Ихлос – ҳаёт мезони

17:40 08.11.2018 233

Ҳаётда қоқилмай яшаш учун, аввало, билим ва унга амал қилиш зарур. Билим ва амал энг аввал ихлосга таянади. Усиз мақсадга етиш қийин. Ихлос нима? Ихлос холис қилиш, ҳаётнинг турли паст-баландликларида имконсиз деб қаралган нарсаларга ишонишдир.

Ихлос кўнгил деразаси қиясидаги майин шамолда титраб турган парга ўхшайди. Кўнгил ҳар дам унинг учиб кетишидан хавотирда. Шундай бўлгани учун ҳам билганларимиз қадар амал қилаётганимизда ихлосдан бир сония ҳам диққатимизни айирмаслигимиз зарур. Чунки ихлос билан кечаётган умримиз мазмунли, ҳаракатларимиз самарали, охиримиз хайрли бўлади.

Инсон ҳамиша ихлосга муҳтож. Уйда, эр-хотин муносабатларидаги хотиржамликнинг ҳам кўзга кўринмас манбаи – ихлос. Оила ҳаётида ҳақсизлик қилишдан қўрқиб, ҳар бир ишга ҳақ назари билан ёндошилса ва бунга фаровон турмуш учун эмас, энг аввало, Аллоҳнинг ризоси учун деб қаралса, муаммолар барҳам топади. Аммо бизда бунинг акси: амалларимиз таъмали: «Намоз ўқисак, уйга барака киради», «Садақа қилдим, камбағал бўлмаймиз», «Боламни яхши тарбия қилсам, эртага ўзимга яхши...» Ҳар бир хатти-ҳаракатимиз эрдан қўрқиб ёки аёлнинг хархашаларига жавоб тариқасида ёки бошқа сабаб билан қилинади. Аслида ихлос ниятларни жонлантирувчи, ахлоқни ҳаракатга келтирувчидир. Феъл-атворимиз ихлосга туташар экан, кўплаб яхшиликларга замин яралади.

Умр йўлдоши тасодифан танланмайди. Бу – Аллоҳ таолонинг иродаси. Эр-хотинлик дунё ҳаётидаги энг катта «синов дастури». Унда «Оила учун нималар зарур?», «Эрнинг вазифаси», «Ҳалол луқма», «Аҳли оиланинг ҳаққи», «Хотиннинг бурчлари», «Она бўлиш масъулияти», «Фарзанд тарбияси», «Рўзғорнинг ҳалол тутуми»га оид сўровномалар мавжуд. Уларни тўғри, мукаммал тўлдириш ва амалга оширишда ихлос энг катта ёрдамчи бўлади.

Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада мусулмонлар сифатини келтириб, бундай дейди: «Улар: «Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!» – дейдиган кишилардир» ("Фурқон", 74).

Аллоҳ таоло бизларга ато этган покиза неъмат, ҳаётимизни қувончу ташвишларга тўлдирган болаларимиз ҳам имтиҳон. Тарбиялаган фарзандимиз берилган омонатга муносабатимизни, вазифамизни қай даражада уддалаганимизни кўрсатади. Бу вазифа ҳам фақат имон ва ихлос билан уддаланади!

Яшаётган ҳар кунимиз, чекаётган ҳар заҳматимиз имон, ибодат даричасидан боққанимиздагина мазмун, моҳият касб этади. Икки оламда ҳам устунлик тақво ва ихлос эгалариники. Тақво – Аллоҳ таоло буюрганидай, бандалик масъулиятини чуқур идрок қилган ҳолда яшаш. Оила ҳаётидаги ихлос эса турли муаммоларни ҳал этиш ва оила аъзолари ўртасидаги ҳақсизликни тўғри бартараф қилиш йўлларини белгиловчи мезондир.

Зебунисо Ҳусайн қизи

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!