Ихлоснинг Аллоҳ томон йўналганларга зарур эканлиги (Ният ва ихлос)

23:05 11.07.2019 253

Руҳий тарбия олимлари ва Аллоҳга йўл тутган аҳллардан бўлган раббонийлар охират амалларидан ҳар бир амалга ва Аллоҳга йўналганларнинг ҳар бирига ихлос аҳамиятли ва зарур эканлигига ижмо қилганлар. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий ўзларининг “Иҳё” китобларидаги “Нажотга эриштирувчилар” бобининг тўртдан бир қисмини эгаллаган “Ният, Ихлос, Сидқидиллик” китобининг муқаддимасида бундай дейдилар: “Бахту саодатга фақатгина илм ва ибодат орқали етишиш мумкинлиги иймон басираси ва Қуръон нурлари ила қалб илми арбобларига аён бўлган. Инсонларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган илло олимлари, олимларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган илло илмига амал қилганлари, амал қилганларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган илло ихлос қилганлари, ихлос қилганлари эса буюк хатар устидадирлар (Зеро улар амалларини Аллоҳ қабул қиладими йўқми билмайдилар. Улар ихлосли бўлсалар ҳам “ихлосли бўла олмаяпман” деб қўрқиб турадилар. Таржимон).  

Ниятсиз амал қуруқ чарчоқликдир, ихлоссиз ният риёдир, мунофиқ бўлиб қолишга кифоя қилувчидир, исён ила баробардир, сидқидилликсиз ва амалга татбиқ қилишсиз бўлган ихлос учиб юрувчи чанг тўзондир. Улуғ Аллоҳ Ўзидан бошқани ирода қилиб қилинган амални доғ тушган, кўмилиб кетган нарса деган: “Ва қилган амалларига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборурмиз” (Фурқонсураси, 23-оят).

Орифи раббоний Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳ имом Ғаззолий айтганидек айтган эди: “Инсонлар ҳаммалари мастдурлар илло олимлар, олимлар ҳаммалари довдираб қолгандирлар, илло илмига амал қилганлари”.

Яна бир жойда у киши: “Дунё жоҳиллик ва ўлимдир илло илм мустасно, илм ҳужжатдир (яъни ўз соҳиби зарарига) илло унга амал қилиш унинг фойдасигадир, амалнинг ҳаммаси чанг тўзондир илло ихлос, ихлос эса буюк хатардадир токи қабул бўлгунича”.

Баъзилар айтадилар: “Илм уруғ, амал экиндир унинг суви ихлосдир”.

Ибн Атоуллоҳ ўз “Ҳикматлар”ида шундай дейди: “Аллоҳ ғараз аралашган амални суймайди, ғараз аралашган қалбни ҳам. Ғараз аралашган амални У Зот қабул қилмайди. Ғараз аралашган қалб У Зотга яқинлаша олмайди. Ихлоссиз бўлган илм ҳаётсиз суратдир, руҳсиз жасаддир. Улуғ Аллоҳ амалларнинг ҳақиқатларини талаб қилади, расмлари ёки суратларини эмас. Шунинг учун ҳам У Зот ҳудди қулфуруш соҳта қулларни қайтарганидек соҳта амалларни қайтариб юборади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ суратларингизга қарамайди балки қалбларингизга қарайди”, дедилар (Муслим ривояти).

Яна бир ҳадисда қўллари ила қалбларига ишора қилиб: “Тақво бу ердадир”  дедилар ва кўкракларига уч маротаба ишора қилдилар” (Муслим ривояти).

Улуғ Аллоҳ ҳаж қилувчи ва умра қилувчилар тақдим қиладиган қурбонлик учун аталган ҳайвонлар ҳақида бундай марҳамат қилади: “Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин У Зотга сиздан тақво етадир” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Ният ва ихлос" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!