Ифторгача сенга етайин, Аллоҳ

20:00 06.05.2019 509

Бир-бирини қувлар соат миллари,
Сангтарош миямда тарошлар сангин.
Қулт-қулт ютинаман сувсиз балиқдек,
Димоғимдан кетмас ҳасратлар чанги.

Кўзларим учида қотиб қолган ёш,
Мижжаларим мисли қуриган майса.
Тўшагимга гўё тўшалгандай тош,
Кўксимга санчилар ҳасратлар – найза.

Тоқатим тушовда, синовда сабрим,
Мудроқ тунларимга кирар уйғоқ туш.
Бошимда афтода ўлтирар қабрим,
Кўксимда бошланар талабчан тафтиш.

Қоп-қора игнадан ўтар оппоқ ип,
Таржимонсиз аён қушлар тиллари.
Қайдадир – қатимда зорланар андуҳ,
Бир-бирини қувлар соат миллари.

Саррин еллар сочар саҳарий бир ҳид,
Лабларим пичирлаб бунёд этар роҳ.
Бир тишлам надомат, бир қултум умид –
Ифторгача сенга етайин Аллоҳ!                                

  Воҳид ЛУҚМОН

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!