Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ибн Рушднинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1126-1198)

1172

Ибн Рушд – андалуслик файласуф, ҳаким, фақиҳ ва математик. Арастучилик (перипатеизм) мактабининг муҳим вакили. 1126 йилда илм-фан ва маданият марказларидан бири бўлмиш Қордовада дунёга келди. Ибн Рушд аввало моликийлик фиқҳи бўйича, шу билан бирга адабиёт, тиббиёт, риёзиёт ва фалсафа бўйича ҳам сабоқ олди.

1169 йилда Ишбилия (Севилья) қозиси, 1171 йилда Қордова бош қозиси этиб тайинланди, шу тариқа бобоси ва отасининг йўлини давом эттирди. 1182 йилда сарой табиби сифатида Марокашга борди ва 1198 йилда шу ерда вафот этди.

Ибн Рушд нафақат ислом дунёсида, балки Ғарбда ҳам муҳим из қолдирган аллома ҳисобланади. Бу ҳолат модерн даврда Ибн Рушдни олдинги планга чиқарган фикрий баҳсларнинг кўпайиши билан ҳам боғлиқ. Бошқа томондан, унинг фиқҳдан психологиягача, фалсафадан астрономия ва социологиячага бўлган қатор соҳаларни қамраб олган изланишларининг маҳсули бўлган кўплаб асарлари иброний ва лотин тилларига таржима қилинган. Асарларини учга – фалсафа, тиббиёт ва дин таснифларига ажратиш мумкин.

Ибн Рушд ўрта асрларда машҳур бўлган илм-фаннинг мантиқ, фалсафа, психология, тиббиёт ва математика сингари йўналишларида қимматли асарлар ёзди, шунингдек, Арастунинг асарларига ёзган шарҳлари билан ўрта асрлар Европасида улуғ устоз сифатида танилди. У Арастунинг “Сиёсат”дан бошқа барча асарларига шарҳ ёзган, бу асарини эса топа олмаган эди.

Аквинолик Фома сингари машҳур файсасуфлар Ибн Рушдни “шориҳ” (шарҳловчи), Арастуни эса “файласуф” дея улуғлашган эди. 2009 йилда вафот этган франциялик таниқли социолог Бруно Этьен шундай ёзган эди: “Кёльнлик Альберт ҳамма нарса учун Ибн Синодан, аквинолик Фома эса Ибн Рушддан қарздор”.

Далиллари

Худо ҳақидаги билимнинг моҳияти

Ибн Рушднинг назарида Худо танзиҳий ва субутий сифатга муттасиф (эга) улуғ зотдир. Ибн Рушд Аллоҳнинг мазкур сифатлари Қуръони каримда кўп бора тилга олинганини таъкидлайди. Субутий сифатларга намуна ўлароқ илм, ҳаёт, қудрат, ирода, эшитиш, кўриш ва калом сифатларини келтиради.

Ибн Рушд субутий сифатлардан бири бўлмиш илмга алоҳида эътибор қаратади. Унинг назарида “Яратган зот Ўзи билмасми? Ҳолбуки, У дақиқларгача билувчи ва хабардордир” ояти Аллоҳнинг илм сифатининг очиқ-ойдин далилидир. Аллома оламдаги тартибот уни вужудга келтирган бир зотнинг борлигига далолат қилишини, ўша зот Аллоҳ эканлигини айтади. Мисол тариқасида бир бинога қараб пойдеворнинг девор, деворнинг шифт учун кераклиги ҳақида фикр юритган инсон бу бинони бинокорликдан хабардор қурувчи барпо этганини ўйлашини келтиради.

Ибн Рушд ашъарийларнинг “ҳудус” далилини танқид қилган ҳамда ақлий, мантиқий, шаръий дея таърифлаган “иноят” ва “ихтиро” далилларини илгари сурган. Бу далиллар Қуръонда мавжудлигини айтган.

Иноят далили

Ибн Рушднинг фикрига кўра, бу далил ҳар нарса инсоннинг фойдаси учун яратилгани тушунчасига асосланган. Оламдаги бутун мавжудотлар инсоннинг мавжудлигига мос ва мувофиқдир. Бу мослик Яратувчининг хоҳишига биноан бўлади, унинг тасодифан бор бўлиши мумкин эмас.

Ибн Рушд бу мослик кўз билан кўриш мумкин бўлган ва инсон кундалик ҳаётида дуч келадиган очиқ-ойдин ҳақиқат эканлигини таъкидлайди. Қуёш ва юлдузларнинг мавжудлиги, кеча ва кундузнинг алмашиб туриши, тўрт мавсумнинг борлиги, инсоннинг озиқ-овқатини ҳайвонот ва набототдан олиши, сув ва ҳаво сингари энг асосий эҳтиёжларини табиатдан осонлик билан таъминлаши сингари нарсалар бу мувофиқликни кўрсатиб турибди. Ибн Рушдга кўра, буларнинг бари Аллоҳнинг инсонлар учун иноятларидир. “Мана шунинг учун ҳам Аллоҳни тўлиқ билим билан билишни истаган киши бутун мавжудотларнинг фойдаларини ўрганиши зарур”, – дея ёзади у.

Ибн Рушд иноят далилини илк бор ўзи илгари сургандек тасаввур уйғотса-да, бу ҳақда биринчи бўлиб Ибн Сино фикр юритгани маълум.  

Ихтиро далили

Мавжудотлар (яратилган ҳар нарса) мукаммал ва нуқсонсиз яратилган. Табиат, тоғлар, дарахтлар, ўсимликлар, мевалар, денгизлар, ой, қуёш, юлдузлар, ҳайвонлар... Бу мукаммал оламнинг албатта бир эгаси, яратувчиси бор. Инсон эса шунча ақли ва истеъдодига қарамай, бирор нарсани яратишдан ожиз.

Қуръонда шундай дейилади: “...Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар...” Шундан маълум бўладики, ҳаётни ихтиро қилган ва тартибга солган бир ихтирочи бор. Бу ҳаёт, бу муҳташам олам, қисқаси, бутун мавжудотлар тасодифан, ўзидан-ўзи пайдо бўлган эмас, уларнинг бор бўлиши бир ихтирочига боғлиқ, у – Аллоҳдир.

Ибн Рушд ихтиро далилини Қуръонга таянган, диний далил деб ҳисоблайди.

“Инсон ўз таомига назар солсин. Албатта, Биз сувни роса қуйиб қўйибмиз. Сўнгра ерни ўзига хос ёрдик. Биз унда донни. Ва узум ва кўкларни. Ва зайтун ва хурмоларни. Ва тиғиз боғларни. Ва мевалару ўт-ўланларни ўстириб қўйдик. Сизларга ва чорваларингизга манфаат ва лаззат бўлсин деб”.

“Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин”.

“Улар учун ўлик ер оят-(белги)дир. Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар”.

 

Амин Ариқ

(давоми бор)  

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага