Аҳли ирфон

Ихлосли бўлиш машаққатли иш (Ният ва ихлос)

917

Мусулмон дўстим! Сен ихлосни амалга ошириш енгил иш, хоҳлаган инсон бунга эриша олади, озгина тиришиш ила ихлосни ҳосил қилса бўлади деб асло ҳисобламагин. Чунки бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган хомхаёлдир. Аслида ихлос енгил иш эмас, пўстни кўриб, мағизни кўрмаётган баъзилар эса уни осон иш деб ўйлайдилар. Аллоҳ томон йўл олганлардан бўлган орифлар Аллоҳ осон қилиб қўймаса, ихлос ўта қийин, инсонларнинг нафсига машаққатли эканлигини таъкидлаганлар. Бунинг сабаби – юқорида айтиб ўтганимиздек – ихлос икки нарсани ўз ичига олишидир: ниятни доимо тўғри қилиш ва уни турли ғаразлардан доимо сақлаш. Ниятни доимо тўғри қилиш муҳим нарсадир, инсон ҳар бир амални автоматик равишда бажариши ила бу амалга ошмайди. Бунда ниятни ҳозир қилиб, Аллоҳга йўналтириб туриш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Амаллар ниятларга биноандир” ва яна: “Инсонлар ниятлари асосида қиёмат кунида қайта тирилтириладилар”, деб айтганлар.

Ибн Абу Дунё узилган санад ила Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Нияти йўқнинг савоби йўқ. Аллоҳни кўзлаб амал қилмаганнинг савоби йўқ”.

Яҳё ибн Абу Касир айтадилар: “Ниятни ўрганинг, у амалдан кўра муҳимроқдир”.

Суфёни Саврий айтадилар: “Ниятдан оғирроқ нарсани даволаганим йўқ, зеро, у менга қарши курашади”.

Зубайд ал-Ямоний айтадилар: “Мен ҳар бир нарсада ниятим бўлишини яхши кўраман, ҳатто ейиш-ичишда ҳам”.

У киши яна: “Яхшилик деб билган ҳар нарсангда ният қил, ҳатто кўча супуришга чиқсанг ҳам”, деб айтганлар.

Довуд Тоий айтадилар: “Яхшиликнинг ҳаммасини кўрдим, уларнинг барчаси яхши ният жамлашини кўрдим. Агар яхши амални бажара олмай қолсангиз ҳам, яхши ният сизга кифоя қилади”.

Муторриф ибн Абдуллоҳ айтадилар: “Қалбнинг солиҳ бўлиши амалнинг солиҳ бўлиши билан бўлади, амалнинг солиҳ бўлиши ниятнинг солиҳ бўлиши билан бўлади”.

Юсуф ибн Асбат айтадилар: “Ниятни бузилишидан асраш амалда тиришишдан кўра шиддатлироқдир”.

У киши яна: “Ният ила Аллоҳни бошқа бутун борлиқдан устун қўйиб, У Зотнинг розилигини исташ Аллоҳ йўлида курашишдан афзалроқ”.

Нофеъ ибн Жубайрга: ”Жанозага қатнашмайсанми?” дейилди. У: “Ният қилиб олгунимча сабр қила оласанми?” деди ва озгинадан кейин ҳалиги инсонга: “Энди гапир”, деди.

Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: “Эҳтимолки, кичик амални ният катта амалга айлантирар, эҳтимолки, катта амални ният кичик амалга айлантирар”.

Фузайл ибн Иёз: “Аллоҳ сендан ниятинг ва мақсадингни ирода қилади”, деганлар.

Баъзи салафлар айтганлар: “Кимни ўз амали комил бўлиши хурсанд қилса, ниятини гўзал қилсин. Албатта, Аллоҳ банданинг нияти гўзал бўлса, унга ажр беради, агар амали бир луқма ютишлик бўлса ҳам”.

Суфёни Саврий ихлосли кишилар ҳақида: “Амални ўрганганларидек, ниятни амал учун ўрганар эдилар”, деганлар.

Баъзи олимлар айтганлар: “Амалдан олдин амал учун ниятни талаб қил, токи яхшиликни ният қилар экансан, сен яхшиликдадирсан”.

Аллоҳнинг розилигини топиш умидида бўлган бир киши олимларнинг биридан сўрабди: “Менга шундай бир амални ўргатингки, ўша амални бажаришдан тўхтамай, чунки мен кеча ё кундуз қиёмат бўлиб қолса, Аллоҳ рози бўладиган амални бажара туриб қиёматни кутиб олишни яхши кўраман”. Шунда унга айтилибди: “Мен сени тушундим, қўлингдан келганича яхшилик қил, агар ўша амалдан тўхтасанг, яхши амал қилишни ният қилиб тур, зеро, амални ният қилувчи амални бажарувчи кабидир”.

Нафсни ошкора ва махфий ҳою ҳаваслардан холи қилиш, ниятни шахсий ва дунёвий мақсад ва рағбатлардан поклаш нафсга қанчалар ҳам машаққатли ва оғирдир! Бу худбинлик, ўзини яхши кўриш, дунёни яхши кўриш устидан ғалаба ва нафсни дунёвий истак ва ғаразлардан маҳрум этишдир. Бу ҳолат – агар билсангиз – улуғ нарсадир! Шу сабабли бу нарса нафсга қарши шиддатли тиришиш, шайтоннинг нафсга кириш йўлларини доимо кузатиб туриш, нафсни ахлоқсизлик, риё, обрў-эътиборни суйиш ва шахсий манфаатларни устун қўйиш каби омилларидан поклашга катта эҳтиёж сезади. Ушбу омиллар инсон зоти устидан ҳукмронлик қилувчи ва башариятнинг нафсига таъсир ўтказувчи омиллардир.

Раббонийлардан бўлмиш Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий инсон нафси учун энг шиддатли нарса нималиги сўралганда: “Ихлос, чунки нафснинг ихлосда ҳеч қандай насибаси йўқ”, деб жавоб берган эканлар.

Бир ориф киши: “Ниятни холис қилиш амал қилувчилар учун барча амаллардан кўра қийинроқдир”, деган эканлар.

Яна бир киши муболаға қилиб: “Аллоҳнинг розилигидан бошқа ҳеч нарсани ният қилмасдан туриб бирор қадам ташлай олган инсонга жаннат бўлсин”, деган эканлар.

Юсуф ибн Ҳусайн ар-Розий айтганлар: “Дунёдаги энг азиз нарса ихлосдир, қалбимдан риёни туширишга қанчалар тиришдим, аммо у ҳар гал янги кўринишда қайта ўсиб чиқаётгандай”.

Яна уламолардан бири: “Бир лаҳза ихлос қилишда абадий нажот бор, аммо ўша бир лаҳзалик ихлос нажотдан ҳам азизроқдир!” деган эканлар.

Бу нарса амал қилувчилар устидан нафс ёмонликлари ғолиб келиши, ҳою ҳаваслардан қутилиш қийинлигидандир. Шунинг учун Қуръон мунофиқларни нифоқдан халос бўлишга ва мўминлар қаторига киришга буюрган, яъни динни Аллоҳга холис қилишга буюрган: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан. Магар тавба қилиб, солиҳ амаллар қилган, Аллоҳни маҳкам ушлаган ва Аллоҳ учун динга ихлос қўйганлар – ана ўшалар мўминлар ила биргадирлар. Аллоҳ, албатта, мўминларга улуғ ажр берур” (Нисо сураси, 145-146-оятлар). Оятда тавба, ислоҳ, Аллоҳни маҳкам ушлаш токи холислик бўлмагунича кифоя қилмаслиги таъкидланган.

Умар розияллоҳу анҳу доимо айтардилар: “Аллоҳим! Амалимнинг барчасини солиҳ қил, уни холис ўзинг учун қил, ҳеч кимга амалимда насиба қилма”.

Муторриф ибн Абдуллоҳ бундай дуо қилардилар: “Аллоҳим! Сенга тавба қилиб, сўнгра яна қилиб қўйган амалимдан истиғфор айтаман. Сен учун қиламан деб ният қилиб, сўнгра бажармаган амалимдан Сенга истиғфор айтаман. Холис Сен учун деб ният қилган ҳолимда Ўзинг билган бирор нарса қалбимга келганидан Сенга истиғфор айтаман”.

Муҳаммад ибн Саъийд ал Марвазий айтганлар: “Ҳар бир иш икки аслга қайтади: Улуғ Аллоҳнинг сенга қилган иши, сени У зот учун қилган ишинг. У зотнинг сенга қилган ишида сендан талаб қилинадиган нарса Унинг ишларидан буткул рози бўлишинг. Сени У зот учун қилган ишингда сендан талаб қилинадиган нарса амалинга Унга холис бўлишинг. Агар сен шу икки нарса ила саодатманд бўлган бўлсанг, демак, сен икки дунёда саодатманд бўлибсан”.

Гоҳида баъзи инсонларни кўриб, уларни Ислом учун жўшиб, сидқидилдан ҳаракат қиляпти деб гумон қиласан, ҳатто уларнинг ўзи ҳам гоҳида шундай гумонда бўлади. Аммо уларнинг қалбини тафтиш қилиб, ниятларининг ҳақиқатини очсанг, аслида дунё учун ҳаракат қилаётган бўлади, агарда бошқалар уларни (гоҳида ўзлари ҳам) Робби учун амал қилмоқда деб ўйласалар ҳам!

Албатта, Аллоҳ Ўзининг розилигидан бошқа нарса кирган қалбни, Ўзининг розилигидан бошқа нарса учун қилинган амални қабул қилмайди. У зот фақатгина холис Ўзи учун бўлган нарсанигина қабул қилади.

Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Ният ва ихлос" китоби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ниятнинг аҳамияти ва ихлоснинг татбиқ қилиниши (Ният ва ихлос)

617 18:00 01.11.2019

Аллоҳ кимга ёрдам беради?

1081 23:05 24.09.2019

Ихлоснинг самаралари: Нусрат ва илоҳий қўллаш

497 22:00 23.09.2019

Ихлос руҳий қувват берадими?

539 22:00 19.09.2019

Исломга чақирувчилар учун ихлоснинг зарур эканлиги

473 23:05 10.09.2019

Даъватчилар ва олимлар учун ихлоснинг аҳамияти (Ният ва ихлос)

469 23:55 21.08.2019
« Орқага