Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Иффатни ранжитган муҳаббат

1343

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм 28-қисм 29-қисм)

Мутолаа

Аёлларни аёллар ҳам эзади

Орадан ўн кун ўтди. Саккизинчи қаватга қанчалик қарагиси келмасин, ўзини тиярди. Гўё қалбидаги Аллоҳга тегишли қисмни Эгасига берган, Маликбей билан қалбининг алоқасини узган эди. Буни эшитган Ойшагул билан Ҳабиба хонимнинг ишонгиси келмасди. Қандай қилиб шунчалар кучли севги бу қадар тез тугаши мумкин? Ойшагул бу саволига Ҳабибадан кутилмаган жавобни олди: 

– Чақмоқ тезлигида чиққан ерингдан ёруғлик тезлигида тушасан, қизим. Банда ўзини қутқаришга ҳаракат қилсин, Аллоҳ таолога чиройли ҳолда қайтсин, шунда инсоннинг назарида ҳамма нарса бошқача бўлади. Ўйлашимча, унинг қайтиши самимий. 

– Ҳа, опа, вақтли ухлаяпти. Бомдод намозидан кейин зикр қиляпти, деразадан умуман қарамаяпти. Сўзлари унинг ўзида эканини исботлаяпти. Мени ҳайратда қолдиряпти. Фазилат опам ҳақиқатан ҳам кучли аёл экан. Қандай метин ирода! Бу севги эмас, васваса. Васваса севгидан ҳам ёмонроқ бўлади. Агар унга ёрдам берсак, бу вазиятдан олиб чиқамиз. 

– У жудаям ўзига хос аёл. Шундай эмасми? Кучли туйғуларига, тўғрироғи, васавасасига қарамай, Маликбейга ҳеч нарсани сездирмади, “Бир аёлни йиғлатмайман”, деди. Менимча, қўлидан ўпишга лойиқ аёл... 

– Опа, Али ака билан уларни яраштирсак... 

– Бу ҳақида оғиз очмай тур. Алига нисбатан ҳозир нафрати кучли. Чунки бу ҳолатга тушишига уни сабабчи дейди, исмини эшитишни ҳам истамайди. Малик деган оловдан Аллоҳнинг изни билан қутқардик-ку, қолгани муҳим эмас. Албатта, адашмаётган бўлсак. Фазилатнинг қалби бизни алдамаган бўлса... Буни вақт кўрсатади...

 – Тўғриси, ҳаяжон билан сериал кўраётганга ўхшайман. “Эртага нима бўларкан?” деб кутишдан тўйдим. 

Фазилат ҳақиқатан хотиржам кўринарди. Шунга қарамай, Ойшагул аладанаётган бўлишидан қўрқар, ўзидан сўрашга ҳеч ботинолмасди. 

Маликдан узоқлашишга қатъий қарор қилган Фазилат танишларига хабар юбориб, ижара уй топиб беришларини сўраганди. Бошқа жойга кўчмоқчи эди. Юрагидаги кулга айланган васвасанинг Маликни кўрганида яна алангаланишидан қўрқарди. 

Уюшмага келганида ҳамма ундаги ўзгаришни пайқади, лекин сабабини билишмасди. Бошлиқ ёрдамчиси Насиба хоним телефон рақами ёзилган қоғозни бераркан, изоҳлади: 

– Бу рақам эгаси сизни камида ўн марта сўради. “Малол келмаса, менга албатта қўнғироқ қилсин”, деди. 

Фазилат қайд қолдирган кишининг қалбини бўйсундиролмаётган аёл эканини билди, дарҳол қўнғироқ қилди. Аёл ҳўнграб йиғлар, ёрдам сўраб илтижо қиларди. Фазилат қалбнинг Аллоҳга қайтиши учун нима керак бўлса, тушунтирар, лекин ҳамма юрак эгаси ҳам буни доим эшитавермасди. Аввалги саволини такрорлади: 

– Севиб қолган кишингиз буни ҳис қилдими? 

– Менимча, ҳа. У кўзларини мендан олиб қочяпти. Илгари яхши муомала қиларди, ҳозир эса йўқ. 

– Баракалла, ундан Аллоҳ рози бўлсин. Сизнинг ожиз томонингиздан фойдаланишга уринмаяпти. Агар у ўзини сизни севиб қолгандек кўрсатса, ишингиз бундан-да оғирлашарди. Бу борада сизга илк тавсиям “Мен бу ишдан Аллоҳнинг изни билан қутуламан”, деб юрагингизни ишонтиринг. Қутулишга қарор қилинг ва Аллоҳга чиройли ҳолатда қайтинг.

Телефон гўшагини қўйганидан сўнг, Фазилат дуо қилди: “Ё Раббий! Менга ёрдам берганингдек, бу синглимга ҳам ёрдам бер. Мени эса у мудҳиш кунларга асло қайтарма, Аллоҳим! Сенга қанчалар шукрона келтирсам ҳам оз. Лутфинг билан бу балодан нажот топаман. Қалбимда у васвасадан ҳатто из ҳам қолдирма, Раббим!.. Бировнинг эрини севганимга оид бирор ишора ҳам бермасин. Бу нарса иффатимни, иззатимни ранжитяпти, Раббим. Сен мени мендан ҳам яхшироқ биласан!..” 

Орадан кунлар ўтди. Кечки пайт уйида овқат пишираётган Фазилат телефон овозидан чўчиб кетди. Нур ўрнидан сакраб туриб, телефон томон югураркан, шодлигини изҳор қиларди: 

– Бу отам бўлса керак, бугун қўнғироқ қилмаганди. 

Лекин гўшакни олди-ю, онасини чақирди: 

– Малик амаким сизни сўраяпти. 

Фазилат қотиб қолди. Юраги кутилмаган тарзда ураётган эди. Деворга суяниб дуо қилди. “Қалбим сенга омонат, Раббим!.. Мени мағлуб этишига изн берма...” 

Фазилат оҳиста қадамлар билан юриб келаркан, титрарди. Телефон тепасида бироз кутиб турганидан сўнг гўшакни олди: 

– Эшитаман. 

– Ассалому алайкум, янга. Сўнгги пайтларда камнамосиз, яхшимисизлар?

Фазилат совуқ терга тушиб кетди. Лекин сездирмади: 

– Вақтим бўлмаяпти, Малик ука, ишларим кўп. 

– Билгандим, ўзингиз жим бўлиб кетганингиз учун мен ҳам йўқлашга жасорат тополмадим. Ҳозир сизга бошқа нарса учун қўнғироқ қиляпман, Али менга телефон қилди, айтдики... 

Фазилат дарров Маликнинг гапини бўлди: 

– Менга у ҳақида гапирманг. Ўртамизда ҳеч нарса қолмади. Агар қизига тегишли бирор нарса бўлса, Нурга айтинг. Мен биттаям сўз эшитишни хоҳламайман. 

– Майли, янга, сизни ортиқча безовта қилмайман. Менга бирор хизмат борми? 

– Раҳмат, Малик ука. Отам ҳар куни қўнғироқ қилиб турибди. Сиз овора бўлманг. Агар бирор нарса керак бўлса, ўзим айтаман. 

Гўшакни қўйгандан кейин Малик хотинига қаради: 

– Энди бу нима дегани? Бошқа қўнғироқ қилма, деганими? Ростини айтсам, хафа бўлдим, хоним. Янга жуда ғалати бўлиб қолибди. Ё биздан хафамикан? 

Инжу ҳам ҳайрон бўлди: 

– Аллоҳ-Аллоҳ! Нима бўлдийкин? Биздан ранжишига ҳеч қандай асос йўқ-ку? Лекин баъзида одамлар сабабсиз ҳам ўзгариши мумкин. Мисол учун, қандайдир ўзига боғлиқ бўлмаган ташқи омиллар сабабли. 

– Мени яна Али чақирганини айтмоқчийдим, гапиртирмади. 

– Тавба, у ҳам қўнғироқ қилаверади, лекин ҳеч нарса демайди. Майли, модомики, менга эҳтиёжи бор экан, бораман. 

* * *

 Али паришон аҳволда Маликка эшикни очди: 

– Кел, азиз дўстим, кел. Ҳарбий хизматда ҳам қийналган пайтларим ёнингга ошиқардим. Ҳозир ҳам худди шундай аҳволдаман. Кир, ўтир. Бизникиларни кўрдингми? 

– Кўрмадим, лекин телефонлашдим. Менимча, янга ярашмайдигандек туюлди. “Исмини ҳам айтма, у ҳақида гапирма!” деди. Ниҳоятда қатъий эди. 

Алининг елкалари чўкиб қолган, ерга қараб гапирарди:

 – Ҳақли, жудаям ҳақли менинг жафокашим. Унга кўрсатмаган азиятим қолмади... 

Малик ўрнидан туриб гап бошлади, овози баланд чиқди: 

– Дўстим, сен айтмайсан, янга хоним ҳам гапирмайди. Орангизда нима бўлди ўзи, ҳалигача тушунолмадим... 

Али дард тўла кўзлари билан Маликка қаради: 

– Айтган икки-уч оғиз гапим унга етарли. Ҳатто ўзим ҳам унутолмайман, у қандай эсидан чиқарсин?.. 

Малик жаҳл билан сўради: 

– Нима дегандинг? 

– “Бор, хоҳлаганингни топ. Сен менга ёпишиб олгансан, мендан ажралолмайсан”, дедим. “Ор-номусим, ғурурим билан ўйнашманг. Келинг, мусулмондек турмуш қурдик, мусулмонга хос тарзда ажрашайлик”, деб кўп ёлворди. Лекин уни ким ҳам эшитсин?.. 

Чуқур нафас олиб, давом этди:

 – Кўзим ҳеч нарсани кўрмасди, уни тингламасдим. 

Малик қўлларини бир-бирига уриб, норозилигини билдирди: 

– Мен ҳам айнан шу нуқтани тушунолмаяпман. Сенга нима бўлдики, бу ҳолатга тушдинг? Янгамни шунчалар яхши кўрардингки, мени севишга сен ундадинг. Исми тилингдан тушмасди. Муносабатингга ҳавасим келганди. Янгамиздек самимий, гўзал хулқли қизни қидирардим. Сен туфайли янгамни яқиндан танигандим. Хўш, кейин нима бўлди? 

– Жудаям қизиқяпсанми? 

– Ҳа, жудаям. 

– Унда мен чой дамлай. Чой устида ҳаммасини айтиб бераман, укам... Зотан, бошқа чорам ҳам йўқ.

Амина Шенликўғли 

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИВ огоҳликка чақирмоқда

793 18:03 02.06.2023

Замзам қудуғи тарихи

562 16:40 02.06.2023

Алоқа компанияларининг махсус ўйинлари ҳалолми?

575 11:15 02.06.2023

Путин ва Зеленский Туркияга боради

1385 10:01 02.06.2023

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

2618 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1536 15:50 01.06.2023
« Орқага