«Иҳдинас сиротол мустақийм»

12:00 16.05.2019 760

Фотиҳа сурасида «Иҳдинас сиротал мустақийм» деган сўзлар бор. "Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин" деган маънони англатади.

Эътибор беринг, бу сўзлар ҳар бир мусулмоннинг тилидан ҳар куни бир неча марта янграйди, намознинг ҳар бир ракаатида айтилади. Диққат қилинса, бу сўзлар иймон келтирган, ўзини мусулмонман деб ҳисоблаган инсонлар томонидан такрорланади, такрорланаверади. "Ахир шундоқ ҳам мусулмонман, тўғри йўлдаман-ку" эмас.

Яъни, бизнинг мусулмон эканимиз, беш вақт намоз ўқишимиз биз учун ҳали ҳеч нарсанинг кафолатини бермайди. Мана, биз яхши мусулмонмиз, жаннатнинг калитини чўнтагимизга солдик, деб эрта-ю кеч бошқаларни муҳокама қилиб ўтириш керак эмаслигини билдиради. Энг аввал ва ҳар куни ўзимизга ўзимиз ҳисоб бериш кераклигини англашимиз, тўғри йўлдан адаштирмаслигини Ўзидан сўрашимиз лозим бўлади.

Буни нафақат Фотиҳа сурасини тиловати ўлароқ айтишимиз, балки бутун маъноси билан хис қилишимиз, амалларимизда ва бошқаларга бўлган муносабатимизда дастур қилишимиз керак. Иҳдинас сиротол мустақийм.

Қаҳрамон Асланов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!