Аҳли ирфон

Ихлосни пайдо қилувчи амаллар

1127

Шундай амаллар борки, улар ниятни холис қилишда кўмак беради. Улар нафсий чорловчилар, руҳий қўзғатувчилар, фикрий омиллар ва амалий томонлардир. Бу нарсалар кўпайиб борганда ва мустаҳкам бўлганда, аниқки, Аллоҳ томон йўналган одамнинг ақли ва қалбига ўз таъсирини ўтказади, уни мухлис бандаларнинг олдинги қаторларига олиб ўтади, ўз нафсини озод қилишда ва амалга чорловчи ҳисларини турли дунёвий ва шахсий ғаразлардан поклашда ёрдам беради.

1. Пухта диний илм

Ихлосга чорловчи амаллардан бири, бу – ихлоснинг аҳамияти ва диний заруриятини, дунё ва охиратдаги самараларини, Аллоҳ кишининг қалбидаги нарсалардан хабардор эканлигини ва У махфий ва ошкора нарсаларни билиши каби ҳақиқатларни англатувчи илмга эга бўлишдир. Иброҳим алайҳиссалом айтганларидек: “Эй Роббимиз, албатта, Сенинг Ўзинг махфий тутган нарсамизни ҳам, ошкор қилган нарсамизни ҳам яхши биласан. Аллоҳ учун на ердаю на осмонда бирор нарса махфий қолмас” (Иброҳим 38).

Бундай билим фақатгина қуйидаги нарсаларни амалга оширгач тугал бўлади: 

1. Ихлос ҳақида келган оятлар, ҳадислар ҳамда солиҳ уламоларнинг сўзларини ўқиш ва такрорлаб туриш.

2. Риё, обрў, устунлик ва мол-дунёни яхши кўриш хатарли эканини шубҳасиз даражада билиш.

3. Ушбу ҳақиқатлар унинг нафсида ўрнашиши.

Бу билимларнинг пухталиги унга ҳавою нафси ва дунёвий шаҳватларидан халос бўлишга ёрдам беради.

Албатта ихлос мақоми бошқа мақомлар ёки раббоний хулқлар каби уч бўлимдан иборатдир:

1. Билиш, идрок қилиш бўлими.

2. Руҳий, виждоний бўлим.

3. Амалий, иродага боғлиқ бўлим.

Имом Ғаззолий “Иҳё”да бу нарсани илм, руҳий ҳолат ва амалдан иборат мураккаб аралашма деб атаганлар.

Бу бўлимларнинг аввалгиси илм ва маърифат бўлимидир. Инсон ўзи билмаган, идрок қилмаган бирор нарсага ҳеч қанақасига юзлана олмайди. Муҳаббат, рағбат ва ғазаб қилиш, чўчиш каби руҳий ҳолатлар фақатгина маърифат ҳосил қилиш ва идрок этишнинг натижасида юзага келади. Маърифат кучайиб борган, илм пухталашиб борган сари инсон “яқийн” илмга эришади (шубҳа ва иккиланишлардан ҳолий бўлган мустаҳкам илм) ва бу илмнинг виждонга таъсир ўтказиши қувватли ва чуқурроқ бўлади.

Киши аввало билади, кейин ҳис қилади, кейин ҳаракат қилиб амал қилади. Мана шу нарсага Аллоҳнинг қуйидаги ояти ишора қилади: “Илм берилганлар у (Қуръон) Роббингдан келган ҳақ эканини билишлари, (билгач) унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши  учундир. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир” (Ҳаж 54).

Илм берилганлар Қуръон Аллоҳ тарафидан бўлган ҳақ эканлигини биладилар. Сўнгра шу билимларига асосан иймон вужудга келади. Сўнгра шу иймонга асосан қалблари Аллоҳ таолога итоат ва хушуъ ила ҳаракатга келади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Дўсту биродарларга нима дейиш керак?

1421 08:20 10.01.2020

Ниятнинг аҳамияти ва ихлоснинг татбиқ қилиниши (Ният ва ихлос)

777 18:00 01.11.2019

Ихлос қаердан келади?

1174 23:05 04.10.2019

Нафсни енгишнинг йўллари

1258 23:05 03.10.2019

«Аллоҳга сидқидил бўлди, Аллоҳ уни тасдиқлади»

1310 14:50 01.10.2019

Ихлос аҳли билан улфат бўлиш

482 23:05 27.09.2019
« Орқага