал-Арабий асарига эса “Жавоҳиру-н-нусус фий ҳалли калимот ал-Фусус” деган шарҳ битган ва унга қарши бўлганларга “Радд ул-матин”, деган раддия ёзган.

Абдулғани ан-Ноблусий ўзининг “Изоҳ ал-мақсуд” асарида: “Ваҳдат ал-вужуд” масаласи борасида эскидан ва янгидан тортишувлар бўлиб келган. Ғофил, қосир, маҳжуб қавм уни рад қилган, бошқа қавм эса, улар ориф, муҳаққиқлар уни қабул қилган. Рад қилган кимса уни айтувчилар гапларининг маъносини фаҳмламагани учундир. Уни айтувчилар эса муҳаққиқ уламолар, ориф фозиллар, кашф, басират, гўзал сийрат, соф қалб эгаларидирлар....”, деган гапларни битади (Абдулғани ан-Ноблусий. Изоҳ ал-мақсуд. – Қўлёзма. Токио Шарқшунослик институти, № 1724. – В. 86б-87а).

Ҳинд диёридан чиққан таниқли олим Анваршоҳ Кашмирий гарчи диний заруриётларни инкор қилган одам, ўша инкорини таъвил билан айтса-да, уни асло қабул қилинмайди ва уни кофир дейилади, деб фатво берган. Бироқ, у ўзининг “Саҳиҳ ал-Бухорий”га қилган машҳур шарҳи “Файз ал-Борий”да мазкур саҳиҳ тўпламда келтирилган иккита ҳадиси шарифни “ваҳдат ал-вужуд”га далил сифатида кўрсатади. У “Машойихларимиз мана шу масалага қаттиқ муҳаббат қўйган бўлсалар-да, лекин мен бунга қаттиқ ёпишиб олмайман!” деб ёзади, иккинчи ҳадис шарҳида эса “Шундай ваҳдат ал-вужуд мумкинми ўзи ёки йўқми?”, деган саволга жавоб бериб, “албатта бу мумкин, бироқ, унга жуда чуқур кетмаслик керак”, деган хулосани билдиради (Қаранг: Муҳаммад Абдуллоҳ Форуқ Ансорий. Аш-Шайх Муҳаммад Анваршоҳ ал-Кашмирий ва ароуҳу ал-эътиқодия. – Мадина: Жомеъату Умм ал-қуро, 2000. – Б. 104а-б).  

Бугунги кундаги мусулмонлар каби ўша даврлардаги одамлар ҳам Ибн ал-Арабий ва унинг “ваҳдат ал-вужуд” таълимотига нисбатан бўлган ва бўлаётган икки хил фикр тарафдорларининг қайсинисига қўшилишни билмасдан карахт эдилар. Уни кофирга чиқарай десалар, унга тарафдор бўлганларнинг сон-саноғи йўқ. Унақада, бутун ислом оламини куфрда айблашга тўғри келади. Бу тарафга ён босай десалар, у тарафда исломнинг буюк олимлари бор. Бу хилдаги муаммога ҳижрий иккинчи минг йилликнинг мужаддиди сифатида танилган Имом Раббоний йўл топдилар. У зот 1563-1625 йилларда Ҳинд диёрида яшаган нақшбандия тариқатидаги мутасаввиф олим бўлиб, “ваҳдати вужуд”чиларга қаттиқ тегмасдан, “балки бу бандадаги бир мақом, илоҳий тавфиқ насиб қилса, банда ундан ўтиб яна бошқа мақомга юқорилаб боради. Бу “ваҳдати вужуд”дан кўра юқорироқ бир мақом бўлиб, “ваҳдати шуҳуд” деб аталади. “Ваҳдати шуҳуд”да банданинг кўзи қуёш чиққанда қамашиб, нарсаларни кўрмай қолганидек, аслида бор мавжуд нарсаларни йўқдек тасаввур қилади”, деганга ўхшаш фикрлар билдирди. Энди, бу ақлга ҳам, исломий шариатга ҳам тўғри келадиган таълимот эди!

Шунинг учун ҳамма унга қўшилди, натижада Имом Раббоний (р.ҳ.)ни мужаддид (динни янгиловчи) сифатида улуғланишига сабаб бўлди. Бу Имом Раббоний (р.ҳ.)га берилган Аллоҳнинг буюк мадади ва тавфиқи эди. Имом Раббоний (р.ҳ.): “Энг аввал тавҳиди вужудийни очиқ айтган кимса Шайх Муҳйиддин ибн ал-Арабийдир. Бизнинг ўтган машойихларимиздан кимки ушбу тавҳид ва иттиҳод ҳақида гапирган бўлса, уларнинг ҳаммаси тавҳиди шуҳуд ҳақида сўзлаган деб ҳисоблаймиз”, деб ўтган барча муасаввифлар ёнини олган (Имом Раббоний. Мактубот. 1-жилд. 270-мактуб. – Деҳли: Муртазавий, 1260. – Б. 344).

Бошқа ўринда эса Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни мутаххирин сўфийларнинг муқтадоси ва имоми деб, бу Шайхдан олдин ҳеч ким ушбу илмлардан ва сирлардан тил очмаган, бу гапларни ушбу тариқада баён этмаган эди, дейди. Имом Раббоний айтишича, гарчи олдингилар тавҳид ва иттиҳод борасида сукр (ўздан кетиш) ғалабаси ила гап-сўзлар айтган бўлса-да, “Ана-л-Ҳақ!”, “Субҳоний!” деган бўлса-да, бироқ, иттиҳоднинг сабабини маълум қилмаганлар, тавҳиднинг маншаъсини кўрсатмаганлар. Бу Шайх эса мутақаддиминларнинг бурҳони, мутааххиринларнинг ҳужжати бўлдилар (Имом Раббоний. Мактубот. 2-жилд. 1-мактуб. – Деҳли: Муртазавий, 1260. – Б. 5).

Шу тариқа, Имом Раббоний тариқатга янги таълимотни “ваҳдати шуҳуд”ни киритдилар. Бу таълимот бутун ислом оламида, барча тариқатлар бўйлаб яхши қабул қилинди.   

Бугунги кунда биз Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни “шайхи акбар” дейдиган олдингилар ҳам, Ибн ал-Арабий (р.ҳ.)ни “шайхи акфар” деб сифатлайдиган кейингилар ҳам шу хилда: Имом Раббоний (р.ҳ.)дек йўл тутган бўлганларида эди..., дея оламиз, холос!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!