Ибратли хотиралар. Убайдуллахон Маҳдум раҳматуллоҳи алайҳ

20:00 12.03.2018 1085

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман!

Уламоларимиз умматнинг йўлбошчиларидирлар. Улар қўлларида илм машъали билан одамларнинг йўлларини ёритиб берувчи устозлардир. Салафлардан бирлари шундай деган эканлар: “Агар уламолар бўлмаганида кишилар чорва ҳайвонлари каби бўлардилар”. Халқимиздаги “Устоз – отангдан улуғ” деган нақл бежизга айтилмаган. Ота-оналар фарзанднинг камолотида қанчалик ўрин эгалласалар, уламолар, устозлар унданда баландроқ мартабада турадилар. Зеро, улар одамларнинг динларига масъулдирлар. Биз улар сабаб Аллоҳни таниймиз, У Зотга қандай қилиб ибодат қилишни ўрганамиз. Улар бизларга иймон ва куфрни, савоб ва гуноҳни, ҳалол ва ҳаромни, яхши ва ёмонни таълим берадилар. Улар бизларни жаннат сари етаклаб, дўзахдан қутқарадилар, зулматдан нурга олиб чиқадилар. Қанийди уларнинг дин йўлида, уммат ислоҳи йўлида чеккан заҳматларини билганимизда! Қанийди кечалари кўзларининг нурини сарфлаб илм ўрганган олимнинг заҳматини ҳис қилганимизда!

Қуйида юртимизнинг улуғ олимларидан ҳисобланган Убайдуллохон Маҳдум раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларидаги хотираларимизни сиз азизлар билан баҳам кўрмоқчимиз. Шоядки, Фарудиддин Аттор “Тазкиратул авлиё” асарида айтганларидай: “Солиҳлар зикри вақтида раҳмат нозил бўлур. Яъни, агар бир киши дастурхонга овқат қўйса, у дастурхонга раҳмат ёғилса, дастурхон атрофида ўтирганлар маҳрум ва бенасиб қолмагай!”.

Ҳа, азизлар! Уламоларимизни, улуғларимизни қанчалик кўп зикр қилсак, у муҳтарам зотларнинг ҳаёт йўлларини қанчалик кўп ўқиб- ўргансак шунча кам. Ўтмиш олиму-уламоларимизни, устозларимизни ҳозирги ёш авлодга танитиш, у зотларнинг ҳаёт йўллари орқали яқин ўтмишимизга яна бир бор назар ташлаш фойдадан холи эмас. Зеро, биз у зотларнинг ҳаёт йўлларидаги ибратлар, пурмаъно насиҳатларга доимо муҳтожмиз.

Наманган уламоларидан бўлган Убайдуллохон Маҳдум Лутфуллоҳ Эшон ўғиллари 1927 йилда таваллуд топганлар. Дастлабки таълимни оталаридан ва машҳур олим Кароматхон эшонлардан олганлар. Сўнг “Мир араб” мадрасасида таҳсилни давом эттирганлар. Наманган вилоятидаги кўплаб масжидларда имомлик қилганлар. Мустақилликдан сўнг Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси Наманган вилояти раиси (бош қози) бўлганлар. Намангандаги “Мулла Қирғиз” мадрасасини қайта очилишида улкан ҳисса қўшганлар. У зот кўп йиллар шу мадрасада раҳбарлик, мударрислик қилганлар. Умрларининг охиригача Наманган шаҳар “Шайхча Эшон” жомеъ масжидида фахрий имом бўлиб фаолият юритганлар. 2008 йилда бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганлар. У зотнинг жанозаларини шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўқиганлар. Аллоҳ ҳар икки зотни ҳам Ўз раҳматига олсин!

Марҳум устозимиз Убайдуллохон Маҳдум домла билан кўп ажойиб ҳолатларни гувоҳи бўлганман. У киши фасоҳат ва балоғатда етук, ўта камтар, жуда ҳалол қалб соҳиби эдилар. Намангандаги машҳур “Мулла Қирғиз” мадрасасида таълим олиб юрганимда оилали бўлиб, тўрт фарзанднинг отаси эдим. Мен учун тирикчилик жуда машаққатли эди. Ўзига тўқ бўлган талабалардан ортиб қолган, қотиб моғор босиб кетган нонларни териб, оилам билан тирикчилик қилардик. Ўзим туғилиб ўсган Чуст шаҳридан мадрасага гоҳ велосипедда, гоҳ пиёда қатнардим. Буни мадрасадаги ҳужрадошим Иномиддиндан бошқа ҳеч ким билмас эди. Учинчи курсга ўтганимизда таълим пуллик тизимга ўтиши маълум қилинди. Мадрасадан токи ҳайдаб чиқаргунларича қатнаб ўқиб тураман, деган ўй билан юрардим. Кунлардан бир кун марҳум устозим Убайдуллахон Маҳдум менга қараб: “Сизни мадрасадан ҳайдаб юбормаймиз, сиздан пул олмаймиз”, дедилар. Икки йил мен учун ўқиш пулини ўзлари тўлаб юрдилар.

Кунлардан бир куни хаж сафарига кетишлари олдидан зиёратларига бордик. Шунда бир киши бир дона кўйлакни олиб келиб: “Буни фалончи бериб юборди, кийиб юраркансиз” деди. Устозимиз кўйлакни қўлларига олиб унга бироз назар солиб турдилар. Сўнгра чўнтагига қўлларини тиқиб: “Тақсир бу ердагиси қани?” дедилар. Ҳалиги киши минг хижолат билан узр сўраб, “Мана, мана!” деб чўнтагидан пул чиқариб у зотга узатди. Шунда устоз у кишига қараб: “Тақсир, бу бизга аталган эди” дедилар. Бу у зотнинг кароматлари эканлигини ўшанда кўргандик. Мен ожиз хажга кетишлари олдидан у зотдан ҳаққимга дуо қилишларини сўрадим. Устоз эса камтарлик билан: “Сиз бизни дуо қилинг, биз ҳам дуога муҳтожмиз” дедилар. У зот шундай тавозеъли, камтар инсон эдилар. 

Наманганлик ҳофиз Нуруллоҳ қори пешин намозига мадрасага келиб, тез-тез у кишини зиёрат қилиб турарди. Баъзан ҳазиллашиб ҳам турарди. Бир куни пешин намозини ўқиб, зиёрат қилмасдан мадраса масжидидан тезда юриб чиқиб кетди. Устозимизнинг одатлари шундай эдики, у зот кўпинча пешин намозини ўқиб уйларига кетардилар. Барча талабалар кўчагача чиқиб, у зотни машинага ўтириб кетгунларигача кузатиб қўяр эдик. Ўша куни ҳам худди шундай қилдик, лекин машина бир оз юргандан кейин орқага қайтиб келиб, ичидан устозимиз қайтиб тушдиларда, тўғри мадраса қоровулхонасига кириб, жавонни орқасига беркиниб олган Нуруллоҳ қорининг чакмонидан тортиб ташқарига судрагандай олиб чиқдилар. Унга қараб: “Ҳа! Мен билан ўйнашяпсанми?!” дедилар. Нуруллоҳ қори айтдики: “Отангиз Аллоҳга етишган кишилардан эдилар, мен ҳозир беркиниб оламан, агар кетди деб ўйлаб уйингизга кетсангиз, демак ҳали отангизнинг мақомларига эришмабсиз, деб сизни синагандим. Сиз ҳам етишибсиз, етишибсиз! Узр!” деди. Устозимиз яна машинага қайта миниб уйларига жўнаб кетдилар. Аллоҳ ўзининг валий қулларига ана шундай кароматларни ато айлар экан!

Наманганда масжидда ишлаб юрганимда, икки кишининг суҳбатига гувоҳ бўлгандим. Улардан бири: “Неча йилдан бери ўғлим мадрасага киролмайди, мана шу йил қанча пул кетса ҳам мадрасага киргизаман”, деб айтди. Иккинчиси эса: “Агар бунинг ўғли мадрасага кирса, Махсум почча (Убайдуллахон Маҳдум раҳматуллоҳи алайҳини шундай деб ҳурмат билан чақириларди)га ҳам ихлосим қолмайди” деди. Ўша йили ҳам унинг ўғли ўқишга киролмади, шунда ҳалиги киши: “Махсум почча ҳали ҳам шаҳримизнинг энг адолатли кишиси эканлар, у кишига янаям ҳурматим ошди”, деди ҳайратини яшира олмай.

Биродарим Иномиддин шериклари билан Чорсу бозорида юриб, пирларга қўл беришлик тўғрисида баҳс юритиб, сўнг устозимизнинг зиёратларига келибдилар. Устозимиз токчадаги бир китобни кўрсатиб, уни олишликга буюрибдилар. Китобнинг орасига хатчўп қўйилган экан. Белгилаб қўйилган жойдан ўқинг, дебдилар. Иномиддин бир оз хижолат тортибди. Шунда устоз китобни ўзлари олиб: “Ҳа Иномиддин! Пирларга қўл беришлик”, деб хатчўп қўйиб қўйилган жойдан ўқишни бошлабдилар. Таажжубки, айнан ўша жойда пирларга қўл бериш тўғрисида ёзилган экан.

Бир куни мен ожиз устозимга айтдимки: “Баъзи бир шогирдлар устозга қўл бериб, байъат қилсак нима дер эканлар деб сўрашмоқда” дедим. Шунда у зот: “Биз ҳали бу мақомга етганимиз йўқ. Қани энди бир пиру-муршид бўлсаю, биз ҳам қўл бериб байъат қилсак” дедилар. Сўнг яна: “Агар дунёда муршид тополмасангиз, Қуръон ва Суннат сиз учун йўлбошчидир, ундаги буюрилган амалларни қилиб, қайтарилганларидан қайтсангиз, мана шунинг ўзи сизга тақво ва пиру-муршиддир” деб насиҳат қилдилар.

Бу хотираларни ёзар эканман, қўлларим титраб, кўзимнинг ёшини ҳеч ҳам тўхтата олмадим. Эй Аллоҳ барча мўминлар қаторида марҳум устозимизни Ўз раҳматинга олгин! Қабрларини нурларга тўлдиргин! Омин!

Домла Мирабдуллоҳ ТОЛИПОВ

Умиджон Турсуновнинг Фейсбук саҳифасидан олинди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!