Аҳли ирфон

Ихлос аҳли билан улфат бўлиш

604

Ихлосни пайдо қилувчи амаллардан бири, бу – ихлос аҳли билан дўст бўлиш, уларга тақлид қилиш ва улар билан ҳамдам ҳолда ҳаёт кечиришдир. Уларга тақлид қилиш солиҳлик, уларга ўхшамоқлик эса нажотдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада гўзал шаклда маслаҳат берганлар: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли аттор ва темирга дам урувчи кабидир. Аттор ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди, ё ундан хушбўйлик сотиб оласан, ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирчи эса дам урувчи эса ё кийимингни куйдириб қўяди ёки ундан қўланса (кўнглингни айнитадиган) ҳид келиб туради” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Аллоҳнинг одамларга раҳматларидан бири – ер юзи ҳеч қачон ана шундай яхшилардан ҳолий бўлмаслигида. Бас, охират йўлига тушган одам уларни изласин, улардан кўчирмачилик қилсин. Саҳиҳ ҳадисда келганидек: “Улар шундай одамларки, улар билан бирга бўлган банда бахтсизликка учрамайди”.

Ҳакимлар, шоирлар, адиблар дўстлашиш ва дўстлар ҳақида кўплаб сўзларни айтганлар.

Киши ҳақида сўрама, дўстларидан сўр,

Инсон ўз дўстига иқтидода, кўр,

дейди шоирлардан бири.

 

Мухлис бандалар ҳаётларини Аллоҳга бағишлаб, жонлари ва молларини Аллоҳнинг розилиги йўлида сотиб юборган ажойиб тужжорлардир. Улар сен билан Аллоҳ учун ўтирадилар, сенга муҳаббат қилсалар, Аллоҳ учун муҳаббат қиладилар. Сен ҳам уларга муҳаббат қиласан. Улар дунё сенга кулиб боққанда сенга кулиб боқадиган, сенга илтифот кўрсатадиган, дунё сендан юз ўгирганда сендан юз ўгирадиган тамаъгирлик пашшалари, дўзах ётоғи бўлган одамлар тоифасидан эмас.  

Аллоҳ ўз расулини улар билан биргаликда сабр қилишга, улардан икки кўзларини олмасликка буюрган: “Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма” (Каҳф-28).

          Салафи солиҳлар бундай дейишган: “Минг кишидаги бир кишининг руҳий ҳолати бир кишидаги минг кишининг сўзларидан кўра балоғатлироқ, кучлироқ бўлади”. Бунда унинг руҳий ҳолатидан мақсад Аллоҳга йўналган йўли, хулқи ва амалидир.

Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзлар ривоят қилинган: “Икки дўст мўминнинг мисоли бир-бирини ювувчи икки қўлга ўхшайди. Улар учрашганда Аллоҳ албатта бир-бирларидан яхшилик ила фойдалантиради”.

Муҳими сен бир ўзинг (маънавий маънода ҳам) ҳаёт кечирмаслигинг, узлат чиллахонасида узоқ қолмаслигинг ва таркидунё қилмаслик. Зеро, Ислом динида таркидунёчилик йўқ. Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилувчи мўмин таркидунё қилувчи кишидан яхшироқ. Яхшилик ва раҳмат жамоат билан бирга бўлади. Ҳалокат ва зое бўлиш жамоатдан ёлғизланиш ва четланишдадир. Аллоҳнинг қудрат қўли кўпчилик устида, дейилган. Ким четланса, дўзах томонга четланур. Шайтон яккамохов билан бирга бўлади, у икки кишидан бир кишидан кўра узоқроқдир. Бўри ҳам подадан ажраган қўйни ейди. Шайтон эса инсонларнинг бўрисидир. Киши бир ўзи озликдир, жамоат ила кўпликдир. Жамоат тоатга қувват, маъсиятдан тўсиқ бўлади. Аллоҳ учун бўлган дўстларинг билан яқин бўл, қўлингни қўлларига қўй, улардан ўрган ва ўргат, яхшилик ва тақво йўлида улар билан ўзаро кўмаклаш, улар билан ўзаро ҳақ ва сабрга чақир. Албатта, ер юзи бундай инсонлардан ҳолий эмас. Аллоҳ айтади: “Ва Биз яратган кимсалар ичида ҳақ ила ҳидоят қиладиган ва у ила адолат қиладиган жамоат ҳам бор” (Аъроф 181). Аллоҳ айтади: “Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрондадир. (Хусрон-мағлубият, ютқизиқ ва нуқсон маъноларини англатади). Магар иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустаснодир” (Аср сураси). Ўзингдан бошқага насиҳат қил, бошқанинг сенга қилган насиҳатини ҳам қабул қил. Насиҳат қилишга кичиклик қиладиган ва насиҳат олишдан катталик қиладиган мўмин йўқдир. Насиҳат бериш икки тарафлама ишдир, насиҳатлашишдир. Аллоҳ айтади: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир - бирларига дўстдирлар” (Тавба 71).

      Ҳадиси шарифда: “Мўмин мўминга ойнадир” дейилган.

Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Ният ва ихлос" китоби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рамазонга қандай тайёргарлик кўрилади?

1844 06:32 06.04.2020

Дўсту биродарларга нима дейиш керак?

1656 08:20 10.01.2020

Ниятнинг аҳамияти ва ихлоснинг татбиқ қилиниши (Ният ва ихлос)

1032 18:00 01.11.2019

Ихлос қаердан келади?

1599 23:05 04.10.2019

Нафсни енгишнинг йўллари

1556 23:05 03.10.2019

«Аллоҳга сидқидил бўлди, Аллоҳ уни тасдиқлади»

1711 14:50 01.10.2019
« Орқага