Аҳли ирфон

Ихлос ҳақиқати. Ғаззолийнинг ихлос баёнида қилган тадқиқотлари

501

Ихлоснинг ҳақиқатини баён қилишда Имом Ғаззолий ўзларининг “Иҳё”ларида чуқур баҳс қилганлар. Бу масалада у киши илм ва амал жиҳатидан давранинг энг олд одамлариданлар. У инсон фиқҳ, усул, калом илмлари, файласуфлар ва ботинийларга раддия бериш ва бошқа кўплаб соҳаларда китоблар тасниф қилиш, дарс бериш (Имом Ғаззолий бу илмларнинг барчасида Ислом оламида бугунгача имомлик ва шуҳрат мақомида турадилар) билан шуғулланишларининг барчасини дунё ишларидан бир иш, нафс шаҳватларидан бир шаҳват, бандалар қалбида ўзи учун манзила ва обрў талаб қилиш деб билганлар ва буларнинг барчасидан узлат қилиб, халос бўлишни ҳақиқий ихлосдан қидирганлар. (Ажабо! Имом Ғаззолий қилганларини мингдан бирини ҳам қилмасдан туриб ўзини ихлосли деб ўйлаётганлар, илмлиман деб кўксига ураётганларнинг аҳволи қандай!? Имом Ғаззолий ва бу кишига ўхшаган Аллоҳнинг қулларини эшитиб бизда фақат ихлоснинг қуруқ номи қолган деган фикр келади!!! Аллоҳнинг дини ривожига илм ила ўлчаб бўлмас ҳисса қўшиб турган ҳолида ўзининг ихлосли эмаслиги ҳақида қайғуриш, кечалари кўз ёш тўкиш бу бизнингча улуғ қаҳрамоннинг ишидир!!! Таржимон.)

Шунинг учун у кишининг сўзлари инсон нафсининг ҳаволари, майллари, сохталиклари ва инсонга нисбатан Иблиснинг фирибларини (Иблиснинг фириблари сабабли инсон Аллоҳ учун амал қилмоқдаман деб ўйлайди, аслида эса у ўзи учун амал қилаётган бўлади) яхши билган билимдоннинг сўзларидир.

Ғаззолий айтадилар: “Билгинки, ҳар бир нарса бошқа нарса билан аралашиши тасаввур қилинади. Қачонки ўша нарса ҳар қандай нарсадан ажралса ва пок ҳолга келса, уни холис бўлган, халос бўлган дейилади. Агар у нарса бирор амал бўлса, ўша амал мусаффо, холис амал дейилади. Аллоҳ таоло айтади: “Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар (томоғи)дан осон ўтувчи соф сут ила суғорамиз” (Наҳл, 66). Сутнинг холислиги унга қон, гўнг ва умуман аралашиши мумкин бўлган нарса аралашмаганда бўлади. Ширк ихлоснинг зиддидир. Ким мухлис бўлмаса, у мушрик бўлади. Аммо ширкнинг даражалари бор, тавҳиддаги ихлоснинг зидди илоҳиётдаги ширкдир. Ширкнинг очиқ-ойдини бор, махфийси бор. Ихлос ҳам шундай. Ихлос ва унинг зидди қалбда рўй беради. Бас, уларнинг ўрни қалб бўлиб, мақсад ва ниятларда кўринади.

Биз юқорида ният ҳақиқатини ва уни амалга чорловчи нарсаларга доир эканлигини зикр қилиб ўтдик. Қачонки амалга чорловчи нарса кўп эмас, бир дона бўлганда кишидан содир бўлувчи амал унинг ниятига биноан “холис” деб номланади. Масалан, бир киши садақа қилса ва нияти фақатгина риё бўлса, у ниятида “холис” дейилади. Шунингдек, садақа қилганда нияти фақатгина Аллоҳга яқин бўлиш бўлса ҳам, у ниятида холис дейилади. Зеро, иккови қасд қилган нарсага бир мақсаддан бошқа ҳеч нарса аралашмаган. Аммо “ихлос” исмини бошқа барча нарсаларни қўйиб, фақатгина Аллоҳга яқин бўлиш нияти билан номлаш одат бўлиб қолган. Худди “ҳаддан ошиш” деганидан “оғиш” тушунилиши керак бўлгану, аммо одатан “ҳаддан ошиш” “ҳақ йўлдан оғиш” деб айтиб юрилгани каби. Кимда амалга чорловчи нарса фақат риёнинг ўзи бўлса, у ҳалокатга юз тутибди, у ҳақида бу ўринда гапириш ниятимиз йўқ.

Биз бу ўринда банда учун амалга чорловчи нарса Аллоҳга яқинлашиш бўлгани ҳолда унинг ниятига риё ёки ундан бошқа нафснинг насибаларидан бири бўлган нарса ниятга кириб қолган ҳолати ҳақида гапирамиз. Бунинг мисоли: бир киши Аллоҳга яқин бўлиш қасди ила яна рўзаси туфайли ҳимояда бўлиш учун рўза тутади (“мен рўзадорман” деса, уни ҳеч ким рўзадор ҳолатида хафа қилмайди) ёки ўз қулини унинг ёмонлиги ва ярамас хулқи сабабидан озод қилиб юборади, ёки сафар сабабидан мижози яхшиланиши, ёки ўз шаҳридаги ёмонликдан қочиб, ёки ўз манзилидаги душмандан қочиб, ёки аёли, болалари ва ишидан бир неча кун дам олиш учун ҳаж қилади, ёки тунда аҳлини ёки уловини кузатиш мақсадида уйқусини кетказиш учун намоз ўқийди, ёки ўзига кифоя қиларли мол топиш, ёки қавм орасида обрўли бўлиш, ёки уйи ва молини илм иззати сабабидан қўриқланган туриши учун илм ўрганади, ёки жим юриш балосидан қутулиб, одамларга гапириш лаззатига эришиш учун дарс бериш ва ваъз ўқиш билан шуғилланади, ёки олимлар ва сўфийларнинг хизматига улар ва одамлар орасида ҳурмат қозониш ёки дунёда халқдан мулойимлик кўриш учун киришади, ёки ўзининг хаттотлик маҳоратини яхшилаб ошириш учун Мусҳафни қўлёзма қилади, ёки йўлкирадан қочиб пиёда ҳаж қилади, ёки тоза бўлиш, ёки музлаб олиш учун таҳорат олади, ёки ўзидан ёмон ҳид келмаслиги учун ғусл қилади, ёки исноди олий деб танилиш учун ҳадис ривоят қилади, ёки уй ижараси арзонроқ бўлиши учун масжидда эътикоф ўтиради, ёки таом тайёрлаш машаққатидан қочиб, ёки таом тайёрлаш ва таомланишга кетадиган вақтни тежаш учун рўза тутади, ёки сўровчига сўрайвериб уни қийнамаслиги учун садақа қилади, ёки касал бўлганда уни кўришга келишлари учун касал кўргани боради, ёки аҳлининг жанозаси ўз вақтида тарқатилиши учун жанозаларни тарқатиб юради, ёки ушбу ишларнинг барчасини яхшилик ила танилиш, унга одамлар салоҳият ва виқор тарафидан қарашлари учун бажаради. Қачонки банданинг амалга чорловчиси Аллоҳга яқин бўлиш бўлсаю, аммо унга ушбу хатарлардан бир хатар қўшилганда амал қилиш унга енгилроқ бўлганда унинг амали ихлос чегарасидан чиқиб кетади. Унинг амали холис Аллоҳ учун бўлган амаллар қаторидан чиқиб, амалга ширк кириб боради. Аллоҳ ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилган: “Мен ширк келтирилувчи нарсалар ичида энг беҳожатиман” (яъни: “Мен учун амал қилинганида яна бошқа нарсани қўшиб у учун амал қилинса, Мен ўша амалдан беҳожатман”. Ҳар ким ўзига аралаш ниятда қилинган яхшиликни ёмон кўради, энди Аллоҳ йўлида амал қилинганида ният аралаштирилса, бу катта кўрнамаклик бўлади. Таржимон).

Қисқаси, нафс хоҳлайдиган, қалб унга мойил бўладиган нарсалар озми-кўпми амал учун қилинган ниятга кирса, у ила ниятнинг софлиги кетади, ундан ихлос зоил бўлади. Инсон ниятга кириб, унга аралашувчи нарсалар ила боғланган, шаҳватларга чўкиб кетган. Инсон амалларидан бўлган бирор амал, ибодатлардан бўлган бирор ибодат камдан-кам ҳолларда бу нарсалардан холи бўлади. Шунинг учун айтилганки: “Кимнинг умрида холислик ила ўтказилган бирор лаҳза бўлса ҳам, албатта, у нажот топибди”. Бу нарса ихлоснинг иззати ва қалбни турли хил аралашишлардан поклашнинг қийинлигидандир. Ҳақиқий холис банда амалга чорловчиси Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса бўлмаган инсондир. Агар нафс хоҳлайдиган, қалб унга мойил бўладиган нарсаларнинг ўзигина амалга чорловчи бўлса, унинг эгасининг аҳволи оғир эканлиги сир эмас. Биз ният бобида асл нияти Аллоҳга яқин бўлиш бўлиб, унга турли нарсалар, ғаразлар қўшилиши ва холис ният билан холис бўлмаган ният ўзаро мувофиқлик рутбасида ёки ўзаро шериклик рутбасида, ёки ўзаро кўмаклашиш рутбасида бўлишига назар солиб чиқдик.

Умуман олганда, амалга чорловчи ғараз мақсад амалга чорловчи диний мақсаддан гоҳида кучлироқ бўлади, гоҳида эса ундан кучсизроқ бўлади. Бу ҳолатларнинг ҳар бирининг ўз ҳукми бўлиб, биз уларни қуйида зикр қилиб ўтамиз (иншааллоҳ). Ихлос аслида амалнинг турли майлларнинг ози ва кўпидан халос бўлишидирки, токи ният Аллоҳга яқин бўлишдан бошқа нарса учун бўлмасин. Бу нарсани фақатгина Аллоҳга бўлган муҳаббатни Аллоҳ ила кечалари холи қолиш, дунё муҳаббатига қалбида ҳеч қандай ўрин қолмайдиган даражада охират ғамига чўкиш, ейиш-ичишни яхши кўрмаслик, уни қазои ҳожат зарурлиги каби зарурлигидан тановул қилиш, таомни таом учун эмас, Аллоҳнинг ибодатига қувват бўлгани учун иштаҳа қилиш, ҳаёти учун зарур бўлган нарсаларга нисбатан банда қалбида жой қолмаслиги, диний зарурат бўлгани учун ўша дунёвий заруратни талаб қилиши ва Аллоҳдан бошқа ғами бўлмаслигисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай инсон агар еса ва ичса ёки ҳожатини чиқарса, барча ҳаракатлари ва саканотларида амали холис, нияти тўғри бўлади. Масалан, у ибодат учун қувват олиш учун ухласа, уйқуси ҳам ибодатга айланади ва у мухлислар даражасидаги инсонга айланади. Аммо ким бундай бўлмаса, унинг учун амалларда ихлосли бўлиш эшиги тўсилган бўлиб, камдан-кам ҳолларда у холис амал қилади. Кимга Аллоҳ муҳаббати ва охират муҳаббати ғолиб келса, ҳаракатлари муҳаббат қилган нарсасига одатланади ва у холис инсон бўлади. Кимга дунё, баландлик, обрў, умуман Аллоҳдан бошқа нима бўлса ҳам ғолиб келса, барча ҳаракатлари шу нарсага одатланади ва ибодатлари намоз бўладими, рўза бўладими, жуда нодир ҳолатлардан бошқа ҳолатларда саломат қолмайди.

Бас, шундай экан, ихлосга етишиш қалбга ғолиб бўладиган даражада нафснинг ортиқча насибаларини синдириш, дунё исташни кесиш, охиратнигина кўзлаш ила бўлади. Мана шунда ихлосга етишиш енгил бўлади. Қанчадан-қанча амаллар борки, инсон уларни бажариб чарчайди ва уни холис Аллоҳ учун қилинган деб ўйлайди, ўша амалдан мағрур бўлади. Аммо у офат келаётган тарафни кўрмайди. Бунинг мисоли қуйидаги воқеадаги кишининг сўзларида акс этган: “Ўттиз йил узлуксиз намозларни масжидда биринчи сафда адо этдим. Бир кун узрли сабаб ила кеч қолдим ва биринчи сафга улгурмай иккинчи сафда намоз ўқидим. Шунда одамлар мени иккинчи сафда кўраётганларидан хижолат бўлдим. Бас, менинг биринчи сафда туришим хурсандчилигим ва қалбим ҳузурланиши учун восита бўлиб қолганини, холис Аллоҳ учун бўлмаганини ва мен буни ўттиз йил давомида сезмай юрганимни билдим!” Бу нарса нозик ва ўта сирли бўлгани учун бунга ўхшаш нарсалардан камдан-кам амаллар холи бўлади ва камдан-кам одам бундай нарсаларга сергак бўлади. Фақат Аллоҳ муваффақ қилганлар бундан мустасно. Бу нарсадан ғофил бўлганлар эса охират куни яхшиликларининг аслида ёмонлик эканини кўрадилар. Улар ҳақида Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган: “Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур. Ва уларга ўзлари касб қилган нарсаларнинг ёмонлиги зоҳир бўлур” (Зумар, 47-48) ва қуйидаги оятда ҳам: “Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир”, дегин” (Каҳф, 103-104).

Ушбу фитнага йўлиқувчиларнинг энг ашаддийси олимлардир. Илмни тарқатишда уларнинг аксарини амалга чорловчи нарса – бу бошқалардан устунлик лаззати, одамларни кетидан эргаштириш хурсандчилиги, мақтов ва олқишларни эшитишдир. Шайтон уларни чалғитади ва: “Ниятингиз Аллоҳнинг динини таратиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариат учун курашишдир”, дейди. Халққа насиҳат қилиш, катталарга ваъз қилиш ила Аллоҳга миннат қилаётган ва одамлар унинг гапини қабул қилиб, унга талпинаётганидан хурсанд бўлган воизни кўрасан. У динга фойдаси тегаётганидан хурсанд эканлигини даъво қилади, аммо бирор олим ундан кўра гўзалроқ маъруза қилаётгани ва одамлар уни қўйиб, ўша олимга ўтиб кетаётганини кўрса, бу нарса унга ёмон кўриниб, ғамга солади. Агар унинг мақсади дин фойдаси бўлганда, бошқа олим сабабидан унинг иши янада гўзалроқ бўлгани учун Аллоҳга ҳамд айтган бўларди. Шундай қилганда ҳам шайтон унга: “Сени ғамга солган нарса одамлар сендан бошқа олимга ўтиб кетаётгани эмас балки одамлар сени маърузаларингни эшитиб таъсирланганларида савоб олган бўлардинг, савоб олишдан маҳрум бўлганига ғам чекиш бу яхши ишдир” деб чалғитган бўларди. Лекин у бечора ҳаққа бўйин эгиши ва ишни ўзидан устунроқ кишига топшириши, баланд ўринда бир ўзи туришидан кўра у учун охиратда бу нарса афзалроқ ва савоблироқ эканлигини билмайди”.

Ихлоснинг ҳақиқатини билиш ва унинг асосида амал қилиш чуқур бир денгиздирки, унда барча чўкиб кетади, илло жуда камдан-кам инсонлар қолади. Бу масала Аллоҳнинг ушбу оятида келган: “У (Шайтон): “Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан. Магар улардан ихлосли бандаларинггина (мустаснодир)”, деди” (Сод, 82-83). Бас, банда бундай нозик масалаларга ўта синчиков ва кузатувчан бўлсин, акс ҳолда ўзи сезмаган ҳолда шайтонларга эргашиб кетади. 

"Ният ва ихлос" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ихлос қаердан келади?

766 23:05 04.10.2019

Нафсни енгишнинг йўллари

935 23:05 03.10.2019

«Аллоҳга сидқидил бўлди, Аллоҳ уни тасдиқлади»

1108 14:50 01.10.2019

Ихлос аҳли билан улфат бўлиш

343 23:05 27.09.2019

Ихлосни пайдо қилувчи амаллар

803 23:05 26.09.2019

Ихлоснинг самаралари. Жамиятнинг ёмонликлардан халос бўлиши ва ҳаётнинг тўғри йўлга тушиши.

275 23:05 25.09.2019
« Орқага