Ихлоснинг фазли ва риёнинг хатари

22:05 23.08.2019 273

1. Ният ва ихлоснинг фазли

Қуръон ва суннатда ният ва ихлоснинг диндаги ўрни ва фазилати ҳақида кўплаб сўз юритилгани ажабланарли эмас. Аллоҳ Ўз Китобининг кўп сураларида, хусусан, Маккада нозил бўлган сураларда ихлосга буюриб, унга чақирган, чунки маккий суралар Аллоҳнинг бирлигини таъкидлаш, ақидани соғлом қилиш ва Аллоҳга юзланишда истиқоматда бўлишга тааллуқлидир. Аллоҳ Ўз Расулига айтади: “Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир” (Зумар, 1).

Аллоҳ яна айтади: “Сен: “Динимни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳгагина ибодат қилурман. Бас, сизлар ундан ўзга нимани хоҳласангиз, ўшанга ибодат қилаверинглар”, деб айт” (Зумар, 14-15).   

Аллоҳ айтади: “Сен: “Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман”, деб айт” (Аъроф, 161-162).

Аллоҳ айтади: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри миллатнинг динидир” (Баййина, 5).

Аллоҳ айтади: “Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми!? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди” (Нисо, 125).

Аллоҳ айтади: “Сен: “Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин”, дегин” (Каҳф, 110).

Биз Қуръонда ният ва ихлосни турли сийғаларда зикр қилинганини баён қилдик, масалан, охиратни ирода қилиш, Аллоҳнинг юзини ирода қилиш, Унинг розилигини қасд қилиш. Ва Аллоҳнинг Китобидан бунга далолат қилувчи нарсаларни зикр қилиб ўтдик. Гоҳида “Аллоҳ йўлида” деган ибора ҳам ишлатилади. Бу ибора асосан инфоқ-эҳсонда, Аллоҳ учун тиришишда ишлатилади. Ҳадисда Аллоҳ йўлида тиришиш – бу банданинг ягона мақсади Аллоҳнинг дини олий бўлиши учун бўлгандагина ҳақиқий тиришиш бўлиши келган. Инфоқ-эҳсонда ҳам шундай ҳолат.

Қуръон амаллари ила фақатгина Аллоҳнинг юзини истайдиганлар, розилигини хоҳлайдиганлар, одамларнинг мақтовлари кетидан югирмайдиганларни қанчалар ҳам мақтаган. Улар шундай яхши инсонларки, Аллоҳ розилиги учун одамларга таом берадилар ва бунинг эвазига ҳеч кимдан мукофот, ташаккур кутмайдилар. Аллоҳ улар ҳақида бундай марҳамат қилган: “Албатта, яхшилар каафур аралаштирилган қадаҳдан ичарлар” (каафур ичимликни хушбўй ва хуштаъм қилувчи модда бўлиб, араблар у аралашган шаробни энг яхши шароб ҳисоблашади).

Бир булоқданки, ундан Аллоҳнинг бандалари отилтириб ичарлар.

Улар назрга вафо қиларлар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган кундан қўрқарлар.

Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирга берарлар.

(Аброрларнинг хислати нима экан!? Улар ҳаттоки ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар).

“Албатта, Биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламасмиз.

Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз” (дерлар) (Инсон, 5-10).

Яна Аллоҳ йўлида инфоқ қилувчилар ҳақида бундай марҳамат қилган: “Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшарлар. Унга қаттиқ ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради. Агар қаттиқ ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади. Ва Аллоҳ қилаётганларингизни кўриб турувчи Зотдир” (Бақара, 265).

Улар шундай инсонларки, Аллоҳ Ўзининг охирги Расули, бандаларининг энг софини улар билан биргаликда сабр қилишга, улардан кўзини буриб ёруғликни кетказувчи ялтир-юлтир нарсалар эгаларига қаратмасликка буюрган: “Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилма” (Каҳф, 28).

Улардан ақл эгалари, Аллоҳга берган аҳдларига вафодор ҳолларида йўлнинг узоқлигига, босиб ўтишнинг озорларига сабр қилганлар, сабрлари Аллоҳ розилиги учун бўлган. Одамлар мақтовини истаб, маломатларидан қўрқиб, дунё кетидан қувлаб эмас. Шунинг учун Аллоҳ уларни мадҳ қилган: “Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир” (Раъд, 22).

Амални бажаришинг муҳим эмас, муҳими, у ила Аллоҳнинг розилигини исташингдир. Шу нарса ила сен амалинг қабул бўлишининг ва охиратдаги савобнинг  кафиллигини оласан. Аллоҳ айтади: “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз” (Нисо,114).

Биз қуйида зикр қиладиган ҳадисларимизда ҳам Аллоҳ учун яхши кўрмоқ, Аллоҳ учун ёмон кўрмоқ, Аллоҳ учун бермоқ, Аллоҳ учун бермасликка тарғиб бор. Буларнинг ҳаммаси ихлоснинг кўриниши ва маъносидир. 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун бермаса, аниқки, иймонини комил қилибди”, дедилар”.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда уч нарса бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули у учун бошқа ҳаммадан суюклироқ бўлса, бирор кишига муҳаббат қилганда фақат Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ уни куфрдан қутқаргач, унга қайтишни худди оловга ташланишдек ёмон кўрса”, дедилар (Бухорий ривояти).  

Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Баро розияллоҳу анҳумлардан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: “Иймоннинг энг ишончли ришталари: Аллоҳ учун дўстлик, Аллоҳ учун душманлик, Аллоҳ учун яхши кўриш, Аллоҳ учун ёмон кўришдир”.

Убода ибн Собитдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Аллоҳ айтади: “Мен учун ўзаро муҳаббат қилганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро боғланганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро насиҳатлашганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро зиёратлашганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро бир-бирлари учун тиришганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди. Мен учун ўзаро муҳаббат қилганлар нурдан бўлган минбарларда бўладилар, уларнинг ўринларига набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ҳавас қиладилар”. 

Шунингдек, одамлар кўзидан четда бўлиб, инсонлар жамиятида эътиборли ўрин тутмайдиган, таниқлилик ва шуҳрат эгаси бўлмаган ихлосли бандалар ҳақида ҳам ҳадислар келган.

Имом Муслимнинг саҳиҳларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бўлиши мумкинки, сочи тўзғиган, эшиклардан ҳайдалган инсон Аллоҳ номи ила қасам ичса, Аллоҳ уни устун қилиб қўяди”. Ҳоким ривоятида эса: “Бўлиши мумкинки, сочи тўзғиган, чанг босган, йиртиқ-ямоқ кийган, одамлар эътиборидан четда бўлган инсон Аллоҳ номи ила қасам ичса, Аллоҳ уни устун қилиб қўйади”.

Имом Бухорийнинг китобларида Саҳл ибн Саъддан қуйидагича ривоят қилинади: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан ўтди, шунда ҳузурларида ўтирган кишидан: “Бу одам ҳақида нима дейсан?” деб сўрадилар. Шунда у: “Бу одам инсонларнинг энг шарафлиларидан, Аллоҳга қасамки, совчи қўйса, никоҳ битади, орага тушса, иш битади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар. Сўнгра яна бир киши ўтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу одам ҳақида нима дейсан?” дедилар. Шунда у: “Ё Расулуллоҳ бу одам мусулмонларнинг бир фақир кишиси, агар совчи қўйса, никоҳ битмайди, орага тушса, иш битмайди, гапирса, гапига қулоқ солинмайди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шу одам ҳалиги одамга ўхшаганлардан ер юзи тўла бўлса ҳам, улардан яхшироқдир”, деб марҳамат қилдилар.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан шундай инсонлар борки, бирортангизнинг олдига келиб дирҳам сўраса бермайди, бирортангизнинг олдига келиб динор сўраса бермайди, бирортангизнинг олдига келиб танга сўраса бермайди. Агар у Аллоҳдан жаннатни сўраса, Аллоҳ унга жаннатни, албатта, беради”, дедилар.

Ихлос ҳақида келган асарлардан яна бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо розияллоҳу анҳуга юборган хатларида: “Кимнинг нияти Аллоҳ учун холис бўлса, Аллоҳ у билан инсонлар орасидагига кифоя қилади”, деб ёзилган.

Муторриф раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Ким ниятини соф қилса, софлик кўради. Ким ниятини аралаштириб нопок қилса, нопоклик кўради”.

Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ ўз нафсларини койиб: “Эй нафс холис бўл, (азобдан) халос бўласан”, дер эдилар.

Бир солиҳ инсон ўз биродарига бундай ёзган экан: “Амалингда ниятингни холис қил, шунда сенга оз амал ҳам кифоя қилади”.

Жунайд раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар ақл юргиздилар, ақл юргизгач амал қилдилар, амал қилгач ихлосли бўлдилар. Бас ихлос уларни яхшиликнинг барча эшикларига олиб борди”, деганлар.

Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Ният ва ихлос" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!