Аҳли ирфон

Ихлос ҳақиқати. Холис бўлган ҳолда бирор нарса аралашган ниятнинг ва у ила савобга ноил бўлмоқнинг Имом Ғаззолий наздиларидаги ҳукми

208

“Иҳё” китобининг “Ният ва ихлос” бобида Имом Ғаззолий баҳс ва тадқиқ қилган нарсаларидан бири бу қисман Аллоҳ учун холис бўлган ва қисман риё кирган ҳолда бирор дунёвий ёки нафсий нарса аралашган амалнинг ҳукми қандай бўлишидир. Хўш, мусулмон бундай амалга қисман савоб оладими ёки йўқми?

Бу масалада имом яхши калом айтганлар, бу каломда фақиҳнинг ақли, сўфийнинг қалби биргаликда кўринади. У киши айтганлар: “Билгинки, амалда Аллоҳ розилиги кўзланган ҳолда унга риё ёки нафсоний бирор нарса аралашганда банда шу амали учун савоб оладими ёки гуноҳ оладими, ёки асло ҳеч нарса олмайдими?” Бу ҳақда олимлар турли фикрлар билдирганлар.

Фақат риё учун бўлган амал қатъиян банда зараригадир ва бундай амал ёмон кўрилиш ва жазоланиш сабабидир.

Фақатгина Аллоҳ розилиги учун бўлган амал савоб олинишининг сабабидир.  

Аммо бу иккови (риё ва ихлос) аралашган амал-чи? Далилларнинг зоҳири бундай амал учун савоб йўқлигини билдиради, аммо бунинг аксини кўрсатувчи далиллар ҳам йўқ эмас. Аллоҳ булгувчироқ, лекин бизнингча бу масалада амалга чорловчининг қувватига қаралади. Агар амалга чорловчи бўлган Аллоҳ розилиги ва риё иккови тенг бўлса, бандага амалнинг фойдаси ҳам, зарари ҳам йўқ. Агар амалга чорловчи бўлган риё устунроқ ва қувватлироқ бўлса, унда амалнинг фойдаси йўқ бўлиб, у банда учун зарарли бўлади ва азобланишга сабаб бўлади. Аммо холисликдан ҳеч қандай насибаси бўлмаган, мутлақо риё учун қилинган амал учун азобланиш билан холисликдан озгина бўлса ҳам насибаси бор бўлган амал учун иқобга учрашнинг орасида қанчалар фарқ бор!

Агар амалга чорловчи бўлган Аллоҳ розилиги бошқа амалга чорловчилардан кўпроқ бўлса, холислик бошқа амалга чорловчилардан қанчалик ортиқча бўлишига яраша амал эгасига савоб бўлади. Бу ҳолат қуйидаги оятлар асосидадир: “Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир” (Залзала, 7-8) ва: “Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур” (Нисо, 40). Яхши ният зое бўлмайди, балки у риёдан кўпроқ бўлса, ўша риёга тенг қисми ҳабата бўлиб, унинг зиёдаси қолади. Агар фосид ният кўпроқ бўлса ҳам, яхши ният сабабли унинг бир қисми йўқ бўлиб кетади.

Бу нарсанинг тафсилоти: албатта, амалларнинг қалбга таъсири бўлиб, бу таъсир амалларнинг сифатлари билан бўлади. Амалга чақирувчи бўлган риё бандани ҳалокатга олиб борувчи нарсалардандир ва унинг қуввати амални риёга асослаб қилишдир. Амалга чақирувчи яхшилик бандани нажотга олиб борувчи нарсалардандир ва унинг қуввати амални яхшиликка асослаб қилишдир. Қачонки қалбда бу икки ўзаро зид бўлган сифатлар жамланганда банда риё асосида, унинг тақозосига кўра амал қилса, риё қуввати устунроқ бўлади. Аммо ушбу сифатлар қалбда жамланган ҳолда банда холис ният асосида, унинг тақозосига кўра амал қилса, яхшилик қуввати устунроқ бўлади. Улардан бири ҳалокатга етаклайди, бошқаси нажотга. Бас, бирининг қуввати бошқасининг қувватидек бўлса, улар тенг бўлади. Худди иссиқ нарсани тановул қилгач, кетидан совуқ нарса тановул қилганда улар бир-бирининг кучини қирқиб, эски ҳолатига қайтганидек, бу ҳолат ҳам шундай. Аммо агар икковидан бири ғолиб келса, ўша ғолиблик, албатта, ўз таъсирини қолдиради. Худди таом, ичимлик ёки дорининг озгинаси ҳам инсон таънасида Аллоҳ белгилаб қўйганидек ўз таъсирини билдиргани каби. Бу ҳолат қалбни нурлантиради ёки қорайтиради, Аллоҳга яқинлаштиради ёки У Зотдан узоқлаштиради. Агар Аллоҳга бир қадам яқинлаштирувчи нарсани ният қилинса ва унга У Зотдан бир қадам узоқлаштирувчи нарса аралашса, банда олдин қандай ҳолатда бўлган бўлса, шундай қолади. Бу нарса унинг фойдасига ҳам, зарарига ҳам бўлмайди. Агар банда Аллоҳга икки қадам яқинлаштирувчи нарсани ният қилса ва унга У Зотдан бир қадам узоқлаштирувчи нарса аралашса, аниқки, банда Аллоҳга бир қадам яқинлашган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Ёмонликка яхшиликни эргаштирки, у ёмонликни ўчиради”. Холис риёни холис ихлос ўчиргач, маълум бўладики, иккови жамланиб қолса, ўзаро бир-бирини ўчиради.

Бу нарсага олимларнинг ҳажга боришда ҳаж ва тижорат ниятида борган инсоннинг агарчи унинг нияти аралаш бўлса ҳам, ҳажи қабул бўлиши ҳақидаги ижмолари далилдир. Энди: “У ҳаж савобига Маккага етиб бориб, ҳаж амалларини бажарганда эришади. Тижорат эса йўлда бўлади ва ҳажга дахли бўлмагани ва икки нарса фақат йўл масаласида аралашгани учун бу ҳолатда ҳажни холис деб эътибор қилинади”, деб айтиш мумкин. Аммо тижоратнинг ўзини қасд қилса, унга савоб йўқ. Қачонки ҳаж қилиш нияти асосий амалга чорловчи бўлиб, тижорат қилиш нияти унга ёрдамчи ва тобе сифатида кўрилса, сафарнинг ўзидан ҳам савоб кутилади (умуман олганда, Аллоҳ розилигини ният қилиб ҳалол тижоратга чиқишнинг ўзи ҳам бир ибодат. Таржимон). Албатта, айтиш керакки, ҳеч нарса аралаштирмаган ҳолдаги холис амалда Аллоҳ розилигини ният қилингандаги савобга ҳеч нарса етмайди. Ниятда озми-кўпми холисликка бошқа нарса аралашса, нима бўлганда ҳам, бу нуқсондир.

Оят, ҳадислар амалга озгина бўлса ҳам риё аралашиши амалнинг савобини ҳабата қилишига далолат қилади, бунинг ичига ҳажда тижорат қилиш ва бошқа шунга ўхшаш аралаш ниятлар киради. Масалан, Товус ёки бошқа бир тобеиндан ривоят қилинишича, бир саҳобий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан садақа қилиб ажр олиш ва ҳам одамлар орасида мақталишни яхши кўрган инсон ҳақида сўраганида, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оят нозил бўлгунича индамай турганлар: “Бас, ким Раббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Рабби ибодатига бирортани шерик қилмасин” (Каҳф, 110). Демак, одамлар мақташини қўшиб ният қилса, амали бекор бўлади.

Яна Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Риёнинг энг паст даражаси ҳам ширкдир”, дейилган.

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким амалида Аллоҳга бировни шерик қилган бўлса, унга: “Ким учун амал қилган бўлсанг ажрингни ўшандан ол!” дейилади”, деб айтганлар.

Шунингдек, Убода розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадиси қудсий ривоят қилинган: “Аллоҳ таоло айтади: “Мен турли ҳил шериклардан энг беҳожат Зотман, ким Мен учун амал қилиб, унда бошқани ҳам Менга шерик қилса, амалдаги насибамни ўша шерик қилганига қолдираман”.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким дунёдан бирор нарсани умид қилган ҳолида ҳижрат қилса, унга ният қилгани бўлади”, деганлар”. Бу оят ва ҳадисларни қандай тушунамиз, деб айтишинг мумкин.

Айтамизки, сен айтган хабарлар биз зикр қилиб ўтган нарсаларни рад қилмайди. Сен келтирган далиллардан мурод амали ила фақатгина дунёни кўзлаганлардир. Худди “Ким дунёдан бирор нарсани умид қилган ҳолида ҳижрат қилса...” ҳадисидаги каби, яъни асосий мақсади дунё бўлса дегани. Асосий мақсади дунё бўлиш исён ва ҳаддан ошиш эканлигини эса биз юқорида айтиб ўтдик. Бунинг исёнлиги дунё талаб қилиш ҳаромлигидан эмас, чунки дунё талаб қилиш аслида мубоҳ ва ўз ўрнида вожиб. Бу нарса охират амали ила дунё талаб қилиш ҳаром бўлганлиги учундир. Зеро, бунда риё мавжуд ва ибодатни ўз ўрнига қўймаслик мавжуд. Далилларингда келган “шериклик” маъносидаги лафзлар эса бир амалдаги икки ният тенг бўлишига алоқадордир. Биз ҳам бир амалда икки ният тенг бўлса, унинг эгаси ҳеч қандай ажр олмаслигини айтиб ўтдик. Қолаверса инсон бир ниятга бошқа ниятни шерик қилганда доимо хатарда туради. У билмайдики қайси нияти ғолиброқ эканини ва бу нарса у учун зарар бўлиши мумкин эканлигини. Шу сабабдан ҳам оятда: “Бас, ким Раббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Рабби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф, 110) дейилган. Яъни яхши ва ёмон нияти тенг бўлган ҳолда Раббисига рўбарў келишни умид қилмасин. (Нима бўлганда ҳам, ниятларни аралаштириш банданинг катта нуқсонидир. Аммо холис ниятга сезилар-сезилмас нарса аралашса ҳам бўлмайди дейилса, мусулмон уммати ичида кўпгина хайрли ишлар амалга ошмай қолади, ислоҳотлар орқада қолади.

(Яна шу нарсани билиш керакки, аралаш ният ила қилинган амалдан сўнг банда бу ишига истиғфор айтиб қўйиши керак ва ниятини бутунлай холис қила олмаган тақдирда ҳам савобли амаллардан тийилмаслиги лозим. Айниқса, бу амал уммат фойдаси учун бўлса! р - Таржимон).

Ҳа... Инсон бу масалада катта хатар устидадир! Зеро, инсон ниятининг икки қисмидан холис Аллоҳга яқин бўлиш тарафи ғолиброқ деб ўйлаганида аслида унинг ботинида бошқа ният устунроқ бўлади. Бу ҳолат ўта сирли ҳолат бўлгани учун шундай. Ажр фақат ихлос билангина бўлади. Банда эса ниятида ўта эҳтиёткорлик қилганида ҳам холислигида камдан-кам ишонч ҳосил қилади. Шу сабабли банда доимо  холислик учун яхшилаб тиришганидан сўнг амали қабул ёки қабул эмаслиги ҳақида иккиланиб туриши, ибодатидаги офатнинг зарари унинг савобидан кўпроқ бўлиши мумкинлигидан хавфда туриши лозим. Басират эгаларидан бўлган хавфда турувчилар шундай йўл тутади, ҳар бир басират эгаси шундай бўлиши лозим.

Инчунун, Суфён раҳимаҳуллоҳ бундай деган эканлар: “Амалимдан зоҳир бўлганларини фойдамга ҳисоб қилмайман”.

Абдулазиз ибн Абу Раввод эса: “Аллоҳнинг байтига олтмиш йил қўшни бўлдим, олтмиш йил қўймасдан ҳаж қилдим. Аллоҳ учун бўлувчи нима амал қилмай нафсимни ҳисоб-китоб қилганимда, Аллоҳнинг насибасидан кўра шайтоннинг насибасини тўлиқроқ эканлигини кўрдим. Қани эди, қилиб ўтган амалларим фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмаса эди!” деган эканлар.

Шундай бўлса-да, офат ва риёдан қўрқилганда амални тарк этиш керак эмас. Албатта, бу нарса шайтоннинг амаллардаги охирги ҳийласи. Зеро, мақсад – холисликни йўққа чиқармаслик. Агар амалдан қолинса, амал ҳам, ихлос ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлади.

Ҳикоя қилинишича, фақирлардан бири Абу Саид Хорроз раҳимаҳуллоҳга ходимлик қилар ва амалларида яхшилаб уринмас эди. Бир куни Абу Саид Хорроз раҳимаҳуллоҳ ҳаракатларда ихлосли бўлиш кераклиги ҳақида гапириб ўтдилар. Шундан кейин фақирнинг қалбига ғулғула тушиб, ҳар бир амалида ўта тиришиб, ўзидан холисликни қаттиқ талаб қиладиган бўлди ва амаллар унга оғирлик қилиб, уларни бажара олмай қолди. Бу ҳақида Абу Саид Хорроз раҳимаҳуллоҳ ундан сўраганларида у ихлос ҳақиқатини ўзидан талаб қилиб, унга етиша олмагани учун амалларни тарк этганини айтади. Шунда Абу Саид Хорроз раҳимаҳуллоҳ: “Ундай қилма! Чунки ихлос амалдан қолдирмайди. Амални бажаришда бардавом бўл ва ихлосни ҳосил қилишда тиришқоқлик қил. Мен сенга амални тарк этгин демадим, амалда холис бўл дедим”, деган эканлар. 

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтганларки: “Амални бандалар сабабидан тарк этиш риё, амални бандалар сабабидан қилиш ширкдир. Аллоҳ сени икковидан омонда қилиши ихлосдир”.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ихлос қаердан келади?

766 23:05 04.10.2019

Нафсни енгишнинг йўллари

935 23:05 03.10.2019

«Аллоҳга сидқидил бўлди, Аллоҳ уни тасдиқлади»

1108 14:50 01.10.2019

Ихлос аҳли билан улфат бўлиш

343 23:05 27.09.2019

Ихлосни пайдо қилувчи амаллар

803 23:05 26.09.2019

Ихлоснинг самаралари. Жамиятнинг ёмонликлардан халос бўлиши ва ҳаётнинг тўғри йўлга тушиши.

275 23:05 25.09.2019
« Орқага