Иброний тилда ёзилган мактубга жавоб ёзган аллома

08:00 31.03.2019 1406

Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Исмоил Қаффол Шоший халқ орасида, “Подшоҳи мард бува”, “Ҳастимом”, “Ҳазрати имом” номлари билан машҳур “улуғ”, “муҳтарам”, “ал-кабир” сўзлари исмига қўшиб ёзилганидан бу ҳамюртимизнинг улуғлигини билиб олиш қийин эмас.

Калом, мантиқ, адабиёт ҳамда фиқҳ соҳасида юксак билимга эга бўлган бу зот ҳақида араб олими ва библиографи Ибн Халликон (1211–1282) ўзининг “Вафоёт ал-аъён” асарида, “Ўша пайтлари Мовароуннаҳр ҳудудида у кишига тенг келадиган олим йўқ эди”, деб ёзади.

У зот ҳадис, усул, тилшунослик ва шеъриятда энг пешқадам олим эди. Ҳаёти давомида кўп сафарларда бўлиб, Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Суғур (Шимолий Сурия) ва Шомда жуда машҳур бўлган. Қаффол Шоший билан бир вақтда яшаган Абу Мансур Саолибий (961–1038 м.) “Ятима ад-даҳр фи шуарои аҳли ал-аср” номли асарида Қаффол Шоший улуғ шоирлардан бўлганини таъкидлаб ўтган. Ўз асарида унинг шеъридан намуна келтирган:

Кўнглимиз тўқ меҳмон учун, ҳеч бир шубҳа йўқ,

Дастурхондан есин-ичсин ҳар ким очу тўқ.

Боримизни баҳам кўриш бизнингдир одат,

Нони қоту, об-ёвғонга бўлса, бас тоқат.

Рози бўлгай зиёратдин дўсти ёримиз,

Бахилларга йўқдур бизнинг асло коримиз.

Улуғ бобокалонимиз тақводорлик, зоҳидлик, парҳезкорликда ҳам бошқаларга ибрат бўлган. Ҳаёти давомида жуда кўп китоблар битган.

Уч жилддан иборат “Махосин аш-шариъ фий фуруъ аш-шофиъия” китоби нусхаси Коҳирадаги “Фозилия” кутубхонасида сақланади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ибратли ҳадисларидан намуналар жамланган “Жамоиъ ал-калим” китоби ҳам муҳим манбалардандир.

Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон Сурияда бўлганида, китобнинг микрофильмини “Зохирия” кутубхонасидан олиб келган.

Абу Бакр Қаффол Шоший ҳаж сафарига бориб қайтишда, албатта, халифалик пойтахти Бағдодда бир йил қолиб, у ердаги олиму уламолар билан ҳамсуҳбат бўлар, ўз билимини оширар, кейинги йил эса ўз юртида илм билан машғул бўлар эди.

Баъзи манбаларда айтилишича, аллома бир гал ҳаждан қайтишида Бағдодда бир ғавғонинг устидан чиқади. Рум султони араблар олдига уч масала қўйган бўлиб: ё таслим бўлиш ё айтилган миқдорда бож тўлаш ёки юборилган номадаги шеърга монанд жавоб ёзишни талаб қилади. Курашиш учун етарли куч йўқ, бож тўлашга хазинада пул йўқ бўлиб, бор умидлари учинчи шарт – иброний тилида ёзилган мактубга жавоб ёзмоқчи бўладилар. Вақт тиғиз, халифаликда бунга қодир киши топилмайди, халифа оғир аҳволда қолади. Шундай чорасиз вазиятда халифага мовароуннаҳрлик Шайх Абу Бакр шаҳарга кириб келгани ҳақида хабар етказилганида, у дарҳол: “Ҳузуримга олиб келинг”, деб яхши умид қилади ҳамда ҳар қандай шартга рози эканини билдиради.

Ҳазрат Қаффол Шоший нома билан танишиб, хизмати эвазига дунёда ягона нусхада бўлган хазинадаги Мусҳафи Усмонни сўрайди. Чорасиз халифа бунга рози бўлади. Шундай қилиб, улуғ бобокалонимиз араб халифалигини мушкул аҳволдан қутқариб, диёримизга ҳазрат Усмон Мусҳафини келтирганидан хабар берувчи ҳикоялар бор.

Яна бир сафар худди шу каби ҳолатда ўзи ҳам асирга тушиб қолади. Асирлар орасида Қаффол Шоший борлигини дарҳол Рум султонига етказишганида султон унинг ўзи ва бошқа асирларни озод қилиш эвазига “Инжил”ни араб тилига ўгириб беришни сўрайди, аввалига, бу ишни қилишим учун менга асл нусхани беринг, деб императорни чорасиз аҳволга солади, чунки дунёда шу маҳалгача Қуръондан бошқа туширилган ҳеч бир китобнинг асл нусхаси сақланмаган. Асирларнинг ҳаётини ўйлаб, ниҳоят султоннинг илтимосини бажаради. Ўзида йўқ хурсанд бўлиб, у кишининг маҳоратига, илмига тан берган султон ўша аввалги сафар мактубга жавоб ёзган олим эканини билиб, катта совға – дуру жавоҳирлар тортиқ қилади.

Ўз навбатида халифа ҳам ҳазрат Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Исмоил Қаффол Шошийнинг илтимосини бажо қилиб, сув йўлларини қайтадан очтириб, катта каналларни кенгайтириб, Тошкент шаҳри аҳолисининг сув билан сероб бўлишига ёрдам беради ва хазинадан катта миқдорда маблағ беради.

Ҳолбуки, бугунги кунда шаҳримизнинг боғи бўстон, кўкаламзор бўлиб туриши учун хизмат қилаётган сув йўлларининг ўша пайтда кенгайтирилишига Қаффол Шоший ҳазратлари сабабчи бўлган.

Манбалар асосида Шукурбек МУҲСИМОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!