Аҳли ирфон

Ниятнинг аҳамияти ва ихлоснинг татбиқ қилиниши (Ният ва ихлос)

581

Қуръонда ниятнинг аҳамияти

Қуръон бандага шарт қилинган холис ниятни турли хил номлайди: охиратни ирода қилиш, Аллоҳнинг юзини ирода қилиш, У Зотнинг юзини мақсад қилиш ёки розилигини мақсад қилиш.

Аллоҳ айтади: “Сизлардан дунёни ирода қилувчилар бор ва сизлардан охиратни ирода қилувчилар бор” (Оли Имрон сураси, 152-оят) .

"Кимки дунё савобини ирода қилса ундан берурмиз ва кимки охират савобини ирода қилса ундан берурмиз” (Оли Имрон сураси,145-оят)

Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини (унинг ажру-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу (дунёда) қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган барча амаллари бефойдадир” (Ҳуд сураси, 15-16-оятлар).

Бундай инсонлар дунё қулларидир, улар иродалари ва ҳаракатларининг барчасини дунё учун қиладилар. (Ёки қисман дунё учун, қисман Аллоҳ учун қиладилар. Албатта бу холислик эмас, зеро дунё учун ҳаракат қилишлик ҳам Аллоҳ буюрганидек У Зотнинг розилигини топадиган кўринишда бўлиши керак. Таржимон).

Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қиилиб берурмиз. Сўнгра (охиратда) у мазаммат - маломатга ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз.

Ким охиратни истаса ва мўъмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй - ҳаракат қилса, бас, ундай кишиларни саъйлари (Аллоҳ ҳузурида) қабул бўлур” (Исро сураси, 18-19-оят).

Оят инсонларни икки тоифага бўлмоқда:

1. Нақдни, яъни дунёни хоҳловчи. Уни дунёдан бошқа мўлжали йўқ ва борар жойи оятда зикр қилинганидек жаҳаннамдир.

2. Охиратни хоҳловчи, уни Аллоҳдан бошқа мўлжали йўқ ва шунга ҳаракат қилмоқда, унинг борар жойи оятда зикр қилинган жой. Демак, охиратдаги ҳисоб - китоб “ирода” ва “ирода қилинган нарса”га боғлиқ, бас нимани ирода ва қасд қилишингни айтсанг, мен сенга борар жойингни айтаман.

Ушбу маъно Қуръонда кўп такрорланади:

Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас” (Шўро сураси, 20-оят).

Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма” (Анъом сураси, 52-оят).

Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар, бир неча баробар қилиб олгувчилардир” (Рум сураси, 39-оят).

Ва албатта, ундан тақводор банда четда қолади. У бойлигини сарфлайди ва ўзини поклайди. Унда бирор кишининг қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди. Фақатгина олий мақом Роббисининг розилигини истаб қилади. Ва у албатта тезда рози бўлади” (Лайл сураси, 17-21-оятлар).

Қилган нафақангиз, фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир” (Бақара сураси, 272-оят).

Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшарлар. Унга қаттиқ ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради. Агар қаттиқ ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади. Ва Аллоҳ қилаётганларингизни кўриб турувчи зотдир” (Бақара сураси, 265-оят).

Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз” (Нисо сураси, 114-оят).

Шу ерда бир нарсага эътибор қаратмоқчиман: Буюк Аллоҳни ирода қилиш ва охиратни ирода қилиш орасида зиддият йўқ, бу нарса икки хил нарсани ирода қилиш эмас. Аллоҳнинг: “сизлардан дунёни ирода қиладиганлар бор ва сизлардан охиратни ирода қиладиганлар бор” оятига қўшимча қилиб: “Аллоҳни ирода қиладиганлар қани энди?” дейдиган инсоннинг гапида маъно йўқдир. Чунки охиратни ирода қилувчилар Аллоҳдан бошқани ирода қилмайдилар, охиратни ирода қилиш бу Аллоҳнинг савоб беришини ва розилигини ирода қилиш ва У Зотнинг ҳузуридагига умид қилиш. Мухлис инсон жаннатни умид қилиб дўзахдан қўрққани учун айбланмайди. Қуръон Набийлар ва солиҳларни ражо ва хавф, рағбат ва қўрқиш ила васф қилган, бас Қуръоннинг олдидан ўтувчи ҳеч қандай баён йўқ.

Жаннат фақатгина ҳиссий неъматлар уйи эмас, балки у улуғ розилик ва олий Аллоҳнинг юзига назар солиш уйидир: “Унда юзлар яшнаб Роббиларига боқиб тургувчидир!” (Қиёмат сураси, 22-23).  Аммо кофирлар Роббиларидан ўша куни тўсиладилар ва бу тўсилиш энг қаттиқ азобдир.

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Хайрулла Ҳамидов шеъри: Бадниятлар

2490 07:00 17.09.2019

Даъватчилар ва олимлар учун ихлоснинг аҳамияти (Ният ва ихлос)

465 23:55 21.08.2019

Ихлосли бўлиш машаққатли иш (Ният ва ихлос)

897 00:00 20.08.2019

Фосид ният ила масжид қуриш

700 23:40 15.08.2019

Ниятнинг холислиги амал қабул бўлишининг асосидир

390 23:55 14.08.2019
« Орқага