Ичкари ва ташқари...

20:00 30.12.2017 2886

Жаноза намози пешинга тайин қилинган эди. Ҳали азон чақирилмай туриб, маййит солинган тобутни масжид ҳовлисига келтиришди. Тобут ортидан эргашиб келган юз чоғли одамнинг аксар қисми таҳорат олиб, намоз ўқиш учун хонақоҳга кирди. Бир неча киши эса нима қиларини билмай, ташқарида – ҳовлида қолди. Улар девор ёнида бир қатор сафланиб, оҳиста суҳбатга тушишди. Шуҳрат исмли йигит ҳам улар орасида эди. 

Вужудларни, қалбларни титроққа солиб азон янгради. Сўнгра ҳамма ибодатга киришди. Хонақоҳ ичида минглаб одам намоз ўқияпти. Эгилса ҳам, турса ҳам, бошини саждага қўйса ҳам Аллоҳни улуғлайди, Унга ҳамду сано айтади. 

Шуҳрат эса ташқарида туриб, бу ҳолатни лоқайдгина томоша қиляпти. Шуҳратнинг ёши ўн тўққизга чиқди. Ҳалигача пешонаси саждага бормаган – намоз ўқимаган. Ҳатто бошқаларнинг ибодатига ҳам эътибор бермайди. Ошнасининг дадаси вафот этганини эшитиб, “ўзбекчилик, дўстлик бурчи”, деган гаплар юзасидангина жанозага келди.
 
Ичкарида ҳамма ибодат билан машғул. Намозхонлар Аллоҳ таоло ўзларини шундай мукаммал, соғлом яратгани, ақл-идрок бергани, бошқа жамики махлуқотдан устун қилиб қўйгани, боғ-роғлар, чиройли уйлар, учқур уловлар, тоза кийим-кечаклар, анвойи таомлар, зилол сувлар, ширин-шакар фарзандлар, қўйинг-чи, дунёдаги жамики неъматларни ато этгани учун Парвардигорларига таъзим қилиб, ҳамду сано йўллашяпти.
 
Ташқарида эса… ибодат бахти ва лаззатидан бенасиб Шуҳратга ўхшаш йигирма чоғли одам ўзича «суҳбат» билан банд. Мавзулари ҳам жўн ва ғариб: об-ҳаво, мол-дунё, кайф-сафо, нарх-наво… Гўё улар ўлмайдигандай бепарво. Гўё улар ушбу тобутда ҳатто кўзини очишга, лабини бир қимирлатишга ярамай ётган ожиз-нотавон марҳумнинг аҳволига тушмайдигандай хотиржам. Гўё улар Аллоҳ таоло берган ризқ ва неъматлардан фойдаланмаётгандай мағрур. Гўё ҳаёт ва ўлим, дунё ва охират, савоб ва гуноҳ, иймон ва куфр каби сўзлар ўзларига бегонадай лоқайд…

Шуҳрат гўё икки ўт орасида қолган. Ичкарига кирай деса, кўксидан нимадир итаргандай, қулоғига кимдир «ичкарида нима қиласан» деяётгандай бўлади. Ташқарида қолай деса, ўзига ўхшаганлар ниҳоятда озлигидан хижолат чекади. Шу пайт унинг қалбида иймон билан куфр, ҳидоят билан жаҳолат қилич яланғочлаб, ўзаро аёвсиз жанг бошлаган эди. Аммо қай бирининг ғолиб чиқиши даргумон…

Ибодат ниҳоясига етди. Ҳамма жаноза ўқиш учун шошилиб масжид ҳовлисида саф тортди. Ташқарида қолиб, намоз тугашини илҳақ кутиб турганлар ҳам қаторга келиб қўшилди. Имом жамоатга қарата хитоб қилди: 

– Аллоҳ таоло айтадики, «ҳар бир жон эгаси ўлим шарбатини тотувчидир». Инсон ёшми-қарими, соғми-беморми, оқилми-нодонми, солиҳми-фосиқми, ким бўлишидан қатъий назар, бир куни бу фоний дунёни тарк этиб, абадият оламига кўчиши муқаррар. Ўлим фариштаси ҳар куни минглаб одамнинг жонини олади. Ўлим ўз қабзасига олгач, мол-дунёингизу обрў-мартабангиз ҳам, бола-чақангизу ошно-улфатларингиз ҳам – ҳеч ким, ҳеч нарса қутқариб қололмайди ёки бирор сония ўлимни кечиктира олмайди. Ўлим – ибрат, ўлим – панду насиҳат, Аллоҳнинг ҳузурига боришингиз муқаррар! Унга ҳисоб беришингиз аниқ! Шундай бўлгач, нимани кутяпсиз? Нега ибодат қилмай, ғафлатда юрибсиз? Масжидга нега кирмайсиз, бир куни  сизни ҳам тобутга солиб келтиришларини кутиб турибсизми? Нега ўлим неъматидан ибрат олмаяпсиз? Нега кечагина ёнингизда турган соппа-соғ одамнинг – чақалоқми ёки ёшини яшаган оқсоқолми, дунёни титратган саркардаю тенги йўқ алломами, ҳамманинг бирданига тобутга тушиб қолишини кўриб ҳам кўзларингиз очилмаяпти? Нега Аллоҳга тавба қилишга, ибодатга  шошилмаяпсиз? Нима учун энг қимматли умр лаҳзаларини нокерак аъмолларга, беҳуда суҳбатларга, ўйин-кулги ва фаҳш ишларга совуриб юрибсиз? Нега Парвардигорга итоатда бўлишга, намоз ўқишга имкон ва тоқат топа олмайсиз?!…

Шуҳрат имомнинг бу гапларидан бир сесканди. Унинг хитобати ўзига қаратилгандай вужуди зирқираб кетди. Кўксини алам, армон, таассуф олови чирмади. Ичида ғалаён бошланди. Бўғзидан оғир хўрсиниқ отилиб чиқди. Икки қўлини кўтариб, такбир айтар экан, бугундан бошлаб намозни канда қилмай ўқишни дилига тугди. Қатъий бир қарор берди. 

Аёвсиз жангда иймон ғолиб келди…

Аҳмад МУҲАММАД
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!