Ихлос ҳақиқати. Одамлар муҳаббатини яхши кўриш

23:00 09.09.2019 243

Мусулмон киши учун одамлар уни яхши кўришлари ва яқин бўлишларини хуш кўришида хараж йўқдир. Яхши кўриш ва яхши кўрилиш инсон фитратида бор нарса. Бошқа тарафдан у одамлар, айниқса, яхши инсонлар уни яхши кўришларини Аллоҳ таборака ва таолонинг яхши кўришига далил деб умид қилади. Зеро, бандалари қалбига ўша инсонга нисбатан муҳаббат солган, унинг ёмонлигини беркитиб, яхшилигини ошкор қилган зот Аллоҳдир. Аллоҳ бундай марҳамат қилган: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Раҳмон муҳаббат пайдо қилур” (Марям, 96). У банда оятда зикр қилинганлардан бўлишни умид қилади. Албатта, Аллоҳ бирор бандага муҳаббат қилса, уни бандалари қалбига ҳам солиб қўяди. Бу ҳақида Расулуллоҳ солллаллоҳу алйҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ бир бандага муҳаббат қилса, Жаброилни чақиради ва: “Мен фалончига муҳаббат қилдим, сен ҳам унга муҳаббат қил”, дейди. Шунда Жаброил унга муҳаббат қилади ва осмон аҳлига: “Аллоҳ фалончига муҳаббат қилди, сизлар ҳам унга муҳаббат қилинглар”, деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам унга муҳаббат қилади. Сўнгра ер аҳлига ўша бандага нисбатан илиқлик пайдо қилинади” (Бухорий ривояти).

Аммо бу мақомдан юксакроғи бу банданинг асосий ғами пок бўлган зот Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилиги бўлиб, халқ ундан розими ёки норозими, яхши кўрадими ёки ёмон кўрадими, фарқи бўлмаслигидир. Бу ҳақида шоир бундай деган:

Тупроқ устидаги барча нарса турпоқдир гар сенда бўлса,

Рабга нисбатан саҳиҳ муҳаббат, бас, қолган барчаси арзимасдир.

Банданинг қалби баъзи одамларга муҳаббат ила боғланган бўлса ҳам, бунинг сабаби улар Аллоҳнинг маҳбублари бўлганлари учундир. Аллоҳ уларни ўз оятида бундай васф қилган: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ, албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради” (Моида, 54)

Ҳадисдаги дуода бундай дейилган: “Аллоҳим! Сендан муҳаббатингни ва Сен муҳаббат қилганларнинг муҳаббатини сўрайман”.

"Ният ва ихлос" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!