Ибн Ҳайсамдан сўнг ёруғлик илми

12:00 14.08.2019 221

Беруний (ҳижрий 362-441) Ибн Ҳайсам ва Ибн Синодан кейинги ўринни эгаллайди. Немис тарихчиси Эдуард Захай (милодий 1930 йилда вафот этган) Берунийга “Инсоният тарихида энг ақлли инсон” деб таъриф берган.

Беруний ўз даврида мавжуд барча фанларга оид китоб ёзган. Математика, астрономия, фалсафа, диншунослик, тарих, география, геология, фармацевтика, физикага оид асарлари шулар жумласидандир. Уларда иссиқлик таъсири, эрувчанлик, суюқликлар хусусияти ҳақида фикр юритган (Муҳаммад Содиқ Афифий. “Татаввури фикрил илмий индал муслимийн”).

Беруний ёруғлик тезлиги овоз тезлигидан тез эканини аниқлайди. Кўриш аслида қаралган нарсанинг кўзга келаётган нури экани борасида Ибн Ҳайсам ва Ибн Сино билан ҳамфикр бўлди. Ой аслида нур таратмаслиги, балки қуёш нурини акслантиришини аниқлади. Беруний ўз фикрларини аниқ ҳужжат-далил билан исботлаб берарди.

Берунийдан кейинги илм одами Камолиддин Абул Ҳасан Форисийдир. У Шероз шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. Дастлаб отасидан, сўнг XIII асрнинг энг машҳур олими Қутбиддин Шерозийдан таълим олади. Кейинчалик Камолиддин Форисий астроном ва математик Насириддин Тусий билан танишади.

Камолиддин Форисий ёруғлик илмига, хусусан, ёруғлик эгилишига қизиқиб қолади. Евклид китобларида ҳам, фалсафа китобларида ҳам керакли жавоб топа олмай устози Насриддин Тусий ҳузурига бориб, ечим сўрайди (Муҳаммад Содиқ Афифий. “Татаввури фикрил илмий индал муслимийн”).

Тусий шогирдига Ибн Ҳайсамнинг “Манозир” китобини тавсия қилади. Форисий ушбу асардан кўплаб саволларига жавоб топади. У билан Ибн Ҳайсамнинг орасида уч юз йил фарқ бор эди. Шу вақт давомида салиб урушлари ва мўғул босқини сабаб илмий ишлар тўхтаб қолганди.

Камолиддин Форисий ёруғлик эгилувчанлиги ҳақида илмий тадқиқот олиб борди. Тегирмон тошини бир неча рангга бўяб тез айлантириши натижасида ҳамма ранглар бир хил бўлиб кўринади. У ўз ихтиролари билан Ньютондан бир неча аср олдинда эди.

Форисий камалак назариясини такомиллаштириб, унинг ранглари ва жойлашувини шарҳлади, Ибн Ҳайсам тўхталмаган нуқталарни топди. Декарт ҳам, Ньютон ҳам камалакни Форисийдек шарҳ қилолмаган. Форисий фикрига кўра, камалакнинг биринчи қобиғи ёруғликнинг икки синиши ва бир эгилишидан пайдо бўлади. Иккинчи қобиғи эса икки синиш ва икки эгилишининг натижасидир. Форисий ёмғир ёққанда қандай қилиб камалак пайдо бўлишини тўлиқ шарҳлаб берган.

Камолиддин Форисийнинг асарлари: “Танқихул Манозир лизавил ибсор ва басоир”, “Ҳала ва қавси қузах”, “Рисала фий амриш шафақ”, шунингдек, Ибн Ҳавом Бағдодийнинг “Фавоиди баҳийя фий қаваиди хисабийя” китобига шарҳ ёзган. Яна “Тазкиратул ахбаб фий баянил мутахааб” китоби ҳам бор.

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!