Ибн Ҳайсамнинг илмий услуби

19:05 08.08.2019 153

Ибн Ҳайсам икки услубга суянарди: синчиклаб ўрганиш ва хулоса чиқариш. Икки ҳолатда ҳам тажриба ва мулоҳазага асосланарди. Мақсади қалб таскин топадиган натижага эришиш, дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам асқотадиган илм ҳосил қилиш эди (Муҳаммад Содиқ Афифий. “Татаввурул фикрил илмий индал муслимийн”).

Ибн Ҳайсам ҳақиқат юзага чиқиши учун фикрлар хилма-хиллиги, баҳс-мунозара керак деб билган. У “Манозир” китобида ёзади: “Баҳсда бор маълумотларни синчиклаб ўрганамиз. Кўрилаётган нарсанинг аҳволи ва бўлакларининг хоссалари мулоҳаза қилинади. Ўзгармайдиган ҳолат ва ҳис-туйғу кайфияти эътиборга олинади. Илмий баҳсларда масала ҳавои нафс билан эмас, адолат билан муомала қилинади”.

Ибн Ҳайсам илмий баҳсларда Фрэнсис Бэкондан анча юқори савияда бўлиб, услуби мукаммал ва ҳаётий эди. Шунинг учун унинг асарлари ўқувчида яхши таассурот қолдирарди (Умар Фаруқ Таббаъ. “Абдулмуним Ҳошимий Ибн Ҳайсам муассису илмиз зовил ҳадис").

Ибн Ҳайсам илмий назариялар собит эмас, ўзгариб туради, деб биларди. У шундай дерди: “Биз тажрибаларимиз билан қалб таскин топадиган ҳақиқатга етамиз, шунда ихтилофларга барҳам бериб, шубҳаларга ўрин қолдирмаймиз” (“Манозир”).

Сигрид Ҳунке айтади: “Илмий баҳс асосчилари Рожер Бэкон, Леонардо да Винчи, Галилей эмас, балки араблар бўлган. Ибн Ҳайсам ўз тафаккури ва тажрибаси билан ўз даврида замонавий фанларга асос солган” (Сигрид Ҳунке. “Шамсул араб тастау алал ғарб”).

Ибн Ҳайсам серқирра-сермаҳсул олим эди. Фалсафа, мантиқ, тиббиёт астрономия, оптика, математикага оид асарлари сони 200 дан кўп.

Оптикага оид йигирма тўртдан ортиқ асар ёзган. Афсуски, бу асарларнинг кўпи бизга қадар етиб келмаган. Бизгача етиб келган асарлари Истанбул, Лондон ва бошқа кутубхоналарда сақланмоқда. “Манозир” олимнинг бизга етиб келган энг катта асарларидан бўлиб, ўн еттинчи асрда лотин тилига таржима қилинган (Дафаъ. “Равоиъул хазоратил арабия исламия фил улум”).

Ҳозирги кунда Ибн Ҳайсамнинг фақат элликка яқин китоби мавжуд. Шулардан бор-йўғи учтаси Қоҳирада сақланади. Қолганлари Европага олиб кетилган.

Ибн Ҳайсам геометрияга оид эллик саккизга яқин асарлар муаллифидир. Уларда Евклид, Архимедлардан мисоллар нақл қилинган, шарҳ ва изоҳга муҳтож масалаларни ўзига хос услубда шарҳлаган. Алгебра ва арифметикада ҳам ўнлаб китоблар ёзган, бироқ уларнинг аксарияти бизга етиб келмаган. Туркиянинг “Отиф” кутубхонасида маълум қисмлари сақланади, холос.

Астрономия соҳасида олиб борган изланишлари учун Ибн Ҳайсамга “Иккинчи Птолемей” деб лақаб берилган. Унинг йигирма тўрт асаридан фақат ўн еттита мақола етиб келган. Мақолаларида осмон жисмлари ва уларнинг ҳажмлари ҳақида сўз юритилган (Рахоб Аковий. “Ҳасан ибн Ҳайсам”).

Ибн Ҳайсамнинг тиббиётга оид икки китоби машҳур. Улардан бири “Тақвим синаатит тиббия” деб номланади. Унда Галеннинг ўттиз китобидаги асосий фикрлар ёзилган. Иккинчи “Мақолати фир радд ала Аби Фараж Абдуллоҳ ибн Тиб” китобини Галеннинг қарашларига раддия деб тушуниш мумкин. (Дафаъ. “Равоиъул хазоратил арабия исламия фил улум”).

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!