Янгиликлар

Идлиб: ким ким билан урушмоқчи (эмас)?

1685

Суриядаги можаро шу кунларда охирги 4 йилдаги энг жиддий фазасига кирди. 2016 йилда Ассад қўшинлари Россия ёрдамида мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлган Ҳалабнинг асосий қисмини кенг кўламли кампания орқали эгаллагач, бошқа жойларни кичик жанглар билан эгаллаб чиққан эди.

Ҳукумат назорати остига ўтган ҳудудлардаги мухолифат ҳам, террорчилар ҳам келишувга асосан Ҳалаб, Хомс ва Туркия чегараси орасида жойлашган Идлиб вилояти ва унга ёндош кичик ҳудудларга жўнатилган эди. 2018 йил сентябрида асосий ташқи кучлар – Туркия, Россия ва Эрон Сочида ушбу ҳудудда статус-квони сақлаш учун келишувга ҳам эришганди.

Бунинг учун Туркия жангариларни (ҳам террорчилар, ҳам мухолифатни) фронт чизиғига яқинлашмасликка кўндириши ҳамда Ҳалабни Хомс ва Дамашқ билан ва Россия базаси жойлашган Латакия вилояти билан боғлайдиган магистрал йўлларда эркин ҳаракатланиш имкониятини таъминлаши, Сурия ҳукумати эса Идлибга ҳужум қилмаслиги керак эди. Бироқ иккала томон ҳам бу шартларни бажармади.

Сурия ҳукумати курдлар назоратидаги шимоли-шарқ, Туркия назоратидаги Африн (шимол) ҳамда мухолифат ва террорчилар назоратидаги Идлибдан ташқари ҳамма жойни эгаллаб чиққач, 2019 йил охирига келиб ҳаммаси бошланган жой – Идлибни эгаллаш бўйича ҳаракатларни бошлади. Февралга келиб можаро кучайгач, Россия ва Туркия музокараларни бошлади. 

Айнан шундай музокаралар охирги йилларда бир неча марта жиддий тўқнашувларни тўхтатганди. Бу сафар эса музокаралар бошланган 8 февралдан Путин ва Эрдоған телефонда гаплашган 18 февралгача Ассад қўшинлари Хомс – Ҳалаб магистрал йўли атрофини тўлиқ эгаллади, шунингдек Ҳалаб яқинидаги жангарилар қўлида қолаётган водий устидан назорат ўрнатди.

Таъкидлаш жоизки, можарони тўхтатиш учун Россия ва Туркия ўзаро музокара ўтказаётган бўлса ҳам, улар бир-бири билан тўғридан-тўғри урушишни хаёлига ҳам келтирмаяпти. Ироқдаги АҚШ ва Эрон қарама-қаршилиги сингари бу ерда ҳам прокси гуруҳлар ёрдамида гибрид уруш олиб борилмоқда. Ҳаттоки

Сурия ҳукумати ҳам тўғридан-тўғри Туркия қўшинларига ҳужум қилмайди. 

Сурия ёки Россия қўшинлари ҳужумга учраса, буни Туркия қўллаб-қувватлаётган гуруҳлар, аксинча Туркия қўшинларига ҳужум қилинса, буни Россия ва Суриянинг прокси гуруҳлари амалга оширган бўлади. Аввал ҳам айтилганидек, тўғридан-тўғри уруш Россияга ҳам, Туркияга ҳам анча қимматга тушади.

Ҳозирча музокаралар ҳеч қандай натижа бермаяпти. Путин ва Эрдўғоннинг телефон орқали суҳбатидан кейин дипломатларнинг сўнгги музокараларида давлат раҳбарларининг ўзаро учрашувлари ҳақида келишилди. Яъни ҳеч нарсага келишилмади. Энди президентлар "қўл бошқаруви" режимида қуролли можаро катталашишининг олдини олишга уриниб кўришади.

Можаронинг энг эътиборли жиҳатларидан бири Идлибда Ассад ҳукумати назоратида яшашни умуман истамайдиган аҳоли йиғилганидир. Декабрдан буён ҳудуддаги аҳолининг 1/3 қисми – 900 мингдан ортиқ киши ўз яшаш жойини ташлаб, ғарброққа – Туркия чегараси тарафга кўчиб ўтгани ва қишда чодирларда яшашга мажбур бўлаётгани айтилган. Натижада болалар ўлими кўпайган. 

3,5 миллион суриялик қочқинни қабул қилган Туркия яна миллионлаб қочқинларга эшик очишга тайёр эмас. Бу орада 2016 йилги миграция инқирози пайтида қочқинларни кўҳна қитъага ўтказмаслик учун Анқарага миллиардлаб евролик ёрдам ажратган Европа Иттифоқи яна молиявий ёрдам бериш масаласини кўриб чиқмоқда.

Можаро айнан шу ерда тўхташи эҳтимоли юқори. Ҳар ҳолда Путин ва Эрдоғаннинг ўзаро учрашувидан кейин ҳам можаро шу зайлда давом этишини кутиш қийин. Тарози палласи Россия ва Сурия тарафида эканлиги инобатга олинса, ҳозиргача эгалланган ҳудудлар Ассад назорати остида қолади ва жангарилар янги фронт линиясидан ичкарироққа чекинади.

“Ташқарида” телеграм каналидан олинди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Човушўғли: "Туркия ортиқ қочқинларни қабул қила олмайди"

508 11:00 25.03.2020

Идлиб саммити Covid-19 туфайли телеконференсия кўринишида ташкилланади

398 09:00 16.03.2020

Идлибда авиаҳужумлар тўхтади, бироқ...

792 19:30 14.03.2020

Эрдоған ва Путиннинг музокарасидан кейин Идлиб «нисбатан тинч»

915 14:40 06.03.2020

Россия бомбаси Идлибга 16 кишининг ўлимига сабаб бўлди

1014 17:40 05.03.2020

Эрдоғаннинг “сюрпризи”дан Европа хурсанд эмас

2684 11:00 03.03.2020
« Орқага