Ибн Ҳайсам ва замонавий ёруғлик илми

19:05 10.08.2019 457

Ибн Ҳайсам кашфиётлари илмга қўшилган катта ҳисса экани айни ҳақиқат. Унинг “Манозир” асари оптиканинг беназир бойлигидир. Ибн Ҳайсам Птолемейнинг кўплаб назарияларига эътироз билдирди, янги назариялар кашф қилдики, улар замонавий оптиканинг асосига айланди.

Птолемей кўриш кўздан нарса томон йўналган ёруғлик сабаб вужудга келади, деб ўйлаган. Ибн Ҳайсамгача ҳеч ким бу фикрга эътироз билдирмаган, бироқ аллома “Манозир” китобида буни инкор этди. Унда кўриш кўрилаётган нарсадан кўз йўналиши бўйлаб тарқалган ёруғлик сабабли вужудга келишини баён қилди.

Ибн Ҳайсам кўзни пухта ўрганган биринчи олим ҳисобланади. Кўзнинг ҳар бир қисмини ўзига хос ном билан атаган. Ғарб бу номларнинг ўзини ёки таржимасини бугунгача қўллаб келмоқда. “Қорния”ни “cornea”, “шабакия”ни “retina”, “соилул зужажий”ни “vitrous humour”, “соилул маий”ни “aqueous humour” деб ишлатишади.

Ибн Ҳайсам биринчи бўлиб қоронғу хонада тажрибалар ўтказди. Хонадаги нарса тескари кўринишини кашф қилди, бу билан тасвирга олиш асбобига замин яратди.

Ибн Ҳайсам ёруғлик илмида акси кўриниши, ёруғлик эгилишини биринчи бўлиб кашф қилган. Сувда, ойнада, ҳавода ёруғлик синишини изоҳлаб берди.

У ёруғлик латиф жисм бўлиб, узун ва энли нурлардан таркиб топади, деб таърифлайди. (Рахоб Аковий. “Ҳасан ибн Ҳайсам ҳаким ва иккинчи Птолемей”).

Сартоннинг ёзишича, Ибн Ҳайсам камераларни ихтиро қилган биринчи олимдир (Жорж Сартон, “Муқаддима литарихил илм”).

Ибн Ҳайсамнинг китобларини мутолаа қилган одам янгича услуб ва илмни кўради. “Манозир” китоби 1021 йилда ёзилган, унда муаллифнинг илмий тажрибалари баён этилади. Муаллиф илм оламида инқилоб ясади (Рахоб Аковий. “Ҳасан ибн Ҳайсам ҳаким ва Иккинчи Птолемей”).

Хулоса шуки, Ибн Ҳайсам минг йил олдин шундай илмни юзага чиқарди. Бу уламоларнинг эҳтиромига сазовор бўлди, у энг улуғ мусулмон физигидир.

Доктор Муҳаммад Юнус Хамловий айтади: “Ибн Ҳайсам инсоният тарихига ўз исмини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйди. Евклид, Птолемей каби олимларнинг фикрини таҳлил қилди, ёруғлик тезлиги қанчалар катта бўлмасин, уни ўлчаш мумкинлигини айтди, бир неча ускуналар ихтиро қилди. Декарт, Ньютон, Энштейндан олдин кўп илмий ҳақиқатларни англаганди. Лекин бугун бизнинг фарзандларимиз ҳамма ихтиро ва кашфиётлар ғайридинларники, мусулмон ота-боболаримиз ҳеч нима билмаган ва қилмаган деб билишади!”

Ибн Ҳайсам 1039 йили Қоҳирада вафот этди.

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!